Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Матто 19:1-30

19  Исо бу сўзларни айтиб бўлгач Жалиладан чиқиб, Иорданнинг нариги томонидаги Яҳудия чегараларига келди.  Унинг орқасидан тумонат халойиқ эргашиб келаётган эди. Исо у ерда хасталарга шифо берди.  Унинг ёнига фарзийлар келиб, синаш ниятида шундай савол беришди: «Эркак киши ҳар қандай сабабга кўра ўз хотинидан ажралиши Тавротга тўғри келадими?»  Исо уларга жавобан деди: «Ахир ўқимаганмисизлар? Парвардигор бошданоқ одамларни эркак ва аёл қилиб яратиб,  шундай деган: “Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўлади”.  Демак, энди улар икки эмас, бир тан ҳисобланади. Шундай экан, Аллоҳ бирга қўшганини* бандаси ажратмасин».  Улар эса Исодан: «Нега унда Мусо пайғамбаримиз, ажралмоқчи бўлган киши, хотинига талоқ хатини беришини айтганлар?» — деб сўрашди.  Исо уларга жавобан деди: «Бағритош бўлганингиз учун, Мусо пайғамбар хотинларингиздан ажралишга рухсат берганлар. Аммо дастлаб бундай бўлмаган.  Сизларга айтиб қўяй, кимки хотини унга бевафолик қилмаган бўлса-да, ундан ажралиб ўзгага уйланса, зино қилган бўлади». 10  Шогирдлари Исога: «Агар никоҳ қурганлар учун талаб шундай бўлса, уйланмаган яхшироқ экан-да»,— дейишди. 11  Исо бўлса уларга шундай деди: «Ҳамма ҳам бунга риоя қила олмайди, фақат кимнинг бундай инъоми бўлсагина, бунга риоя қила олади. 12  Чунки баъзилар уйланишга яроқсиз бўлиб туғилади, кимдир одамлар томонидан бичилган бўлади, бошқалари эса Осмон Шоҳлиги учун турмуш қуришдан воз кечишади. Ким бундай яшай олса, яшайверсин». 13  Кейин, Исо дуо қилсин деб, унинг ёнига болаларни олиб келишди; шогирдлари эса уларни урушиб беришди. 14  Бироқ, Исо: «Болажонларга тегманглар, улар ёнимга келишига тўсқинлик қилманглар, зеро Осмон Шоҳлиги шундайларникидир»,— деди. 15  Исо болаларнинг устига қўлини қўйиб, дуо қилди-да, у ердан кетди. 16  Шундан сўнг, унинг ёнига бир йигит келиб: «Устоз, абадий ҳаётга эришиш учун қандай савоб иш қилишим керак?» — деб сўради. 17  Исо бўлса унга жавобан: «Нега савоб иш ҳақида мендан сўраяпсиз? Биргина савоб Эгаси бор. Ҳаётга эришишни истасангиз, доимо амрларга риоя қилинг»,— деди. 18  У эса Исодан: «Қайси амрларга?» — дея сўради. Исо жавобан: «Қотиллик қилма, зино қилма, ўғрилик қилма, сохта гувоҳлик берма, 19  ота-онангни ҳурмат қил ва яқинингни ўзинг каби сев»,— деди. 20  Йигит Исодан сўради: «Буларнинг барига риоя қилиб келганман, яна нима қилишим керак?» 21  Исо унга шундай жавоб берди: «Агар Аллоҳга мукаммал даражада хизмат қилишни истасангиз, бориб барча мол-мулкингизни сотинг-да, камбағалларга тарқатинг. Сўнг келиб, менинг издошим бўлинг». 22  Бу сўзларни эшитиб, йигит қайғу ичида у ердан кетди, чунки унинг мол-мулки жуда кўп эди. 23  Исо шогирдларига қуйидагиларни айтди: «Ишонаверинг: бой кишининг Осмон Шоҳлигига кириши қийин. 24  Яна шуни ҳам айтиб қўяйки: бой кишининг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқ». 25  Буни эшитгач, шогирдлари ғоят ҳайрон бўлиб: «Унда ким нажот топа олади?» — дея сўрашди. 26  Исо уларнинг юзига қараб, шундай деди: «Бу, одамлар учун имконсиздир, аммо Тангри учун имконсиз нарса йўқ». 27  Шунда Бутрус сўради: «Мана, биз бор-йўғимизни қолдириб, орқангиздан эргашиб келдик. Энди бизга қандай мукофот бўлади?» 28  Исо уларга жавоб берди: «Ишонаверинг: Аллоҳ барча нарсани янгидан яратганда, Инсон Ўғли ўзининг улуғвор тахтига ўтиради. Ўшанда, менинг орқамдан эргашган сизлар ҳам ўн икки тахтга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласини ҳукм қиласизлар. 29  Мени деб уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, бола-чақа ва ер-мулкини қолдирган ҳар ким бундан-да кўпроғига эга бўлиб, абадий ҳаётга эришади. 30  Аммо биринчилардан кўпи охирги, охиргилар эса биринчи бўлишади.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «битта бўйинтуруққа қўшганини».