Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Матто 7:1-29

7  Ҳукмга дучор бўлмаслик учун, бундан буён ҳеч кимни ҳукм қилманглар.  Чунки сизлар қай тарзда ҳукм қилсангиз, Худо ҳам сизларни шу тарзда ҳукм қилади. Сизлар бошқаларга қандай муомала қилсангиз, улар ҳам сизларга шундай муомала қилишади*.  Сен нега биродарингнинг кўзидаги чўпга қарайсан-у, ўз кўзингдаги ходани кўрмайсан?  Ўз кўзингда хода бўлатуриб, қандай қилиб биродарингга: “Кел, кўзингдаги чўпни чиқариб олай”,— дейсан?  Эй иккиюзламачи! Аввал ўз кўзингдаги ходани чиқариб ташла, ўшандагина биродарингнинг кўзидаги чўпни қандай чиқариш кераклигини кўра оласан.  Муқаддас нарсани итларга берманглар ва марваридларингизни чўчқалар олдига сочманглар, токи уларни оёғости қилиб, сўнг ўгирилиб, ўзларингизни ҳам титиб ташлашмасин.  Сўраб туринглар ва сизларга берилади, излаб туринглар ва топасизлар, тақиллатиб туринглар ва сизларга эшик очилади.  Чунки сўраганга берилади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади.  Чиндан ҳам, қай бирингиз, боласи нон сўраб келса, унга тош беради? 10  Ёки балиқ сўраса, унга илон беради? 11  Шундай экан, агар сизлар гуноҳкор бўлатуриб, болаларингизга яхши ҳадяларни бера билсангиз, самовий Отангиз ҳам Ундан сўраганларга яхши нарсаларни бериши муқаррар! 12  Хуллас, одамлар сизларга қандай муносабатда бўлишини хоҳласангиз, сизлар ҳам уларга шундай муносабатда бўлинг. Зеро Таврот қонуни ва пайғамбарлар китобларининг моҳияти шундадир. 13  Тор эшикдан киринглар, сабаби ҳалокатга олиб борадиган йўл кенг ва энли бўлиб, кўплар шу йўлдан юришади. 14  Ҳаётга олиб борадиган эшик эса танг ва йўли тордир. Бу йўлни топадиганлар оз. 15  Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар. Улар қўй қиёфасида орангизга кириб оладилар, аслида эса улар ваҳший бўрилардир. 16  Уларни ишларидан* билиб оласизлар. Ахир, қайси инсон тиканакдан узум ёки янтоқдан анжир теради? 17  Ҳар бир яхши дарахт яхши мева беради, ёмон дарахт эса ёмон мева беради. 18  Яхши дарахт ёмон мева беролмаганидек, ёмон дарахт ҳам яхши мева беролмайди. 19  Яхши мева бермайдиган ҳар бир дарахт эса чопилиб, оловга ташланади. 20  Шундай қилиб, ўша одамларни ишларидан билиб оласизлар. 21  Менга: “Ҳазратим, Ҳазратим”,— деб мурожаат қилгани билан, ҳар ким ҳам самовий Шоҳликка киролмайди, фақат осмондаги Отамнинг хоҳишини бажарган кишигина бунга эришади. 22  Ўша кунда кўпчилик менга: “Ҳазратим, Ҳазратим, ахир биз сизнинг номингиз билан башорат қилмаганмидик, сизнинг номингиз билан жинларни қувиб чиқармаганмидик ва сизнинг номингиз билан қудратли ишларни бажармаганмидик?” — дейишади. 23  Шунда мен уларга: “Сизларни ҳеч ҳам танимайман! Кетинглар ёнимдан, эй қонунбузарлар!” — деб айтаман. 24  Бинобарин, менинг сўзларимни тинглаб, уларга амал қилаётган ҳар ким, уйини қоятош устида қурган ақлли кишига ўхшайди. 25  Ёмғирлар ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсганда ҳам уй бузилмабди, чунки у қоятош устида қурилган эди-да. 26  Бироқ, менинг сўзларимни эшитиб, амал қилмаган ҳар бир киши, уйини қум устида қурган ақлсиз одамга ўхшаб қолади. 27  Ёмғирлар ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсган экан, у уй бузилиб харобага айланибди». 28  Исо сўзларини тугатганида, халойиқ унинг таълим бериш тарзига қойил қолган эди. 29  Сабаби, у уламолар сингари эмас, балки Аллоҳдан ваколат олган кишидай ўргатарди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангиз, ўзларингизга ҳам шундай ўлчов билан ўлчаб беришади».
Сўзма-сўз «меваларидан».