Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Марк 4:1-41

4  Исо яна денгиз бўйида таълим бера бошлади. Унинг олдида катта халойиқ тўплангани учун, у қайиққа тушиб, бироз нарига сузиб борди. Халойиқ эса денгиз соҳилида қолди.  Исо масаллар ёрдамида уларга кўп нарсаларни ўргатиб, қуйидагиларни айтиб берди:  «Қулоқ солинглар! Уруғ сепувчи уруғ сепгани чиқибди.  Уруғларни сепган экан, баъзилари йўл ёқасига тушибди ва қушлар келиб, уларни чўқиб кетишибди.  Айримлари тупроғи кам, тошлоқ жойга тушган экан, тупроқ саёз бўлгани учун уруғлар тез орада униб чиқибди.  Аммо чуқур томир отмагани сабабли, қуёш чиқиб исий бошлаганида, қуриб қолибди.  Бошқалари тиканлар орасига тушган экан, тиканлар ўсиб чиқиб, уларни бўғиб қўйгани учун улар ҳосил бермабди.  Қолган уруғлар эса яхши тупроққа тушибди. Улар униб чиқиб, ўттиз, олтмиш ва юз баробар кўп ҳосил берибди».  Сўнг Исо: «Қулоғи борлар уқиб олсин»,— деб қўшиб қўйди. 10  Халойиқ кетгандан кейин, Исонинг ёнидагилар ва ўн икки ҳаворийси бу масаллар тўғрисида сўрашди. 11  Исо уларга шундай жавоб берди: «Сизлар Худо Шоҳлигининг муқаддас сирини тушунасизлар, қолганлар учун эса эшитганларининг ҳаммаси масал бўлиб қолаверади. 12  Токи улар қарашга қарашсин-у, аммо кўра олишмасин, тинглашга тинглашсин-у, аммо маъносини тушунишмасин ва Худо уларни кечириши учун йўлларидан қайтишмасин». 13  Кейин уларга: «Агар бу масални тушунмаган бўлсаларинг, қолганларини қандай тушунасизлар?» — деди. 14  «Уруғ сепувчи Аллоҳнинг каломини сепади. 15  Айрим одамлар йўл ёқасига тушган уруққа ўхшайди. Улар каломни эшитиши биланоқ, Шайтон келиб, уларнинг қалбига сепилган каломни олиб кетади. 16  Худди шундай, баъзилар тошлоқ жойга тушган уруғ кабидир. Бундайлар каломни эшитган замон қувонч билан қабул қилишади. 17  Гарчи улар чуқур томир отмаган бўлишса-да, бир неча вақтгача ўсаверишади. Аммо Тангрининг каломи учун қайғу ва қувғинга дучор бўлишган заҳоти ишонмай қўйишади. 18  Яна бошқалари эса тиканлар орасига тушган уруққа ўхшашдир. Улар Худонинг каломини эшитишади-ю, 19  лекин замонанинг ташвишлари, алдамчи бойлик ва бошқа орзу-ҳаваслар юракларига суқилиб кириб, каломни бўғиб қўяди-да, у самарасиз бўлиб қолади. 20  Ниҳоят, айримлар яхши тупроққа тушган уруғни билдиради. Улар Аллоҳнинг каломини эшитиб, уни чин дилдан қабул қилишади ва ўттиз, олтмиш ҳамда юз баробар кўп ҳосил беришади». 21  Исо сўзида давом этиб, шуларни айтди: «Чироқни олиб келиб, саватнинг* ёки хонтахтанинг* тагига қўйишадими? Ахир уни олиб келиб, чироқпоянинг устига қўйишмайдими? 22  Зеро ошкор бўлмайдиган ҳеч нарса ва маълум бўлмайдиган бирон сир йўқ. 23  Қулоғи борлар уқиб олсин». 24  Кейин Исо қуйидагиларни ҳам айтди: «Эшитаётган нарсаларингизга диққат қилинглар. Сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангиз, сизларга ҳам шундай ўлчов билан ўлчаб берилади. Ҳатто қўшиб ҳам берилади. 25  Кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, ундан бор деб ўйлаган нарсаси ҳам тортиб олинади». 26  Исо яна гапириб, шундай деди: «Худонинг Шоҳлиги ерга уруғ сепган одамга ўхшайди. 27  У кечаси билан ухлаб, кундузи туради. Уруғ бўлса униб-ўсаверади. Аммо бу киши унинг қандай ўсаётганини билмайди. 28  Ер ўз-ўзидан аста-секин ҳосил бера бошлайди: аввал кўкат униб чиқади, кейин бошоқ чиқаради ва ниҳоят бошоқ донга тўлади. 29  Ҳосил пишиб, ўрим-йиғим вақти келиши биланоқ, одам ўроқни ишга солади». 30  Сўнгра Исо шуларни гапирди: «Худонинг Шоҳлигини нимага ўхшатайлик? Уни қандай масал билан ифодаласак бўлади? 31  У хантал уруғига* ўхшайди. Бу уруғ ерга экилаётган пайтда, барча уруғлардан энг кичиги бўлса-да, 32  ўсиб чиққач бошқа ўсимликлардан баланд бўлиб, дарахтга айланади. Қушлар учиб келиб, унинг шохларида ин қуришади». 33  Исо бу сингари кўп масаллар ёрдамида Тангрининг каломини сўзлаб, уларнинг тушуниш қобилиятига қараб гапирди. 34  Масалсиз уларга гапирмасди, лекин шогирдларига алоҳида ҳаммасини тушунтириб берарди. 35  Ўша куни кеч киргач, Исо шогирдларига: «Нариги қирғоққа сузиб ўтайлик»,— деди. 36  Шунда улар халойиқни жўнатишди-да, дарҳол Исони ўтирган қайиғида олиб кетишди. Ўша ерда бошқа қайиқлар ҳам бор эди. 37  Тўсатдан кучли бўрон кўтарилиб, тўлқинлар қайиққа урилаверганидан қайиқ сувга тўла бошлади. 38  Исо қайиқнинг орқа томонида ёстиққа бош қўйиб, ухлаб ётганди. Шогирдлари уни уйғотиб: «Устоз, биз ўлиб кетсак ҳам, сизга барибирми?» — дейишди. 39  Исо ўрнидан туриб, шамолга дўқ урди-да, денгизга: «Жим бўл! Тинчлан!» — деди. Шунда шамол тиниб, чуқур сукунат чўкди. 40  Сўнг у шогирдларига қараб: «Нега бунчалик қўрқиб кетдингизлар? Ҳалиям имонингиз йўқми?» — деб айтди. 41  Улар эса жуда қўрқиб, бир-бирига шундай дейишарди: «Бу қандай одамки, ҳатто шамол ҳам, денгиз ҳам унга бўйсуняпти-я?!»

Изоҳлар

Дон-дунлар ўлчанадиган идиш.
Сўзма-сўз «каравотнинг».
Мт 13:31 изоҳига қ.