Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Матто 15:1-39

15  Шунда Исонинг ёнига Қуддусдан фарзийлар ва уламолар келиб, қуйидагиларни айтишди:  «Нега шогирдларинг ота-боболаримизнинг урф-одатини бузишяпти? Мисол учун, овқат ейишдан аввал қўлларини ювишмайди*».   Уларга жавобан Исо деди: «Ўзларингиз-чи, нега урф-одатингизни деб Аллоҳнинг амрини бузяпсизлар?  Масалан, Худо: “Ота-онангни ҳурмат қил” ва “Ота ёки онасини ҳақорат қилган ўлимга топширилсин”,— деган.  Сизлар эса: “Биров отасига ёки онасига: “Сизга фойдаси тегадиган нарсаларимнинг бари Худога бағишланган”,— деса,  у ота-онасини ҳурмат қилмаса ҳам бўлаверади”,— дейсизлар. Шу йўсин ўз урф-одатингизни деб Аллоҳнинг каломини бекор қиляпсизлар.  Ҳой, иккиюзламачилар, Ишаё сизлар ҳақингизда ўринли тарзда башорат қилган экан:  “Бу халқ тилдагина Мени ҳурмат қилади, юраклари эса Мендан узоқдир.  Уларнинг Менга топиниши беҳудадир, чунки улар инсон таълимотини Худоники деб ўргатиб юришибди”». 10  Сўнг, Исо халқни ёнига чақириб, деди: «Ушбу сўзларни қулоғингизга қуйиб олинглар: 11  “Инсонни оғизга кирадиган нарса эмас, балки оғиздан чиқадиган нарса ҳаром қилади”». 12  Шу пайт шогирдлари унинг олдига келиб: «Фарзийлар айтган сўзларингиздан аччиқланишганини кўрдингизми?» — дейишди. 13  Исо уларга шундай жавоб берди: «Самовий Отам экмаган ҳар қандай ўсимлик, таг-томири билан юлиб ташланади. 14  Қўяверинглар уларни. Улар — кўр йўлбошчилардир. Агар кўр кўрни етакласа, иккаласи ҳам чуқурга қулайди». 15  Шунда Бутрус: «Бизга бояги масални тушунтириб беринг»,— деб илтимос қилди. 16  Исо бўлса шундай деб айтди: «Ҳалиям тушунмадингизларми? 17  Ахир оғиз орқали кирган ҳар қандай нарса қоринга тушиб, кейин ташқарига чиқиб кетишини билмайсизларми? 18  Бироқ оғиздан чиқадиган нарсалар эса юракдан чиқади. Ана шулар инсонни ҳаром қилади. 19  Мисол учун, ёмон ниятлар, қотиллик, зинокорлик, фоҳишабозлик, ўғрилик, сохта гувоҳлик ва куфрона сўзлар юракдан чиқади. 20  Буларнинг бари инсонни ҳаром қилади, лекин ювилмаган қўллар билан овқат ейиш кишини ҳаром қилмайди». 21  Исо у ердан чиқиб, Тир ва Сидўн тарафга йўл олди. 22  У Финикия вилоятига етиб келганида, ўша ерлик бир аёл: «Эй, Ҳазратим, Довуднинг Ўғли, менга раҳм-шафқат қилинг. Қизим жинга чалиниб, жуда қийналяпти»,— деб фарёд этди. 23  Исо бўлса бир оғиз сўз айтмади. Шу пайт шогирдлари ёнига келиб: «Айтинг унга кетсин, ахир тинмай орқамиздан бақириб келяпти-ку»,— дея илтимос қилишди. 24  У эса жавобан деди: «Худо мени адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқигагина юборган». 25  Аёл Исонинг олдига келиб, тиз чўкканча: «Ҳазратим, менга ёрдам беринг!» — деди. 26  Исо бўлса: «Нонни болалардан олиб, кучукларга бериш яхши эмас»,— деб жавоб берди. 27  Шунда аёл унга: «Сиз ҳақсиз, Ҳазратим. Аммо кучуклар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тушган ушоқларни ейишади-ку»,— деди. 28  Буни эшитган Исо аёлга: «Ишончингиз жуда кучли экан. Майли, сиз хоҳлагандай бўлсин»,— деб айтди. Шу ондаёқ унинг қизи соғайиб кетди. 29  Исо у ердан жўнаб, Жалила денгизи бўйига келди ва тоққа чиқиб ўтирди. 30  Унинг ёнига катта халойиқ йиғилди. Улар ўзлари билан чўлоқ, майиб, кўзи ожиз, соқов ва кўпгина бошқа касалларни келтириб, унинг оёғи олдига қўйишар ва Исо уларга шифо берарди. 31  Соқовларнинг гапираётганидан, чўлоқларнинг юраётганидан ва кўзи ожизларнинг кўраётганидан халойиқ ҳайратга тушиб, Исроилнинг Худосига шон-шарафлар айта бошлади. 32  Исо эса шогирдларини олдига чақириб, уларга: «Халққа раҳмим келяпти. Мана уч кундан бери мен билан юришибди-ю, егани ҳеч нарсалари йўқ. Уларни оч ҳолда жўнатишни истамайман. Бўлмаса улар йўлда ҳолдан тойиб қолишади»,— деди. 33  Шогирдлари бўлса унга: «Бу хилват жойда шунча кишини тўйдириш учун қаердан нон топамиз?» — дейишди. 34  Исо: «Нечта нонингиз бор?» — деб сўради. Улар: «Еттита нон ва бир нечта кичкина балиғимиз бор»,— деб айтишди. 35  Сўнг, Исо халққа ерга ёнбошлашни буюрди-да, 36  еттита нонни ва балиқларни олди, шукрона дуосини айтиб, синдирди ва шогирдларига берди, шогирдлари эса халққа тарқатишди. 37  Ҳамма еб тўйди, қолган бурдаларни йиғиб олишганда, еттита катта сават тўлди. 38  Еганлар эса, аёллару болаларни ҳисобламаганда, 4 000 киши эди. 39  Кейин Исо халққа рухсат бериб, қайиққа ўтирди-да, Магадан* ҳудудига сузиб келди.

Изоҳлар

Бу, қўллари кир бўлган дегани эмас, аксинча яҳудийларнинг покланиш расм-русумига ишорадир.
Шунингдек, Магдала ҳам бўлиши мумкин.