Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Марк 7:1-37

7  Қуддусдан келган фарзийлар билан айрим уламолар Исонинг атрофига йиғилишди.  Улар Исонинг баъзи шогирдлари қўлларини ювмасдан* овқатланишаётганини кўришди.  Барча яҳудийлар, жумладан фарзийлар ҳам ота-боболарининг урф-одатларига қаттиқ риоя қилиб, қўлларини тирсагигача ювмасдан, овқатланишмасди.  Бозордан қайтгач ҳам ўзларига сув сепиб тозаланмай туриб, овқат емасдилар. Бундан ташқари, косалар, кўзалар ва мис идишларни сувга ботириш каби бошқа кўплаб урф-одатларга қаттиқ амал қилишарди.  Шунда фарзийлар билан уламолар Исодан: «Нега шогирдларинг ота-боболаримизнинг урф-одатларини бузиб, қўлларини ювмай овқат ейишяпти?» — деб сўрашди.  Исо уларга қуйидагиларни айтди: «Ҳой иккиюзламачилар, Ишаё пайғамбар сизлар ҳақингизда: “Бу халқ тилдагина Мени ҳурмат қилади, юраклари эса Мендан узоқдир.  Уларнинг Менга топиниши беҳудадир, чунки улар инсон таълимотини Худоники деб ўргатиб юришибди”,— дея ўринли башорат қилган экан.  Сизлар Аллоҳнинг амрларини четга суриб, инсонлар чиқарган урф-одатларга риоя қиляпсизлар».  Исо яна шуларни айтди: «Сизлар ўз урф-одатларингизни сақлаб қолиш учун, Тангрининг амрларини эпчиллик билан бекор қиляпсизлар. 10  Мисол учун, Мусо пайғамбар: “Ота-онангни ҳурмат қил” ва “Отасини ёки онасини ҳақорат қилган ўлимга топширилсин”,— деб айтган. 11  Сизлар бўлса: “Инсон отасига ёки онасига: “Сизга фойдаси тегадиган нарсаларимнинг бари қурбонликдир (яъни Худога бағишланган ҳадя)”,— деб айтишга ҳақли”,— дейсизлар 12  Бу билан сизлар унинг ўз ота-онасига яхшилик қилишига тўсқинлик қиляпсизлар. 13  Шу тариқа урф-одатларингизни бошқаларга ўтказиб, Аллоҳнинг каломини йўққа чиқаряпсизлар. Бунга ўхшаш яна кўп ишларни ҳам қиляпсизлар». 14  Кейин Исо халқни ёнига чақириб, уларга қуйидагиларни айтди: «Барчангиз сўзларимга қулоқ солиб, мағзини чақинглар. 15  Ташқаридан кирган ҳеч бир нарса одамни ҳаром қилмайди. Аксинча, инсонни ҳаром қиладиган нарса унинг ичидан чиқади». 16  * —— 17  Исо халқни тарк этиб, уйга кирганида, шогирдлари ундан бояги мисол тўғрисида сўрай бошлашди. 18  Шунда Исо уларга деди: «Наҳотки сизлар ҳам уларга ўхшаб тушунмаётган бўлсангиз? Ташқаридан кирган ҳеч бир нарса инсонни ҳаром қилмаслигини билмайсизларми? 19  Ахир бу нарсалар юракка эмас, қоринга тушиб, кейин ташқарига чиқиб кетади-ку». Шу йўсин, Исо ҳар қандай егуликни ҳалол қилди. 20  Исо яна гапини давом эттирди: «Инсоннинг ичидан чиқадиган нарсалар уни ҳаром қилади. 21  Зеро ичдан, яъни қалбдан ёмон фикрлар чиқиб, улар зино, ўғрилик, қотиллик, 22  бевафолик, очкўзлик, ярамас ишлар, ёлғон, ахлоқсиз хулқ, ҳасад*, ҳақоратли сўзлар, такаббурлик, ақлсизликка олиб боради. 23  Ушбу ёмон нарсаларнинг барчаси одамнинг ичидан чиқиб, уни ҳаром қилади». 24  Исо у ердан чиқиб, Тир ва Сидўн атрофларига бориб, бир уйга кирди. У келгани ҳақда ҳеч ким билишини истамади, лекин барибир эътибордан четда қолмади. 25  Қизалоғи ёвуз руҳга чалинган бир аёл Исо тўғрисида эшитиши биланоқ, келиб унинг оёқлари остига йиқилди. 26  Бу аёл юнон бўлиб, Суриядаги Финикиядан келган эди. У қизидан ёвуз руҳни қувиб чиқаришни Исодан ўтиниб сўрай бошлади. 27  Аммо Исо унга: «Аввал болалар тўйсин. Ахир нонни болалардан олиб, кучукларга бериш яхши эмас-ку»,— деди. 28  Аёл бўлса жавобан шундай деди: «Тақсир, сиз ҳақсиз. Лекин кучуклар ҳам болалар дастурхонидан тушган ушоқларни териб ейишади-ку». 29  Шунда Исо аёлга: «Бундай деганингиз учун уйингизга бораверинг, жин қизингиздан чиқиб кетди»,— деб айтди. 30  Аёл уйига келди-да, қизалоғининг жиндан қутулиб, тўшакда ётганини кўрди. 31  Исо Тир ён-атрофларидан қайтаётганда, Сидўнни оралаб ўтиб, Ўнкент вилоятлари орқали Жалила денгизи томон йўл олди. 32  Ўша ерда унинг олдига кар ва яхши гапира олмайдиган бир одамни келтириб, унга қўл теккизишини ёлвориб сўрашди. 33  Исо бу одамни халойиқ орасидан четроққа олиб чиқди. Кейин бармоқларини унинг қулоқларига тиқди-да, тупуриб, тилига теккизди. 34  Сўнгра Исо осмонга қаради-да, оғир хўрсиниб: «Эффатаҳ», яъни «Очил»,— деди. 35  Шу онда бу одамнинг қулоқлари очилиб, тилга кирди ва равон гапира бошлади. 36  Исо ўша ердагиларга бу ҳақда ҳеч кимга айтмасликни буюрди. Аммо уларга қанча ман этмасин, улар барибир бу ҳақда овоза қилаверишарди. 37  Улар жудаям ҳайратда қолиб: «У ҳамма ишларни яхши бажаряпти. У ҳатто карларни эшитадиган, соқовларни гапирадиган қиляпти»,— дейишарди.

Изоҳлар

Мт 15:2 изоҳига қ.
Мт 17:21 изоҳига қ.
Сўзма-сўз «ҳасадли кўз».