Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Матто 28:1-20

28  Шаббат кунидан сўнг, ҳафтанинг биринчи куни* тонг отганда, магдалалик Марям ва бошқа Марям қабрни кўргани боришди.  Тўсатдан, кучли зилзила юз берди. Яҳованинг фариштаси осмондан тушиб, қабрнинг оғзидаги тошни юмалатди-да, устига ўтириб олди.  Унинг кўриниши чақмоқдай, кийимлари эса қордай оппоқ эди.  Соқчилар уни кўриб, зир-зир титрашди ва қўрққанларидан қотиб қолишди.  Фаришта аёлларга мурожаат қилиб, шундай деди: «Қўрқманглар, сизлар устунга михланган Исони ахтариб келганингизни биламан.  У ҳозир бу ерда эмас. У ўзи айтганидай тирилди. Келинглар, унинг ётган жойини кўриб қўйинглар.  Энди тезроқ бориб, унинг тирилганини шогирдларига айтинглар. Шунингдек, уларга: “У сизлардан аввал Жалилага кетяпти. Ўша ерда уни кўрасизлар”,— деб айтинглар. Мен сизларга айнан шуни айтиш учун келганман».  Аёлларни ваҳима босган бўлса-да, улар катта қувонч билан шоша-пиша қабрдан чиқиб, Исонинг шогирдларига хабар бергани югуриб кетишди.  Бирдан, уларнинг йўлидан Исо чиқиб: «Ассалому алайкум!» — деди. Улар Исонинг ёнига келиб, тиз чўкканча унинг оёқларига ёпишиб олишди. 10  Шунда Исо уларга: «Қўрқманглар! Бориб, биродарларимга хабар беринглар, улар Жалилага боришсин. Мени ўша ерда кўришади»,— деди. 11  Аёллар йўлда кетишаётганида, соқчилардан айримлари шаҳарга бориб, юз берган воқеани бош руҳонийларга айтиб беришди. 12  Бош руҳонийлар эса оқсоқоллар билан маслаҳатлашиб олгач, аскарларга анчагина кумуш танга беришди. 13  Кейин уларга шундай дейишди: «“Биз ухлаб ётганимизда, шогирдлари келиб, унинг жасадини ўғирлаб кетишди”,— денглар. 14  Мабодо бу ҳокимнинг қулоғига етиб борса, биз уни ишонтириб, сизларни балодан қутқарамиз». 15  Шундай қилиб, аскарлар кумуш тангаларни олишди-да, уларга буюришгандай қилишди. Бу гаплар то ҳозиргача яҳудийлар орасида тарқалган. 16  Исонинг ўн битта шогирди эса Жалилага, Исо айтган тоққа боришди. 17  Гарчи баъзилар унинг Исо эканидан шубҳаланишган бўлса-да, Исони кўргач унга таъзим қилишди. 18  Исо бўлса уларга яқинлашиб, қуйидагиларни айтди: «Аллоҳ менга еру осмондаги барча нарсани ишониб топширди. 19  Шунинг учун боринглар, барча халқлардаги одамларга таълим бериб, менга шогирд тайёрланглар. Уларни Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. 20  Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Бу замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан».

Изоҳлар

Бу кун ҳозир якшанба деб аталади. Яҳудийларда эса, бу ҳафтанинг биринчи куни эди.