Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Матто 20:1-34

20  Осмон Шоҳлиги, тонг саҳарда узумзорига мардикорларни ёллагани чиққан одамга ўхшайди.  Кунига бир динордан* келишгандан сўнг, у мардикорларни узумзорига жўнатибди.  Эрталаб соат тўққизларда* узумзор эгаси яна чиқиб, бозор майдонида ишсиз турган кишиларни кўрибди-да,  уларга: “Сизлар ҳам узумзоримга боринглар, ҳақларингизни тўлайман”,— деб айтибди.  Шунда улар ҳам кетишибди. Узумзор эгаси кундузи соат ўн икки ва тағин учларда* чиқиб, яна шундай йўл тутибди.  Ниҳоят у соат бешларда* чиқибди-да, ўша жойда турган бошқаларни кўриб: “Нега кун бўйи бу ерда ишсиз турибсизлар?” — деб сўрабди.  Жавобан улар: “Бизни ҳеч ким ишга ёлламади”,— дейишибди. Шунда у: “Сизлар ҳам узумзоримга боринглар”,— деб айтибди.  Кеч кирганда, узумзор эгаси бошқарувчисига шундай дебди: “Мардикорларни чақириб, охиргисидан бошлаб биринчисигача ҳақларини тўла”.  Соат бешларда* иш бошлаганлар келиб, ҳар бири бир динордан олишибди. 10  Шу сабабли биринчи ёлланганлар кўпроқ ҳақ оламиз деб ўйлашибди. Аммо уларга ҳам бир динордан тўланибди. 11  Ҳақларини олгач, улар узумзор эгасига нолиб: 12  “Охирги келганлар атиги бир соат ишлашди. Сиз эса уларни жазирамада кун бўйи оғир меҳнат қилган бизлар билан тенг кўрдингиз!” — дейишибди. 13  Узумзор эгаси жавобан улардан бирига шундай дебди: “Дўстим, мен сенга ноҳақлик қилганим йўқ. Ахир сен билан бир динорга келишмаганмидик? 14  Ҳақингни олгин-да, кетавер. Сенга қанча берган бўлсам, охирги келганларга ҳам шунча бермоқчиман. 15  Ўз пулларимдан хоҳлаганимча фойдаланишга ҳаққим йўқми? Ёки сахийлигимни кўролмаяпсанми? 16  Шундай қилиб, охиргилар биринчи, биринчилар эса охирги бўлишади”». 17  Қуддусга кетишаётганда, Исо ўн иккита шогирдини алоҳида чақириб, деди: 18  «Мана, биз Қуддусга боряпмиз. У ерда Инсон Ўғлини бош руҳонийлар ва уламолар қўлига тутиб беришади. Улар бўлса уни ўлимга маҳкум этиб, 19  ўзга халқларнинг қўлига топширишади. Улар уни ҳақоратлашади, қамчилашади ва устунга михлашади. Лекин у учинчи куни тирилади». 20  Бундан сўнг, Забадийнинг хотини иккита ўғли билан Исонинг ёнига келди-да, таъзим қилиб, нималарнидир сўрамоқчи бўлди. 21  Исо бўлса: «Мендан нима истайсиз?» — дея сўради. Аёл жавобан: «Шоҳлигингизда бу икки ўғлимдан бирини ўнг томонингизга, иккинчисини чап томонингизга ўтқазишга сўз беринг»,— деди. 22  Исо унинг ўғилларига: «Сизлар нима сўраётганингизни билмайсизлар. Мен ичадиган косадан* ича оласизларми?» — деб сўради. Улар: «Ича оламиз»,— дейишди. 23  Шунда Исо: «Мен ичадиган косадан ичасизларку-я, аммо ўнг ёки чап томонимда ким ўтиришини мен ҳал қилмайман. Бу ўринларни Отам ким учун тайёрлаб қўйган бўлса, ўша ўтиради»,— деб айтди. 24  Қолган ўнта шогирд буни эшитиб, икки ака-укага аччиқлана кетишди. 25  Бироқ Исо уларни ёнига чақириб, шундай деди: «Ҳукмдорлар халқлар устидан бошқаришини ва буюк одамлар халқларга ҳокимлик қилишини биласизлар-ку. 26  Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Орангизда ким буюк бўлишни истаса, сизларга хизматкор бўлсин. 27  Орангизда ким биринчи бўлишни хоҳласа, сизларга қул бўлсин. 28  Чунки Инсон Ўғли ҳам ўзига хизмат қилдиришга эмас, аксинча хизмат қилгани ва кўплар учун жонини тўлов сифатида бергани келган». 29  Улар Ериходан чиқаётганларида, орқаларидан катта оломон эргашиб борарди. 30  Йўл бўйида ўтирган иккита кўзи ожиз киши Исонинг ўтиб кетаётганини эшитиб: «Ҳазрат, Довуднинг Ўғли, бизга раҳм-шафқат қилинг!» — деб қичқиришди. 31  Оломон уларни жим бўлишга мажбурласа-да, улар янада баландроқ овозда: «Ҳазрат, Довуднинг Ўғли, бизга раҳм-шафқат қилинг!» — дея бақиришарди. 32  Шунда Исо тўхтаб, уларни чақирди-да: «Мендан нима истайсизлар?» — деб сўради. 33  Улар: «Ҳазрат, илтимос, кўзларимиз очилсин»,— дейишди. 34  Исонинг раҳми келиб, уларнинг кўзига қўлини теккизган эди, шу ондаёқ иккови ҳам кўра бошлаб, унинг орқасидан эргашишди.

Изоҳлар

Луғатга қ.
Сўзма-сўз «учинчи соатда». Исо Масиҳ яшаган даврда кун қуёш чиқишидан бошлаб ҳисобланарди.
Сўзма-сўз «олтинчи ва учинчи соатда».
Сўзма-сўз «ўн биринчи соатда».
Сўзма-сўз «ўн биринчи соатда».
«Коса» сўзи рамзий маънода Исо, Худонинг иродаси билан сохта гувоҳларнинг ҳақоратига қолиб, ўлишини билдиради.