Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

Матто 17:1–27

17  Олти кундан кейин, Исо Бутрусни ва ака-ука Ёқуб билан Юҳаннони баланд тоққа олиб чиқди.  У ерда Исонинг қиёфаси ўзгариб, юзи қуёш каби ярқиради, устки кийимидан эса нур тарала бошлади.  Тўсатдан шогирдларга, Исо билан суҳбатлашиб турган Мусо ва Илёс пайғамбарлар кўринди.  Шунда Бутрус Исога: «Ҳазрат, бу ер бизга жуда ёқди. Агар истасангиз, шу жойга учта чодир қурайин: бири сизга, бири Мусога, бири эса Илёсга»,— деди.  У ҳали гапини тугатмасидан, уларни булут қоплади ва булут ичидан: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар»,— деган садо келди.  Буни эшитиб, шогирдлар қаттиқ қўрққанларидан юз тубан йиқилишди.  Шу пайт Исо уларнинг ёнига келди-да, қўлини теккизиб: «Туринглар, қўрқманглар»,— деб айтди.  Шогирдлар бошларини кўтариб, Исодан бошқа ҳеч ким йўқлигини кўришди.  Тоғдан тушиб келишаётганда, Исо уларга: «Инсон Ўғли тирилмагунча, кўрганларингизни ҳеч кимга айтманглар»,— деб буюрди. 10  Шогирдлари Исодан шундай дея сўрашди: «Нега уламолар, биринчи Илёс пайғамбар келиши керак, дейишади?» 11  Исо шундай жавоб берди: «Тўғри, Илёс пайғамбар келиб, ҳамма нарсани тиклайди. 12  Аммо сизларга айтиб қўяй, Илёс пайғамбар аллақачон келган эди. Лекин уни танимай, у билан ўзлари хоҳлагандай муомала қилишди. Шу сингари Инсон Ўғли ҳам уларнинг қўлидан азоб чекиши керак». 13  Шунда шогирдлар Исо уларга халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё ҳақида гапираётганини тушунишди. 14  Улар халойиқ ёнига келишганида, бир киши Исонинг олдида тиз чўкиб: 15  «Ҳазрат, ўғлимга раҳм-шафқат кўрсатинг, чунки унинг тутқаноғи бор, аҳволи жуда ёмон. У ўзини гоҳ оловга, гоҳ сувга ташлайди. 16  Аммо уни шогирдларингизнинг олдига олиб келсам, улар тузата олишмади»,— деб айтди. 17  Исо жавоб бериб, деди: «Эй, имонсиз ва бузуқ насл, қачонгача сизлар билан бўлишим керак? Яна қанча сизларга чидашим керак? Болани олдимга олиб келинглар». 18  Исо жинга дўқ урган эди, у боладан чиқиб кетди ва бола шу заҳотиёқ соғайди. 19  Бундан сўнг, шогирдлар Исонинг ёнига келиб: «Нега биз жинни қувиб чиқара олмадик?» — деб сўрашди. 20  Исо уларга: «Имонингизнинг сустлигидан,— деди. — Ишонаверинг: агар имонингиз хантал уруғидай бўлса-ю, шу тоққа: “Бу ёқдан у ёққа кўч”,— десангизлар, у кўчиб ўтади. Сизлар учун имконсиз нарса бўлмайди». 21  * —— 22  Улар Жалилада йиғилиб ўтиришганда, Исо шогирдларига: «Инсон Ўғли душманларининг қўлига тутиб берилади 23  ва улар уни ўлдиришади. Аммо у учинчи куни тирилади»,— деб айтди. Буни эшитиб шогирдлар қайғуга ботишди. 24  Улар Кафарнаҳумга келишганда, маъбад солиғини* йиғиб юрган кишилар Бутруснинг ёнига келиб: «Устозингиз маъбад солиғини тўлайдими?» — деб сўрашди. 25  Бутрус: «Тўлайди»,— дея жавоб қайтарди. Бироқ у уйга кирганида, Исо ўзи гап бошлаб, сўради: «Нима деб ўйлайсан, Симун, жаҳон подшоҳлари бож ёки жон солиғини кимдан олишади? Ўз ўғиллариданми ёки бегоналарданми?» 26  Бутрус: «Бегоналардан-да»,— деди. Шунда Исо унга қуйидагича жавоб берди: «Демак, ўғиллар солиқдан озод экан-да. 27  Лекин биз ҳақимизда нотўғри фикрга бормасликлари учун денгизга бориб, қармоқ ташла. Қармоққа илинган балиқнинг оғзини очсанг, кумуш танга* топасан. Ўшани олиб, икковимиз учун тўла».

Изоҳлар

Бу оят Муқаддас Китобнинг айрим таржималарида бор бўлса-да, кўпгина юнонча қадимги қўлёзмаларда учрамайди.
Юнонча дидрахма. Илованинг 14- мавзусига қ.
Юнонча статир. Илованинг 14- мавзусига қ.