Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Матто 14:1-36

14  Ўша пайтда вилоят ҳокими Ҳирод* Исо ҳақидаги гап-сўзларни эшитиб,  қулларига шундай деди: «Бу халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё-ку. У тирилиб келибди-да. Шунинг учун у орқали қудратли ишлар содир бўляпти».  Бундай дейишининг сабаби, Ҳирод бундан аввал акаси Филипнинг хотини Ҳиродияни деб Яҳёни кишанлаб, қамоққа ташлаган эди.  Чунки Яҳё Ҳиродга: «Уни хотинликка олишинг Таврот қонунига тўғри келмайди»,— деган эди.  Шунда Ҳирод Яҳёни ўлдирмоқчи бўлганди-ю, аммо халқдан қўрққанди. Негаки, халқ Яҳёни пайғамбар деб ҳисобларди.  Ҳироднинг туғилган куни нишонланаётганда, Ҳиродиянинг қизи меҳмонларнинг олдида рақсга тушиб берди ва бу Ҳиродга шунчалик ёқиб кетдики,  қиз нимаики сўраса беришга қасам ичди.  Шунда қиз онасининг айтгани бўйича: «Менга Яҳёнинг* бошини лаганга солиб келишсин»,— деди.  Шоҳни ғам босди. Бироқ меҳмонлар олдида ичган қасамини деб, қизга сўраганини келтириб беришларини буюрди. 10  Кейин Яҳёнинг бошини олдириш учун қамоққа одам юборди. 11  Яҳёнинг бошини лаганда келтириб, қизга узатишди, у бўлса онасига элтиб берди. 12  Бундан сўнг, Яҳёнинг шогирдлари келиб, унинг жасадини олиб кўмишди ва бу ҳақда бориб Исога айтишди. 13  Буни эшитгач, Исо ёлғиз қолиш учун қайиққа ўтириб, у ердан хилват жойга сузиб кетди. Лекин буни эшитган халқ шаҳарлардан чиқиб, унинг орқасидан яёв йўлга тушди. 14  Қайиқдан чиққач, Исо тумонат халойиқни кўриб, уларга ачинди ва ораларидаги касалларни соғайтирди. 15  Кеч кирганида, шогирдлари унинг олдига келиб: «Бу ер кимсасиз жой экан, бунинг устига кеч ҳам бўлиб қолди. Халойиқни қўйиб юборинг, қишлоқларга бориб, ўзларига егулик сотиб олишсин»,— дейишди. 16  Аммо Исо шогирдларига: «Уларнинг кетишига ҳожат йўқ. Уларга егуликни сизлар беринглар»,— деди. 17  Улар бўлса: «Бизда бешта нон ва иккита балиқдан бошқа ҳеч нарса йўқ»,— деб айтишди. 18  Исо: «Уларни менга олиб келинглар»,— деди. 19  Сўнг халққа ўтлоққа ёнбошлашни буюриб, бешта нон билан иккита балиқни олди-да, осмонга қараб шукрона дуосини айтди. Кейин нонларни синдириб, шогирдларига тақсимлаб берди, улар эса халққа тарқатишди. 20  Ҳамма еб тўйди. Қолган бурдаларни йиғишганида эса, тўла ўн икки сават чиқди. 21  Еганлар, аёллар ва болалардан ташқари қарийб 5 000 киши эди. 22  Исо шогирдларига ўша заҳотиёқ қайиққа ўтириб, нариги томонга сузиб ўтишни буюрди. Ўзи бўлса халққа рухсат бериш учун қолди. 23  Халққа ижозат бергач, у ибодат қилиш учун тоққа чиқди. Кечгача у ерда ёлғиз қолди. 24  Бу пайтда қайиқ соҳилдан анча олислаб кетган бўлиб, қаршидан кучли шамол эсаётгани учун, тўлқинлар қайиқни қаттиқ чайқаётган эди. 25  Тонг саҳарлаб*, Исо денгиз устида юриб шогирдлари томон борарди. 26  Улар кимдир денгиз устида юриб келаётганини кўриб, саросимага тушишди. Улар: «Бу шарпа!» — деб, қўрққанларидан қичқириб юборишди. 27  Бироқ Исо дарҳол: «Дадил бўлинглар, бу менман. Қўрқманглар»,— деди. 28  Бутрус жавобан унга: «Ҳазратим, агар бу сиз бўлсангиз, менга буюринг, мен ҳам сув устида юриб ёнингизга борай»,— деб айтди. 29  Исо унга: «Кел!» — деди. Шунда Бутрус қайиқдан чиқиб, сувнинг устида юрганча Исо томон қадам босди. 30  Аммо қаттиқ шамолни кўриб, қўрққанидан чўка бошлади. У Исога: «Ҳазратим, мени қутқаринг!» — дея ҳайқирди. 31  Исо шу ондаёқ қўлини чўзиб, уни ушлаб олди-да: «Эҳ, имони суст, нега шубҳаландинг?» — деди. 32  Улар қайиққа тушганда, шамол тинчиди. 33  Буни кўриб, қайиқдагилар унга тиз чўкиб: «Чиндан ҳам сиз Худонинг Ўғли экансиз»,— дейишди. 34  Улар нариги қирғоққа сузиб ўтиб, Генисарет юртига келишди. 35  Исонинг келганини билган ўша жой аҳолиси теварак-атрофдагиларга хабар қилишди. Шунда одамлар унинг олдига касалларини олиб келишди. 36  Улар ҳеч бўлмаганда Исонинг устки кийимининг попугига қўл теккизишни ёлвориб сўрашди. Қўл теккизганларнинг барчаси дардларидан бутунлай халос бўлишди.

Изоҳлар

Лқ 3:1 изоҳига қ.
Мт 11:12 изоҳига қ.
Сўзма-сўз «туннинг тўртинчи қоровуллигида», яъни кечаси соат учдан қуёш чиққунча вақт оралиғи.