Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Матто 5:1-48

5  Исо халойиқни кўриб, тоққа кўтарилди. У ўтирганидан сўнг, ёнига шогирдлари келишди.  Шунда у қуйидаги сўзлар билан таълим бера бошлади:  «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар* бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир.  Қайғу-алам чекаётганлар бахтлидир, зеро уларга тасалли берилади.  Мулойим кишилар бахтлидир, чунки улар ер юзига эга бўлишади*.  Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир, боиси уларнинг бу эҳтиёжи қондирилади.  Раҳмдил бўлганлар бахтлидир, сабаби уларга раҳм-шафқат кўрсатилади.  Покдил бўлганлар бахтлидир, негаки улар Худони кўришади.  Тинчликпарварлар бахтлидир, чунки улар Тангрининг ўғиллари дейилади. 10  Одиллик учун таъқиб қилинаётганлар бахтлидир, зеро Осмон Шоҳлиги уларникидир. 11  Мен учун одамлар сизларни ҳақоратлаб, қувғин қилишса, сиз ҳақда ёлғон ва ҳар қандай ярамас сўзларни айтишса, бахтлисизлар. 12  Шод-хуррам бўлинглар, зеро осмондаги мукофотингиз буюкдир. Ахир сизлардан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғин қилинишган-ку. 13  Сизлар ернинг тузисизлар. Агар туз ўз кучини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиш мумкин? Энди у ташлаб юборилиб, оёқ остида поймол бўлишдан бошқа ҳеч нарсага ярамайди. 14  Сизлар дунёнинг нурисизлар. Тоғнинг устида жойлашган шаҳар кўринмай қолмайди. 15  Одамлар чироқни ёқишганда, уни саватнинг* тагига эмас, чироқпояга қўйишади. Шунда уйдагиларнинг ҳаммасига ёруғлик тушади. 16  Худди шундай сизларнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида порлаб турсин, токи улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни шарафлашсин. 17  Мени Таврот қонунини ҳамда пайғамбарларнинг ёзувларини бекор қилгани келган, деб ўйламанглар. Бекор қилгани эмас, амалга оширгани келганман. 18  Ишонаверинг: ҳатто осмон билан ер йўқ бўлиб кетса-да, Таврот қонунининг бир кичик ҳарфи ёки бирор белгиси ҳам ўчиб кетмайди. Унда ёзилганларнинг ҳаммаси амалга ошади. 19  Шундай экан, ким бу амрларнинг энг кичигини бузиб, бошқаларга ҳам буни ўргатса, у Осмон Шоҳлигига киришга нолойиқ бўлади*. Лекин ким бу амрларни бажариб, бошқаларга ҳам шуни ўргатса, Осмон Шоҳлигига киришга лойиқ деб топилади*. 20  Сизларга айтиб қўяй, агар одиллигингиз уламою фарзийларникидан устун бўлмаса, Осмон Шоҳлигига кирмайсизлар. 21  Қадимда яшаганларга: “Қотиллик қилма. Ким қотиллик қилса, маҳкама олдида жавоб беради”,— дейилганини эшитгансизлар. 22  Мен эса сизларга шундай дейман: кимки биродарига ғазабланиб юрса, маҳкама олдида жавоб беради. Кимки биродарини ёмон сўзлар билан камситса, Олий маҳкама олдида жавоб беради. Кимки биродарига: “Ўтакетган аҳмоқсан”,— деса, оловли жаҳаннамга* ташланади. 23  Агар ҳадянгизни қурбонгоҳга олиб келганингизда, биродарингиз сиздан хафа экани ёдингизга тушиб қолса, 24  ҳадянгизни қурбонгоҳ олдида қолдиринг-да, аввалига бориб биродарингиз билан ярашинг. Шундан сўнг келиб, ҳадянгизни бахшида этинг. 25  Даъвогар одам билан маҳкамага бораркансиз, йўл-йўлакай у билан масалани ҳал қилишга шошилинг. Тағин даъвогар сизни ҳакамга, ҳакам эса сизни ҳукмни ижро этувчига топшириб, қамоққа тушиб қолманг. 26  Сизга айтиб қўяй: қарзингизни охирги тийинигача тўламагунча, у ердан чиқмайсиз. 27  Сизлар: “Зино қилма”,— дейилганини эшитгансизлар. 28  Мен эса сизларга шуни айтаманки, аёл кишига эҳтирос билан қараган, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади. 29  Агар ўнг кўзингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса*, уни ўйиб ташланг. Чунки бутун танангиз жаҳаннамга ташланганидан кўра, аъзоларингизнинг биридан ажралганингиз яхшироқдир. 30  Шунингдек, ўнг қўлингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса*, уни чопиб ташланг. Боиси, бутун танангиз жаҳаннамга ташланганидан кўра, аъзоларингизнинг биридан ажралганингиз яхшироқдир. 31  Бундан ташқари: “Кимки хотини билан ажрашса, унга талоқ хатини ёзиб берсин”,— деб айтилган. 32  Мен эса сизларга шундай дейман: хотини билан зинодан бошқа сабабга кўра ажрашган ҳар ким унинг бевафолик қилишига сабабчи бўлади. Шунингдек, ким ажралган хотинга* уйланса, бевафолик қилган бўлади. 33  Худди шундай қадимда яшаганларга: “Қасамни бузма. Яҳова олдида ичган қасамингни бажо келтир”,— деб айтилганини эшитгансизлар. 34  Мен эса шундай дейман: умуман қасам ичманг, на осмон ҳаққи, чунки у Аллоҳнинг тахтидир; 35  на ер ҳаққи, негаки у Худонинг оёқ остидир*; на Қуддус ҳаққи, боиси у улуғ Шоҳнинг шаҳридир. 36  Бошингиз ҳаққи ҳам қасам ичманг, зеро ҳатто сочингизнинг бир толасини оқ ёки қора қила олмайсиз. 37  “Ҳа” десангиз, бажаринг, “йўқ” десангиз, гапингизда туринг. Бундан ортиғи эса ёвуз Шайтондандир. 38  Сизлар: “Кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш”,— деб айтилганини эшитгансизлар. 39  Лекин мен шундай дейман: ёмон одамга қаршилик кўрсатманг. Аксинча, ўнг ёноғингизга тарсаки туширган кишига, чап ёноғингизни ҳам ўгиринг. 40  Борди-ю, кимдир сиз билан даъволашиб, ич кийимингизни олмоқчи бўлса, унга устки кийимингизни ҳам беринг. 41  Агар ваколатли инсон сизни бир чақирим* йўл юришга мажбурласа, у билан икки чақирим йўл юринг. 42  Сиздан сўраганга беринг ва сиздан қарз олмоқчи бўлгандан юз ўгирманг. 43  Сизлар: “Яқинингни сев, душманингдан нафратлан”,— деб айтилганини эшитгансизлар. 44  Бироқ мен сизларга шундай дейман: душманларингизни севинглар ҳамда сизларни таъқиб қилаётганлар учун ибодат қилинглар. 45  Шунда осмондаги Отангизнинг ўғиллари бўласизлар. Чунки У Ўз қуёшини ёвузлар устидан ҳам, яхшилар устидан ҳам балқитади, ёмғирини одиллар устига ҳам, адолатсизлар устига ҳам ёғдиради. 46  Агар сизларни севганларнигина севсангизлар, қандай мукофотга эришасизлар? Ахир солиқчилар ҳам шундай қилишмайдими? 47  Худди шундай, фақат ўз биродарларингиз билан саломлашсангиз, қандай фазилатли иш қилган бўласизлар? Бошқа халқлар ҳам шундай йўл тутишмайдими? 48  Шундай экан, осмондаги Отангиз баркамол бўлганидай, сизлар ҳам баркамол бўлинглар.

Изоҳлар

Ёки «Худога муҳтож эканлигини тушунганлар».
Сўзма-сўз «ер юзидан мерос олишади».
Дон-дунлар ўлчанадиган идиш.
Сўзма-сўз «Осмон Шоҳлигида энг кичик деб аталади».
Сўзма-сўз «Осмон Шоҳлигида буюк деб аталади».
Қуддус деворлари ташқарисидаги ахлат ёндириладиган жой. Илованинг 6- мавзусига қ.
Сўзма-сўз «қоқинтирса».
Сўзма-сўз «қоқинтирса».
Зинодан бошқа сабабга кўра ажралган аёлга.
Сўзма-сўз «оёқ қўядиган курсисидир».
Сўзма-сўз «миля». Рим миляси 1479,5 метрга тенг. Илованинг 13- мавзусига қ.