Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Марк 3:1-35

3  Исо тағин ибодатхонага кирганда, у ерда қўли шол бир одам бор эди.  Фарзийлар Исони айблаш мақсадида, бу кишини Шаббат кунида соғайтирармикин, деб уни диққат билан кузатиб туришарди.  Исо қўли шол кишига: «Ўрнингиздан туриб, ўртага чиқинг»,— деди.  Кейин у фарзийлардан: «Қонун бўйича Шаббат кунида нима қилиш мумкин: яхшиликми, ёмонликми? Жонни сақлашми ё ҳалок қилишми?» — дея сўради. Улар эса индашмади.  Ўшанда Исо уларнинг бағри тошлигидан қайғуриб, уларга қаҳр билан қаради-да, қўли шол кишига: «Қўлингизни узатинг»,— деди. У қўлини узатиши биланоқ, қўли соғайиб кетди.  Шу заҳоти фарзийлар чиқиб, Исони ўлдириш учун Ҳироднинг тарафдорлари билан тил бириктиришди.  Лекин Исо шогирдлари билан денгиз бўйига кетди. Жалила ва Яҳудиядан бир тўда одамлар унинг орқасидан эргашишди.  Унинг яратган мўъжизалари ҳақида эшитиб, Қуддус ва Идумеядан, Иорданнинг нариги қирғоғидан, Тир билан Сидўн атрофларидан Исонинг олдига анча инсонлар келишарди.  Халойиқнинг орасида қисилиб қолмаслик учун Исо шогирдларига кичик бир қайиқни тайёрлаб қўйишни буюрди. 10  Исо кўп одамларга шифо бергани учун оғир дардларга йўлиққан кишилар соғайиш ниятида у томон ёпирилишарди. 11  Ҳатто жинлар ҳам Исони кўришганда, унинг олдига йиқилиб: «Сен Худонинг Ўғлисан»,— дея бақиришарди. 12  Аммо Исо уларга кўп маротаба у ким эканини айтишни ман этарди. 13  Сўнгра Исо тоққа кўтарилди ва ўзи хоҳлаган кишиларни ёнига чақирди. Улар келишганда, 14  у ўн иккитасини танлаб, «ҳаворийлар» деб атади. Токи улар Исо билан бирга юриб, ваъз қилишсин. 15  Шунингдек, жинларни қувиб чиқариш қудратига эга бўлишсин. 16  Ўша ўн икки киши қуйидагилардир: ўзи Бутрус деб атаган Симун, 17  Забадийнинг ўғиллари Ёқуб ва унинг укаси Юҳанно (Исо уларни шунингдек Банирагаш, яъни «момақалдироқ ўғиллари» деб атаган), 18  Идрис, Филип, Бартолмей, Матто, Тўма, Алфейнинг ўғли Ёқуб, Таддей, ғайратли Симун 19  ва кейинчалик Исога хиёнат қилган Яҳудо Ишқариёт. Исо уйга кирди. 20  Яна шунчалик кўп одам йиғилдики, ҳатто улар таом ҳам ея олишмади. 21  Исонинг қариндошлари бўлиб ўтган воқеалардан хабар топиб: «У ақлдан озибди»,— дея уни олиб кетгани боришди. 22  Шунингдек, Қуддусдан келган уламолар: «Унинг ичига Баалзабул* кириб олган ва у ёвуз руҳларни жинлар ҳукмдори ёрдами билан қувиб чиқаряпти»,— дейишарди. 23  Шунда Исо уларни чақиртириб, қуйидаги мисолларни келтирди: «Қандай қилиб Шайтон Шайтонни қувиб чиқариши мумкин? 24  Ахир шоҳлик ичидан бўлиниб кетса, ўша шоҳлик тура олмайди-ку. 25  Ёки уй ичидан бўлинса, ўша уй ҳам тура олмайди. 26  Худди шундай Шайтон ўзига қарши чиқиб бўлиниб кетган бўлса, у тура олмайди. Унинг охирати яқиндир. 27  Ҳеч ким бақувват одамнинг уйига кириб, аввал уни боғламай туриб, унинг мулкини ўғирлай олмайди. Уни боғлаган ҳолдагина уйини талон-тарож қила олади. 28  Ишонаверинг: инсонлар қандай гуноҳ ишлар қилишмасин ёки қандай ҳақоратли сўзлар айтишмасин, ҳаммаси кечирилади. 29  Лекин ким муқаддас руҳни куфр этса, ҳеч қачон кечирилмайди. Гуноҳи учун тоабад айбдор ҳисобланади». 30  Исо бундай сўзларни «унинг ичига жин кириб олган», дейишгани боис айтди. 31  Шу пайт Исонинг онаси билан укалари келиб қолишди. Улар кўчада туриб, Исони чақириб келиш учун одам юборишди. 32  Исонинг атрофида кўпгина одамлар ўтиришарди. Шунда Исога: «Ана, онангиз билан укаларингиз сизни кўчада излашяпти»,— деб айтишди. 33  У эса жавобан деди: «Менинг онам ва укаларим ким?» 34  Кейин атрофдагиларга назар ташлаб, шундай деди: «Мана менинг онам ва укаларим! 35  Ким Аллоҳнинг иродасини бажарса, ўша менинг укам, синглим ва онам бўлади».

Изоҳлар

Шайтоннинг яна бир номи. Луғатга қ.