Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Матто 21:1–46

21  Улар Қуддусга яқинлашиб қолишган эди. Зайтун тоғи тепасидаги Байтфагияга келишганида, Исо ўзидан олдин иккита шогирдини юбориб,  уларга шундай деди: «Рўпарангиздаги қишлоққа боринглар. Ўша ерда боғланган эшак билан хўтикни кўрасизлар. Уларни ечинглар-да, менга олиб келинглар.  Мабодо биров сўраб қолса, “Булар Ҳазратимизга керак”, десаларингиз, дарҳол рухсат беради».  Шу йўсинда, пайғамбар орқали айтилган мана бу сўзлар рўёбга чиқди:  «Сион қизига* айтинглар: “Мана, камтарин подшоҳинг эшакка миниб ёнингга келяпти. Ҳа, у юк ташувчи жониворнинг боласига, хўтикка миниб келяпти”».  Шогирдлар бориб, Исо уларга буюрганидай қилишди.  Улар эшак билан хўтикни олиб келиб, уларнинг устига ўз кийимларини ёзишди ва Исо шу кийимларнинг устига ўтирди.  Халойиқнинг аксарияти кийимларини йўлга пойандоз қилди. Бошқалар эса дарахт шохларини кесиб, йўлга тўшадилар.  Унинг олдида ва орқасида келаётган оломон тинмай хитоб қиларди: «Ёлворамиз, Довуднинг Ўғлига нажот бер! Яҳованинг номидан келаётган муборакдир! Эй, самода бўлган Худо, ёлворамиз, унга нажот бер!» 10  Исо Қуддусга кириб келиши биланоқ, бутун шаҳар ҳаяжонланиб: «Бу ким экан?» — дерди. 11  Халойиқ эса шундай жавоб берарди: «Бу киши — Жалиланинг Носира шаҳридан бўлган Исо! Ваъда қилинган пайғамбар шудир». 12  Исо маъбадга кириб, у ердаги олди-сотди қилаётганларнинг барини ҳайдаб чиқарди. Пул алмаштирувчиларнинг пештахталарини ва каптар сотувчиларнинг курсиларини ағдариб юборди. 13  Исо уларга шундай деди: «Муқаддас Ёзувларда: “Менинг уйимни ибодат уйи дейишади”,— деб айтилган. Сизлар бўлса уни қароқчилар уясига айлантириб юбордингизлар». 14  Шунингдек, маъбадда унинг олдига кўр ва чўлоқ одамлар келишди ва Исо уларни даволади. 15  Бош руҳонийлар билан уламолар Исонинг мўъжизалар яратаётганини кўриб ва маъбаддаги болаларнинг: «Ёлворамиз, Довуднинг Ўғлига нажот бер!» — дея хитоб қилишаётганини эшитиб, ғазабга тўлишди 16  ва Исодан: «Булар нима дейишаётганини эшитяпсанми?» — деб сўрашди. Исо уларга: «Бўлмасам-чи! — дея жавоб берди,— Наҳотки шундай деб ёзилганини ўқимаган бўлсангиз: “Сен гўдагу чақалоқларни ҳамду сано айтишга ундадинг”?» 17  Сўнг, Исо шаҳардан чиқиб, Байтанияга борди ва ўша ерда тунаб қолди. 18  Эрта тонгда шаҳарга қайтаётганида, Исонинг қорни очди. 19  Йўл ёқасида бир анжир дарахти бор эди, унинг ёнига бориб, барглардан бўлак ҳеч нарса топмай: «Бундан буён сенда ҳеч қачон мева бўлмасин»,— деди. Шундан кейин, дарахт бирданига қуриб қолди. 20  Буни кўргач, шогирдлари ҳангу манг бўлиб: «Қандай қилиб дарахт бирданига қуриб қолди?» — дея сўрашди. 21  Уларга жавобан Исо шундай деди: «Ишонаверинг: агар имонли бўлиб, ҳеч шубҳаланмасангиз, мен анжир дарахти билан қилганимдан ҳам ортиғини қиласизлар. Ҳатто бу тоққа: “Кўтарил-да, денгизга отил”,— десангиз, айтганингиз бўлади. 22  Шунингдек, ибодатда ишонч билан нимаики сўрасангизлар, оласизлар». 23  Исо маъбадга кириб, таълим бераётган эди. Шу пайтда, бош руҳонийлар ва оқсоқоллар унинг ёнига келиб: «Бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қиляпсан? Бу ҳуқуқни сенга ким берди?» — дея сўрашди. 24  Исо уларга жавобан шундай деди: «Мен ҳам сизларга бир савол берай. Агар жавоб берсангизлар, мен ҳам қандай ҳуқуқ билан қилаётганимни сизларга айтаман: 25  Яҳё одамларни сувга чўмдириш ҳуқуқини қаердан олган эди? Аллоҳданми* ё одамларданми?» Улар эса ўзаро шундай фикр юрита бошлашди: «“Аллоҳдан”,— десак, у бизга: “Бўлмаса нега унга ишонмадингизлар?” — дейди. 26  Аммо: “Одамлардан”,— дейишга қўрқамиз, ахир халқ Яҳёни пайғамбар деб ҳисоблайди-ку». 27  Охири улар Исога жавоб бериб: «Билмаймиз»,— дейишди. Исо эса уларга: «Унда мен ҳам бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қилаётганимни сизларга айтмайман»,— деди. 28  «Мана бунга нима дейсизлар? Бир кишининг иккита ўғли бор экан. Биринчисига: “Ўғлим, бугун узумзорга бориб ишлагин”,— дебди. 29  У отасига: “Хўп бўлади, отажон”,— дебди-ю, ўзи бормабди. 30  Ота иккинчи ўғлига ҳам шу ишни буюрган экан, у: “Бормайман”,— деб гап қайтарибди. Аммо сўнг пушаймон бўлиб борибди. 31  Икковидан қайси бири отасининг истагини бажарибди?» Улар жавоб бериб: «Иккинчиси»,— дейишди. Исо уларга қуйидагиларни айтди: «Ишонаверинг: солиқчилар билан фоҳишалар Худонинг Шоҳлигига сизлардан олдин кирадилар. 32  Чунки Яҳё келиб сизларга адолат йўлини кўрсатди, аммо сизлар уни тан олмадингизлар. Солиқчилар билан фоҳишалар эса унга ишонишди. Сизлар эса буни кўриб на пушаймон бўлдингиз, на унга ишондингиз. 33  Мана, яна битта масал. Бир киши узумзор ўтқазибди-да, атрофини панжара билан ўраб, ичида узум эзадиган чуқурлик қазибди. Сўнг минора қурибди-да, уни боғбонларга топшириб, ўзи эса узоқ сафарга кетибди. 34  Ҳосил пайти келганда эса, меваларни териб келишсин деб, боғбонларнинг олдига хизматкорларини юборибди. 35  Аммо боғбонлар унинг хизматкорларини ушлаб, бирини уришибди, бошқасини ўлдиришибди, яна бошқасини эса тошбўрон қилишибди. 36  Шунда узумзор эгаси аввалгидан кўра кўпроқ хизматкорларни жўнатибди, аммо боғбонлар улар билан ҳам шундай муомала қилишибди. 37  Ниҳоят, узумзор эгаси: “Ҳеч бўлмаса ўғлимни ҳурмат қилишар”,— деб ўғлини юборибди. 38  Боғбонлар эса унинг ўғлини кўриб, бир-бирига: “Ахир бу меросхўр-ку! Келинглар, уни ўлдириб, меросини олиб қўяйлик”,— дейишибди. 39  Хуллас, улар уни ўлдириб, узумзордан ташқарига чиқариб ташлашибди. 40  Хўш, узумзор эгаси келиб, боғбонлар билан нима қилар экан?» 41  Бош руҳонийлар билан оқсоқоллар Исога жавобан: «Бу ёвуз одамларни ёвузларча йўқ қилади. Узумзорни эса, мевасини вақтида берадиган бошқа боғбонларга топширади»,— деб айтишди. 42  Исо уларга шундай деди: «Муқаддас Ёзувларда: “Қурувчилар кераксиз деб ташлаган тош, иморатнинг бурчагига қўйиладиган негиз тоши бўлиб чиқди. Бу Яҳованинг иши, биз учун бир мўъжизадир”,— дейилганини ўқимаганмисизлар? 43  Шунинг учун сизларга айтаманки, Худонинг Шоҳлиги сизлардан тортиб олиниб, самара келтирадиган бошқа халққа берилади. 44  Бундан ташқари, бу тошнинг устига йиқилган кишининг пачағи чиқади. Тош кимнинг устига тушса, уни эзиб ташлайди». 45  Бош руҳонийлар билан фарзийлар бу масалларни эшитиб, Исо улар ҳақида айтганини пайқашди. 46  Шунда улар Исони қўлга туширмоқчи бўлишди-ю, аммо халқдан қўрқишди. Сабаби, халқ Исони пайғамбар деб ҳисобларди.

Изоҳлар

Бу, Сион тоғида жойлашган Қуддус шаҳрига ёки унинг аҳолисига тегишли бўлиши мумкин.
Сўзма-сўз «осмонданми».