Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Марк 8:1-38

8  Ўша кунларда Исонинг ёнига яна катта халойиқ йиғилган эди. Уларнинг егани ҳеч нарсалари бўлмагани учун, Исо шогирдларини чақириб шундай деди:  «Халққа раҳмим келяпти. Мана уч кундан бери мен билан юришибди-ю, егани ҳеч нарсалари йўқ.  Агар уларни оч ҳолда жўнатсам, йўлда ҳолдан тойиб қолишади. Ахир баъзилари жуда узоқдан келишган-ку».  Шогирдлари бўлса унга: «Бу хилват жойда шунча кишини тўйдириш учун қаердан нон топамиз?» — дейишди.  Исо: «Нечта нонингиз бор?» — деб сўради. Улар: «Еттита»,— деб жавоб беришди.  Сўнг, Исо халққа ерга ёнбошлашни буюрди-да, еттита нонни олиб, шукрона дуосини айтди. Кейин уни синдириб, шогирдларига берди, шогирдлари эса халққа тарқатишди.  Тағин, Исо бир нечта балиқчани ҳам олиб, шукрона дуосини айтди-да, халққа тарқатишсин деб, шогирдларига берди.  Улар еб тўйишди, қолган бурдаларни йиғиб олишганда, еттита катта сават тўлди.  У ерда тахминан 4 000 эркак киши бор эди. Шундан сўнг, Исо уларга рухсат берди. 10  Сўнгра, Исо кечиктирмай шогирдлари билан бирга қайиққа ўтирди-да, Далманута атрофидаги ерларга сузиб келди. 11  У ерда Исонинг ёнига фарзийлар келиб, у билан баҳслашишга тушишди ва уни синамоқчи бўлиб, осмондан бирор аломат кўрсатишини сўрашди. 12  Исо бўлса чуқур хўрсиниб: «Нега бу насл аломат изларкан-а? Ишонаверинг: бу наслга ҳеч қандай аломат кўрсатилмайди»,— деди. 13  Шундай қилиб, Исо яна қайиққа ўтирди-да, нариги қирғоққа сузиб ўтди. 14  Исонинг шогирдлари эса ўзлари билан нон олишни унутишибди. Қайиқда битта нондан бошқа ҳеч қандай егулик йўқ эди. 15  Исо уларни қатъий огоҳлантириб: «Қаранглар, фарзийларнинг ва Ҳироднинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар»,— деди. 16  Улар эса нон олишмагани ҳақида ўзаро баҳслашиб кетишди. 17  Буни билиб қолгач, Исо уларга деди: «Нимага нонимиз йўқ, деб баҳслашяпсизлар? Ҳалиям англаб етмадиларингми? Ёки қалбларингиз фаҳмлай олмаяптими? 18  “Кўзларингиз бор-у, кўрмаяпсизлар-а? Қулоқларингиз бор-у, эшитмаяпсизлар-а?” Эсингиздами, 19  бешта нонни 5 000 эркак кишига бўлиб берганимда, бурдаларидан нечта сават териб олгандиларинг?» Улар: «Ўн иккита»,— дея жавоб беришди. 20  «Еттита нонни 4 000 эркак кишига бўлиб берганимда, бурдаларидан нечта сават териб олгандиларинг?» Улар: «Еттита»,— дея жавоб беришди. 21  Шунда Исо уларга: «Ҳалиям бунинг маъносига тушунмадиларингми?» — деди. 22  Улар Байтсайдага етиб келишганида, одамлар Исонинг олдига кўр кишини келтириб, уни соғайтиришини ўтиниб сўрашди. 23  Исо кўр кишининг қўлидан ушлаб, қишлоқ ташқарисига олиб чиқди ва кўзларига тупуриб, устига қўлларини қўйди-да: «Бирор нарсани кўряпсизми?» — дея сўради. 24  У эса бошини кўтариб, шундай деди: «Одамларни кўряпман, бироқ улар юраётган дарахтларга ўхшаяпти». 25  Кейин Исо яна қўлларини ўша кишининг кўзларига қўйди ва у аниқ кўра бошлади. Унинг кўриш қобилияти тикланиб, ҳамма нарсани тиниқ кўрадиган бўлди. 26  Сўнг, Исо уни уйига юбораётиб: «Фақат қишлоққа қайтиб борманг»,— деди. 27  Исо шогирдлари билан у ердан жўнаб, Филип Кесарияси қишлоқларига етиб келди. Йўл-йўлакай, у шогирдларидан сўради: «Одамлар Инсон Ўғлини ким деб ҳисоблашяпти?» 28  Улар жавоб бериб айтишди: «Кимдир халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё, кимдир Илёс, яна кимдир бошқа пайғамбарлардан бири дейди». 29  Шунда Исо: «Сизлар-чи, мени ким деб ўйлайсизлар?» — дея сўради. Бутрус жавоб бериб: «Сиз Масиҳсиз»,— деди. 30  Исо шогирдларига ўзи ҳақида ҳеч кимга айтмасликни қатъий буюрди. 31  Шунингдек, у Инсон Ўғли кўп азоб чекиши ва оқсоқоллар, бош руҳонийлар ҳамда уламолар томонидан рад этилиб, ўлдирилиши, учинчи куни эса тирилиши тўғрисида уларга ўргата бошлади. 32  Исо бу сўзларни очиқдан-очиқ айтар эди. Бутрус эса уни четга тортиб, таъна қила бошлади. 33  Аммо Исо ўгирилиб, шогирдларига қаради-да, Бутрусга таъна қилди: «Йўқол кўзимдан, Шайтон! Сен Худо каби эмас, инсонлардай фикр юритяпсан». 34  Сўнг Исо халойиқни ва шогирдларини ёнига чақириб, қуйидагиларни айтди: «Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин ва ўзининг азоб устунини* кўтариб, ҳамиша менга эргашиб юрсин. 35  Агар кимдир ўз жонини сақламоқчи бўлса, ундан маҳрум бўлади. Аммо мени ва хушхабарни деб, жонидан маҳрум бўлса, уни сақлаб қолади. 36  Чиндан ҳам, инсон бутун дунёга эгалик қилса-ю, ўз жонини йўқотса, бундан унга не фойда? 37  Ўз жони эвазига инсон нима ҳам бера оларди? 38  Кимки вафосиз* бу гуноҳкор насл орасида мендан ва сўзларимдан уялса, Инсон Ўғли ҳам ўзининг, самовий Отасининг ҳамда муқаддас фаришталарнинг улуғворлиги билан келганда, ўша кишидан уялади».

Изоҳлар

Илованинг 10- мавзусига қ.
Ёки «Аллоҳга вафосиз».