Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Матто 10:1–42

10  Шундан кейин Исо ўн икки шогирдини чақириб, уларга жинларни қувиб чиқариш ҳамда турли касаллик ва дармонсизликларни даволаш ваколатини берди.  Ўн икки ҳаворийнинг* исмлари қуйидагичадир: Бутрус деб ном олган Симун ва унинг укаси Идрис; Забадийнинг ўғиллари Ёқуб ва унинг укаси Юҳанно;  Филип ва Бартолмей*; Тўма ҳамда солиқчи Матто*; Алфейнинг ўғли Ёқуб ва Таддей*;  Ғайратли Симун ва кейинчалик Исога хиёнат қилган Яҳудо Ишқариёт.  Ушбу ўн икки кишини йўлга жўнатаркан, Исо уларга қуйидагича буйруқ берди: «Бошқа халқлар ҳудудидан ўтманглар ва самарияликлар шаҳрига кирманглар.  Сизлар яхшиси адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи олдига боринглар.  Йўлда кетаётиб: “Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди”,— деб эълон қилаверинглар.  Касалларга шифо беринглар, ўлганларни тирилтиринглар, моховларни пок қилинглар, жинларни қувиб чиқаринглар. Текинга олгансизлар, текинга беринглар.  Белбоғингиздаги ҳамёнга олтин, кумуш ёки мис пул ҳам солманглар. 10  Шунингдек, йўл учун егулик солинган тўрва ҳам, қўшимча* ички кийим ҳам, чориқ ва ҳасса ҳам олманглар, чунки ишчи ўз ризқини олишга лойиқдир. 11  Қайси шаҳар ёки қишлоққа кирсангиз, у ерда ташрифингизга муносиб бўлганларни изланглар ва кетгунингизгача ўша ерда қолинглар. 12  Бирор уйга кирганингизда, хонадон аҳлига салом беринглар. 13  Агар уй аҳли сизларни қабул қилса, тилаган тинчлигингиз уларга ёр бўлади. Борди-ю, қабул қилишмаса, тинчлигингиз ўзларингизга қайтади. 14  Мабодо, сизларни қабул қилишмаса ёки тинглашмаса, ўша уй ёки шаҳардан чиқиб кетаётиб, оёқларингиздаги чангни қоқиб ташланглар. 15  Ишонаверинг: ҳукм кунида бу шаҳарнинг аҳолисидан кўра Садўм ва Ғамўра аҳлига кўпроқ раҳм-шафқат кўрсатилади. 16  Мен сизларни юборяпман, аммо сизлар худди бўрилар орасидаги қўйлардай бўласизлар. Шундай экан, илонлардай эҳтиёткор, каптарлардай беғубор бўлинглар. 17  Ҳа, эҳтиёт бўлинглар, чунки одамлар сизларни маҳаллий маҳкамаларга топшириб, ибодатхоналарида савалашади. 18  Мен туфайли сизларни ҳокимлару подшоҳлар қошига етаклаб боришади. Ўшанда уларга ҳамда бошқа халқларга шоҳидлик қилиш имкониятига эга бўласизлар. 19  Бироқ сизларни уларнинг қўлига топширишганида, нима дейман, қандай гапираман деб, ташвишланманглар, чунки нима дейиш кераклигини ўша пайтнинг ўзида билиб оласизлар. 20  Яъни ўз-ўзингиздан эмас, балки самовий Отангизнинг қудрати ёрдамида гапирасизлар. 21  Бундан ташқари, ака укасини, ука акасини ва ота ўз боласини ўлимга топширади. Фарзандлар ота-оналарига қарши чиқиб, уларни ўлдиришади. 22  Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади; фақат охиригача чидаган нажот топади. 23  Сизларни бир шаҳарда таъқиб қилишса, бошқасига қочинглар. Ишонаверинг: Исроилнинг шаҳару қишлоқларида ваъз қилиб чиқишга улгурмасингиздан Инсон Ўғли келиб қолади. 24  Шогирд устозидан, хизматкор эса хўжайинидан устун эмас. 25  Шогирд учун устози каби ва хизматкор учун хўжайини каби бўлиш кифоядир. Агар хонадон эгасини Баалзабул* деб атасалар, уй аҳлини ҳам шундай аташлари шубҳасиздир! 26  Шунинг учун, одамлардан қўрқманглар; зеро ошкор бўлмайдиган ҳеч нарса ва маълум бўлмайдиган бирон сир йўқ. 27  Мен сизларга қоронғида айтган нарсани сизлар ёруғликда гапиринглар; қулоғингизга пичирлаб айтилганни томларда туриб эълон қилинглар. 28  Сизни ўлдиришга қурби етадиган, аммо келажакдаги ҳаётдан* маҳрум эта олмайдиган одамлардан қўрқманглар. Аксинча, сизни жаҳаннамда* йўқ қилиб юборишга қодир бўлган Зотдан қўрқинглар. 29  Иккита чумчуқ бир тангага* сотилмайдими? Бироқ, улардан биттаси ерга тушса ҳам, самовий Отангизнинг назаридан четда қолмайди. 30  Сизларга келганда эса, сочларингизнинг ҳар бир толаси саналган. 31  Хуллас, қўрқманглар: сизлар кўпгина чумчуқлардан кўра қадрлироқсиз. 32  Кимки бошқалар олдида мени тан олса, мен ҳам уни самовий Отам олдида тан оламан. 33  Кимки бошқалар олдида мени инкор этса, мен ҳам уни самовий Отам олдида инкор этаман. 34  Мени дунёга тинчлик келтиргани келган деб ўйламанглар; мен тинчлик эмас, қилич келтирдим. 35  Отани ўғлидан, онани қизидан, қайнанани келинидан айиргани келдим. 36  Дарҳақиқат, одамнинг уйидагилари унга душман бўлишади. 37  Мендан кўра отасини ёки онасини кўпроқ севган киши менинг шогирдим бўлишга муносиб эмас; мендан кўра ўғлини ёки қизини кўпроқ севган ҳам менинг шогирдим бўлишга лойиқ эмас. 38  Кимки ўзининг азоб устунини* кўтариб, менинг ортимдан юрмаса, шогирдим бўлишга арзимайди. 39  Ўз жонини сақлаб қолган, ундан маҳрум бўлади; мени деб жонидан маҳрум бўлган эса, уни сақлаб қолади. 40  Сизларни қабул қилган, мени ҳам қабул қилган бўлади; мени қабул қилган эса мени Юборганни ҳам қабул қилган бўлади. 41  Пайғамбарни пайғамбарлиги учун қабул қилган, пайғамбарга яраша мукофот олади; одил кишини одиллиги учун қабул қилган эса, одил кишига яраша мукофот олади. 42  Кимки бу кичиклардан бирига, менинг шогирдим бўлгани учун бир пиёла совуқ сув берса, ишонаверинг, у мукофотсиз қолмайди».

Изоҳлар

Луғатга қ.
Натанаил деб ҳам аталган. Юҳ 1:46; 21:2 га қ.
Леви деб ҳам аталган. Лқ 5:27 га қ.
«Ёқубнинг ўғли Яҳудо» деб ҳам аталган. Лқ 6:16; Юҳ 14:22; Ҳв 1:13 га қ.
Сўзма-сўз «иккита».
Шайтоннинг яна бир номи.
Сўзма-сўз «жондан».
Илованинг 6- мавзусига қ.
Сўзма-сўз «ассарий». 45 дақиқалик иш ҳақи. Илованинг 13- мавзусига қ.
Илованинг 10- мавзусига қ.