Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Матто 16:1-28

16  У ерда Исонинг ёнига фарзийлар билан саддуқийлар келишди ва уни синамоқчи бўлиб, осмондан бирор аломат кўрсатишини сўрашди.  Исо эса уларга жавобан шундай деди: «[Кеч кираётганда, сизлар: “Осмон қизариб турибди, демак ҳаво очиқ бўларкан”,— дейсизлар;  тонг отганда эса: “Осмон қизариб тургани билан, ҳаво бузуқ, демак совуқ ва ёғингарчилик бўлади”,— дейсизлар. Сизлар осмонга қараб, об-ҳаво қанақа бўлишини аниқлай оласизлар-у, аммо шу вақтга тегишли аломатларни аниқлай олмаяпсизлар]*.  Бу ёвуз ва бевафо насл аломат излаяпти, лекин унга Юнус пайғамбарникидан бошқа аломат кўрсатилмайди». Шундан сўнг, Исо уларнинг ёнидан кетди.  Унинг шогирдлари нариги қирғоққа сузиб ўтишди-ю, лекин ўзлари билан нон олишни унутишибди.  Исо уларга: «Қаранглар, фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар»,— деди.  Улар эса: «Ўзимиз билан биронта нон ҳам олмабмиз»,— дея ўзаро фикрлай бошлашди.  Исо буни билиб, уларга деди: «Эҳ, имони сустлар. Нега нон олмабмиз деб, ўзаро фикр юритяпсизлар?  Ҳалиям тушунмаяпсизларми? Бешта нон билан 5 000 кишининг қорни тўйгани ва қолган бурдалар неча сават чиққани эсингизда йўқми? 10  Ёки еттита нон билан 4 000 кишининг қорни тўйганини ва қолган бурдалар билан нечта сават тўлганини унутиб қўйдингизларми? 11  Сизларга нон ҳақида гапирмаётганимни наҳот тушунмаган бўлсангиз? Мен, фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар, дедим». 12  Ўшанда Исо уларни оддий хамиртурушдан эмас, балки фарзийлар билан саддуқийларнинг таълимотидан огоҳлантирганини тушунишди. 13  Исо Филип Кесарияси ён-атрофларига етиб келганида, шогирдларидан сўради: «Одамлар Инсон Ўғлини ким деб ҳисоблашяпти?» 14  Улар шундай жавоб беришди: «Кимдир халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё, кимдир Илёс, кимдир Еремиё, яна кимдир бошқа пайғамбарлардан бири дейди». 15  Шунда Исо: «Сизлар-чи, мени ким деб ўйлайсизлар?» — деб сўради. 16  Симун Бутрус жавоб бериб: «Сиз барҳаёт Худонинг Ўғли — Масиҳсиз»,— деди. 17  Исо бўлса унга қуйидагиларни айтди: «Баракалла, Юнус ўғли Симун! Чунки буни сенга одамзод* эмас, балки осмондаги Отам очиб берди. 18  Яна шуни ҳам айтиб қўяйки, сен Бутруссан*. Мен ўз жамоатимни мана бу қоятош устида барпо қиламан ва мозор* дарвозалари уни ортиқ асир тута олмайди. 19  Мен сенга Осмон Шоҳлигининг калитларини бераман. Ер юзида нимани қулфласанг, осмонда қулфланганидай* бўлади. Ер юзида нимани очсанг, осмонда очилганидай* бўлади». 20  Кейин Исо шогирдларига, унинг Масиҳ эканини ҳеч кимга айтмасликни қатъий буюрди. 21  Ўша вақтдан бошлаб Исо Масиҳ шогирдларига, Қуддусга бориб, оқсоқоллар, бош руҳонийлар ва уламолар қўлидан кўп азоб чекиб, ўлдирилиши, учинчи куни эса тирилиши кераклигини тушунтира бошлади. 22  Шунда Бутрус Исони четга тортди-да, унга таъна қила бошлади: «Ўзингизга раҳм қилинг, Ҳазратим. Бу кўргиликлар зинҳор бошингизга тушмасин». 23  Исо эса Бутрусдан юзини ўгириб, шундай деди: «Йўқол кўзимдан, Шайтон! Сен менга тўсқинлик қилиб, Худо каби эмас, инсонлардай фикр юритяпсан». 24  Сўнг Исо шогирдларига қуйидагича деди: «Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин ва ўзининг азоб устунини кўтариб, ҳамиша менга эргашиб юрсин. 25  Агар кимдир ўз жонини сақламоқчи бўлса, ундан маҳрум бўлади. Аммо мени деб, жонидан маҳрум бўлса, уни сақлаб қолади. 26  Агар инсон бутун дунёга эгалик қилса-ю, ўз жонини йўқотса, бундан унга не фойда? Ёки одам ўз жони эвазига қандай тўлов бера олади? 27  Келажакда Инсон Ўғли Отасидан катта ҳокимият олади. Ўшанда у ўз фаришталари билан келиб, инсонларни ҳукм қилади. Ёмонлик қилганларни жазолайди, яхшилик қилганларни эса мукофотлайди. 28  Ишонаверинг: бу ерда турганлардан баъзилари, Инсон Ўғлининг шоҳ сифатида келишини кўрмагунча, ўлмайдилар».

Изоҳлар

Квадрат қавсларда келтирилган матн баъзи қадимги қўлёзмаларда учрамайди, аммо бошқа қўлёзмаларда бор.
Сўзма-сўз «эт ва қон».
Бу исм юнонча «қоятош», деган маънони билдиради.
Юнонча ҳадес. Илованинг 5- мавзусига қ.
Сўзма-сўз «боғласанг... боғланганидай».
Сўзма-сўз «ечсанг... ечилганидай».