Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

Матто 25:1–46

25  Осмон Шоҳлиги мойчироқларни олиб, куёвни кутиб олишга чиққан ўнта қизга ўхшайди.  Улардан бештаси ақлсиз, бештаси эса ақлли экан.  Ўша ақлсиз қизлар чироқларни олишибди-ю, лекин ўзлари билан мой олишмабди.  Ақлли қизлар эса чироқлар билан бирга идишларда мой ҳам олишибди.  Куёв кечикиб қолгани сабабли, ҳамма қизлар мизғиб, ухлаб қолишибди.  Бирдан ярим кечада баланд овоз эшитилибди: “Куёв келяпти! Уни қаршилагани чиқинглар”.  Шунда қизлар туриб, мойчироқларини тайёрлашибди.  Ақлсиз қизлар ақллиларга шундай дейишибди: “Бизга мойларингиздан беринглар, бўлмаса чироқларимиз ўчиб қолай деяпти”.  Ақлли қизлар уларга жавобан: “Тағин бизларга ҳам, сизларга ҳам мой етмай қолмасин. Яхшиси мой сотувчиларга бориб, улардан олинглар”,— дейишибди. 10  Ақлсиз қизлар мой сотиб олишга кетганда, куёв келибди. Тайёр турган қизлар куёв билан бирга никоҳ базмига киришлари биланоқ эшик ёпилиб қолибди. 11  Сўнг қолган қизлар ҳам келиб, шундай дея илтимос қилишибди: “Тақсир, тақсир, эшикни очинг!” 12  У қизларга жавоб бериб: “Мен сизларни умуман танимайман”,— дебди. 13  Шундай экан, ҳушёр туринглар, чунки аниқ кунни ҳам, соатни ҳам билмайсизлар. 14  Бундан ташқари, Осмон Шоҳлиги, қулларига мол-мулкини топшириб, узоқ сафарга жўнаб кетган одамга ҳам ўхшайди. 15  Бу одам ҳар бирига ўз қобилиятига яраша: бирига беш, бошқасига икки, учинчисига бир талант* бериб йўлга чиқибди. 16  Беш талант олган киши шу заҳоти бориб, уларни ишга солибди-да, яна беш талант орттирибди. 17  Худди шундай, икки талант олган ҳам, устига икки талант орттирибди. 18  Бир талант олган киши эса хўжайини берган кумуш тангаларини ерга кўмиб, яшириб қўйибди. 19  Анча вақтдан сўнг, хўжайин сафардан қайтибди ва қулларидан ҳисобот беришларини сўрабди. 20  Беш талант олган киши яна беш талант олиб келиб, шундай дебди: “Хўжайин, сиз менга беш талант ишониб берган эдингиз, мана қаранг, устига беш талант орттирдим”. 21  Хўжайини унга: “Баракалла, сен яхши, ишончли қул экансан. Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун сенга катта ишларни ҳам топшираман. Кел, энди хўжайининг билан бирга қувонгин”,— дебди. 22  Кейин икки талант олган киши келиб, шундай дебди: “Хўжайин, сиз менга икки талант ишониб бергандингиз, мана қаранг, мен яна икки талант орттирдим”. 23  Хўжайини унга ҳам: “Баракалла, сен яхши, ишончли қул экансан. Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун сенга катта ишларни ҳам топшираман. Кел, энди хўжайининг билан бирга қувонгин”,— дебди. 24  Ниҳоят бир талант олган киши келиб, шундай дебди: “Хўжайин, сиз талабчан эканингизни, экмаган жойдан ўриб, сепмаган жойдан йиғиб олишингизни билардим. 25  Шу боис, сиздан қўрқиб, берган талантингизни ерга кўмиб, яшириб қўйдим. Мана, олинг, бу сизники”. 26  Хўжайини унга шундай жавоб берибди: “Вой ярамас, дангаса қул! Демак, экмаган жойдан ўришимни, сепмаган жойдан йиғиб олишимни билар экансан-да? 27  Хўш, шундай экан, кумуш тангаларимни ишга солиб кўпайтирсанг бўлмасмиди? Шунда мен қайтиб келгач, пулимни фоизи билан олардим. 28  Гап тамом, ундаги талантини олиб, ўн таланти бор кишига бериб қўйинглар. 29  Зеро кимда бор бўлса, унга яна берилади ва унда мўл-кўл бўлади. Кимда йўқ бўлса, унинг бор нарсаси ҳам тортиб олинади. 30  Бу ярамас қулни олиб, зулматга ташланглар. Ўша ерда у йиғлаб, тишларини ғижирлатади”. 31  Инсон Ўғли ўз улуғворлигида барча фаришталар билан бирга келганда, ўзининг улуғвор тахтига ўтиради. 32  Унинг олдида барча халқлар тўпланади. Ўшанда у худди чўпон қўйларни эчкилардан ажратгандек, одамларни бир-биридан ажратади. 33  Қўйларни ўнг томонга, эчкиларни эса чап томонга қўяди. 34  Кейин шоҳ ўнг томондагиларга шундай дейди: “Эй, Отамдан барака топганлар, келинглар, дунёга асос солинганидан бери* сизларга тайёрлаб қўйилган Шоҳликка эга бўлинглар. 35  Чунки мен оч эдим, сизлар менга егулик бердингизлар, сувсаган эдим чанқоғимни қондирдингизлар, мусофир эдим, меҳмон қилдингизлар, 36  яланғоч эдим, кийинтирдингизлар, касал эдим, ғамхўрлик қилдингизлар, қамоқда эдим, хабар олиб турдингизлар”. 37  Шу пайт одил кишилар ундан шундай деб сўрашади: “Ҳазрат, қачон биз сизнинг оч юрганингизни кўриб, тўйғаздик? Ёки сувсаганингизни кўриб, чанқоғингизни қондирдик? 38  Қачон биз сизнинг мусофир бўлиб юрганингизни кўриб, меҳмон қилдик? Ёки яланғоч эканингизни кўриб, кийинтирдик? 39  Қачон биз сизнинг касал бўлганингизни ёки қамоқда ўтирганингизни кўриб, сиздан хабар олгандик?” 40  Шоҳ уларга жавоб бериб, дейди: “Ишонаверинг: энг кичик биродарларимдан бирига нима қилган бўлсангиз, менга ҳам қилган бўласизлар”. 41  Сўнг шоҳ чап томондагиларга шундай дейди: “Эй лаънатилар, Иблис ва унинг жинларини кутаётган мангу оловга йўқолинглар. 42  Сабаби, мен оч эдим, сизлар менга егулик бермадингизлар, сувсаган эдим чанқоғимни қондирмадингизлар, 43  мусофир эдим, меҳмон қилмадингизлар, яланғоч эдим, кийинтирмадингизлар, касал эдим, ғамхўрлик қилмадингизлар, қамоқда эдим, хабар олиб турмадингизлар”. 44  Улар эса шундай деб унга савол беришади: “Ҳазрат, қачон биз сизнинг оч юрганингизни ёки сувсаганингизни, мусофир бўлиб юрганингизни ёки яланғоч эканингизни кўриб, хизматингизда бўлмадик?” 45  У эса шундай деб айтади: “Ишонаверинг: энг кичик биродарларимдан бирига қилмаган бўлсангиз, менга ҳам қилмаган бўласизлар”. 46  Улар абадий йўқ бўлиб кетишади, одил кишилар эса мангу ҳаётга эга бўлишади».

Изоҳлар

Луғатга қ.
Сўзма-сўз «уруғ тушганидан бери», яъни Одамато билан Момоҳавонинг болалари пайдо бўлганидан бери.