Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Матто 11:1–30

11  Исо ўзининг ўн иккита шогирдига насиҳат бериб бўлгандан сўнг, ваъз қилиш ва таълим бериш учун у ердан бошқа жойга йўл олди.  Қамоқда ўтирган Яҳё, Масиҳнинг қилаётган ишлари ҳақида эшитганида, шогирдларини юбориб,  улар орқали: «Келиши керак бўлган сенмисан, ё бошқасини кутайликми?» — деб сўради.  Исо уларга шундай жавоб берди: «Бориб, эшитаётган ва кўраётганларингизни Яҳёга айтиб беринглар:  кўрлар кўряпти, чўлоқлар юряпти, моховлар пок бўляпти, карлар эшитяпти, ўликлар тириляпти ва камбағалларга хушхабар эълон қилиняпти.  Мендан шубҳаланмаган* киши бахтлидир».  Улар кетганидан кейин, Исо халойиққа Яҳё тўғрисида қуйидагиларни айта бошлади: «Сизлар саҳрога нима кўргани бордингизлар? Шамолда ҳилпираётган қамишними?  Хўш, нима кўргани бордингизлар? Нафис кийим кийган одамними? Ахир нафис кийимли кишилар шоҳ саройларида бўлишади-ку.  Унда нима сабабдан у ерга бордингизлар? Пайғамбарни кўрганими? Ҳа, шуни билингки, сиз кўрган киши пайғамбардан ҳам улуғдир. 10  Айнан шу инсон ҳақида: “Мана, Мен сендан аввал Ўз хабарчимни юборяпман, у сенга йўл ҳозирлайди!” — деб ёзилган. 11  Ишонаверинг: аёл зотидан туғилганлар орасида халқни сувга чўмдириб юрган Яҳёдан улуғроғи келиб чиқмаган. Аммо Осмон Шоҳлигида энг кичик мартабага эга бўлган ҳам ундан буюкроқдир. 12  Яҳёнинг* давридан то ҳозиргача Осмон Шоҳлиги — бу, одамлар жон-жаҳди билан интилаётган мақсаддир ва интилишдан тўхтамаганларгина унга эришадилар. 13  Зеро барчаси — пайғамбарлар ёзувлари ҳам, Таврот ҳам Яҳёнинг давригача башорат қилган. 14  Буни қабул қиласизларми ёки йўқми, у — келиши керак бўлган Илёс пайғамбардир. 15  Қулоғи борлар уқиб олсин. 16  Ушбу авлодни ким билан таққосласам экан? Бу авлод, бозор майдонида ўтириб олиб, ўртоқларига шундай деб бақираётган ёш болаларга ўхшайди: 17  “Биз сизларга най чалдик, сизлар бўлса ўйнамадиларинг. Биз дод-фарёд қилдик, сизлар эса кўксингизга уриб, қайғурмадиларинг”. 18  Шу сингари, Яҳё келганида на еди, на ичди. Бироқ одамлар: “Уни жин урибди”,— дейишди. 19  Инсон Ўғли келганида эса еди ҳам, ичди ҳам, аммо одамлар: “Ана, очофат, майхўр, солиқчилару гуноҳкорларнинг дўсти”,— деб айтишяпти. Нима дейишса дейишсин, одамнинг донолиги одил ишларидан кўринади». 20  Бундан сўнг, Исо ўзининг кўп қудратли ишларини кўрсатган шаҳарларга, тавба қилишмагани учун таъна қила бошлади: 21  «Ҳолингга вой, эй Ҳоразин! Ҳолингга вой, эй Байтсайда! Чунки сизларда кўрсатилган қудратли ишлар Тир билан Сидўнда кўрсатилганида эди, улар жулга ўраниб, кулга ўтириб, аллақачон тавба қилган бўлишарди. 22  Ана шу сабабли сизларга айтяпман: Ҳукм кунида сизлардан кўра Тир билан Сидўннинг жазоси енгилроқ бўлади. 23  Сен эса, эй Кафарнаҳум, наҳотки осмонгача юксала олсанг? Йўқ, сен мозорга* тушасан. Боиси, сенда кўрсатилган қудратли ишлар Садўмда кўрсатилганида эди, у шу кунгача мавжуд бўларди. 24  Шу сабабли, сизларга айтяпман: Ҳукм кунида сизлардан кўра Садўмнинг жазоси енгилроқ бўлади». 25  Исо сўзида давом этиб, шундай деди: «Эй Ота, еру осмоннинг Рабби, ҳамманинг олдида Сени улуғлайман. Чунки Сен буларни доною зукколардан яшириб, гўдакларга очиб бердинг. 26  Ҳа, Ота, зеро Сен шуни маъқул топдинг. 27  Отам менга ҳамма нарсани ошкор этди. Ўғилни Отадан бошқа ҳеч ким яхши билмайди. Худди шундай Отани ҳам Ўғилдан ва Ўғил кимга очиб беришни истаса, ўша кишидан бўлак ҳеч ким яхши билмайди. 28  Эй, заҳмат чекаётганлар ва оғир юк остида юрганлар, барчангиз олдимга келинглар. Мен сизларга роҳат бахш этаман. 29  Менинг бўйинтуруғимни олиб, мендан ўрганинглар, чунки мен мулойим ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз роҳат топади. 30  Зеро менинг бўйинтуруғим қулай ва юким енгилдир».

Изоҳлар

Сўзма-сўз «мен туфайли қоқинмаган».
Сўзма-сўз «Чўмдирувчи Яҳёнинг».
Юнонча ҳадес. Илованинг 5- мавзусига қ.