Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Матто 18:1-35

18  Шунда Исонинг ёнига шогирдлари келиб, ундан: «Осмон Шоҳлигида ким энг буюк бўлади?» — дея сўрашди.  Исо бир болакайни чақириб, уларнинг орасига турғизди-да,  шундай деди: «Ишонаверинг: агар ўзгариб, ёш болалардай бўлмасангизлар, Осмон Шоҳлигига асло кира олмайсизлар.  Кимки шу ёш боладек ўзини паст тутса, у Осмон Шоҳлигида энг буюк бўлади.  Кимки шундай ёш болаларнинг бирини менинг номимдан қабул қилса, у мени қабул қилган бўлади.  Аммо менга ишонган бу кичикларнинг бирини ким имондан қайтарса, бўйнига катта тегирмон тошини* осиб, денгизнинг чуқур жойида чўктириб юборишлари, у учун яхшироқ бўлади.  Ўз хатти-ҳаракати билан бошқаларнинг имондан қайтишига сабабчи бўлган одамларнинг ҳолига вой! Бундай хатти-ҳаракатлар бўлиши тайин, аммо ўз хатти-ҳаракати билан бошқаларнинг имондан қайтишига сабабчи бўлганларнинг ҳолига вой!  Борди-ю, қўл ёки оёғингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса, уни чопиб ташланг. Икки қўл ва икки оёқ билан абадий оташга ташлангандан кўра, майиб ёки чўлоқ бўлиб ҳаётга эришганингиз афзалроқ.  Шунингдек, агар кўзингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса, уни ўйиб ташланг. Икки кўзингиз билан оловли жаҳаннамга* ташлангандан кўра, бир кўз билан ҳаётга эришганингиз яхшироқ. 10  Эҳтиёт бўлинглар, ушбу кичикларнинг бирортасини ҳам камситманглар. Сизларга айтиб қўяй, уларнинг осмондаги фаришталари ҳамиша самовий Отамнинг юзини кўриб туришади. 11  * —— 12  Нима деб ўйлайсизлар, агар юзта қўйи бор кишининг битта қўйи йўқолиб қолса, у тўқсон тўққизтасини тоғда қолдириб, йўқолганини излагани бормайдими? 13  Уни топиб олса борми, ишонаверинг, йўқолмаган тўқсон тўққизтасидан кўра, топилган қўйи учун кўпроқ севинади. 14  Худди шундай, самовий Отам ҳам, ўша кичикларнинг бирортаси йўқолишини истамайди. 15  Мабодо биродарингиз сизга қарши гуноҳ қилса, у билан яккама-якка гаплашиб, айбини кўрсатинг. Агар сизга қулоқ солса, уни тўғри йўлга солган бўласиз. 16  Борди-ю, қулоқ солмаса, ўзингиз билан бир ёки икки кишини олиб боринг, чунки ҳар бир масала икки ёки уч гувоҳнинг сўзлари билан тасдиқланиши керак. 17  Уларга ҳам қулоқ солмаса, жамоатга айтинг. Жамоатга ҳам қулоқ солмаса, у сиз учун дунёвий кишидай ҳамда солиқчи каби бўлсин. 18  Ишонаверинг: ер юзида нимани қулфласангиз, осмонда қулфланганидай* бўлади. Ер юзида нимани очсангиз, осмонда очилганидай бўлади*. 19  Яна шуни айтиб қўяй: агар орангиздан икки киши бирор муҳим нарсани сўрашга қарор қилса, самовий Отам буни улар учун бажо келтиради. 20  Қаерда икки ёки уч киши менинг номимдан йиғилса, мен ўша ерда уларнинг орасида бўламан». 21  Шу он Бутрус унинг олдига келиб сўради: «Ҳазратим, менга қарши гуноҳ қилган биродаримни неча марта кечиришим керак? Етти мартами?» 22  Исо унга деди: «Сенга етти марта эмас, етмиш етти марта* деяпман. 23  Ана шунинг учун Осмон Шоҳлигини, қулларидан қарзини қайтариб олишни истаган бир шоҳ билан таққослаш мумкин. 24  Қарзини олишни бошлаганда, унинг ёнига ўн минг талант* қарзи бор бир кишини келтиришибди. 25  Қарзини тўлашга ҳеч вақоси бўлмагани учун, шоҳ унинг ўзини, хотин бола-чақасини-ю бор-будини сотиб қарзини қайтаришни буюрибди. 26  Буни эшитган қул унинг олдида тиз чўкиб: “Озгина сабр қилинг, ҳаммасини қайтариб бераман”,— дея илтимос қила бошлабди. 27  Шоҳнинг унга раҳми келиб, қарзидан кечибди-да, ўзини қўйиб юборибди. 28  Ўша қул эса у ердан чиқиб, ўзига юз динор* қарзи бўлган бошқа қулни излаб топиб: “Қарзингни тўла”,— деб уни бўға бошлабди. 29  Шериги эса унинг олдида тиз чўкиб: “Бир оз сабр қилинг, қайтариб бераман”,— дея илтимос қила бошлабди. 30  У эса эшитишни ҳам истамай, борибди-да, қарзини тўламагунча уни қамоққа ташлабди. 31  Бошқа қуллар буни кўриб жуда ранжишибди ва бориб ҳаммасини шоҳга айтиб беришибди. 32  Шунда шоҳ уни чақиртириб, шундай дебди: “Вой ёвуз қул-ей, сен мендан илтимос қилганингда, бутун қарзингдан кечгандим. 33  Мен сенга раҳм-шафқат қилганимдек, сен ҳам шеригингга раҳм-шафқат кўрсатсанг бўлмасмиди?” 34  Шоҳ ундан ғазабланиб, бутун қарзини тўламагунича уни қамоқхона соқчилари қўлига топширибди. 35  Сизлар ҳам чин юракдан биродарингизни кечирмасангиз, самовий Отам ҳам сизлар билан худди шундай муомала қилади».

Изоҳлар

Ёки «эшак айлантирадиган тегирмон тошини».
Илованинг 6- мавзусига қ.
Мт 17:21 изоҳига қ.
Сўзма-сўз «боғласангиз... боғланганидай».
Сўзма-сўз «ечсангиз... ечилганидай».
Сўзма-сўз «етмиш карра етти марта».
Луғатга қ.
Луғатга қ.