Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Марк 13:1-37

13  Исо маъбаддан чиқиб кетаётганида, шогирдларидан бири унга: «Устоз, бу тошлару иморатларга қаранг!» — деди.  Исо эса унга: «Бу ҳашаматли иморатларни кўряпсанми? Бу ерда тош устида тош қолмайди, ҳаммаси ер билан яксон бўлади»,— деб айтди.  Исо Зайтун тоғига чиқиб, маъбад кўринадиган жойда ўтирганда, Бутрус, Ёқуб, Юҳанно ва Идрис алоҳида унинг ёнига келиб:  «Устоз, бу воқеалар қачон содир бўлади? Улар қачон тугашини қайси белгидан билиб оламиз?» — дея сўрашди.  Шунда Исо уларга қуйидагиларни айтди: «Эҳтиёт бўлинглар, тағин биров сизларни йўлдан урмасин.  Чунки кўплар менинг номим билан келишади ва “Мен ўшаман”, дея анча-мунчасини йўлдан оздиришади.  Ҳар хил жойларда урушлар бўлаётганини эшитганингизда, ваҳимага тушманглар, ахир бу воқеалар юз бериши муқаррар. Аммо бу, ҳали охират эмас.  Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади. Кўп жойларда озиқ-овқат етишмовчилиги ва зилзилалар бўлади. Булар эса азобларнинг бошланиши холос.  Сизлар эса ўзингизга эҳтиёт бўлинглар. Боиси, одамлар менинг номим туфайли сизларни тутиб, маҳаллий маҳкамаларга топширишади. Ибодатхоналарда сизларни калтаклаб, шоҳлару ҳокимлар олдига етаклаб боришади. Бу сизларга шоҳидлик қилиш имкониятини яратади. 10  Чунки аввало барча халқларга хушхабар эълон этилиши лозим. 11  Сизларни маҳкамага етаклаб боришганда эса, нима дейман деб ташвишланманглар. Ўша пайтда муқаддас руҳ томонидан сизларга нима берилса, шуни гапиринглар. Негаки сизлар эмас, балки муқаддас руҳ гапиради. 12  Бундан ташқари, ака укасини, ука акасини ва ота ўз боласини ўлимга топширади. Фарзандлар ота-оналарига қарши чиқиб, уларни ўлдиришади. 13  Менинг номим туфайли одамлар сизлардан нафратланишади. Аммо охиригача чидаган қутулади. 14  Вайронагарчилик келтирадиган жирканч нарсанинг номуносиб жойда турганини кўрганингизда (ўқиган ўзи фаҳмлаб олсин), Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин. 15  Томда турган киши бирор нарсасини олиш учун пастга тушиб, уйига кирмасин. 16  Ким далада бўлса, устки кийимларини олиш учун уйига қайтиб бормасин. 17  Ўша кунларда ҳомиладор бўлган аёллару эмизикли оналарнинг ҳолига вой! 18  Бу нарсалар қишга тўғри келиб қолмасин деб, ибодат қилинглар. 19  Чунки ўшанда шунақанги қайғу бўладики, Худо дунёни яратганидан бери бунақаси ҳали бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди. 20  Агар Яҳова ўша кунларни қисқартирмаганида эди, бирон жонзот ҳам тирик қолмасди. Аммо танланган кишилар учун бу кунлар қисқартирилади. 21  Шунда бирортаси сизларга: “Қаранглар, Масиҳ шу ерда!” ёки “Ана у ерда!” — деб айтса ҳам, ишонманглар. 22  Сабаби, кўпгина сохта Масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложи бўлса ҳатто танланганларни ҳам йўлдан оздириш ниятида буюк аломатлару мўъжизалар кўрсатишади. 23  Сизлар эса ҳушёр туринглар. Мен сизларга барчасини олдиндан айтиб қўйдим. 24  Ўша кунлардаги қайғудан сўнг қуёш қорайиб, ой нурини сочмай қўяди. 25  Юлдузлар осмондан тушиб, самовий кучлар ларзага келади. 26  Шунда улар Инсон Ўғлининг куч-қудрат ва шон-шуҳрат билан булутлар узра келаётганини кўришади. 27  У фаришталарини юборади ва улар ернинг бир четидан осмоннинг бир четига қадар, дунёнинг тўрт бурчагидан* Аллоҳ танлаган кишиларни йиғишади. 28  Анжир дарахтидан ибрат олинглар: унинг шохлари кўкариб, барг чиқараётганидан ёз яқинлашганини биласизлар. 29  Шунга ўхшаб, сизлар ҳам барча бу воқеаларни кўрганингизда, Инсон Ўғли яқин, эшик олдида турганини билинглар. 30  Ишонаверинг: бу авлод ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси амалга ошади. 31  Осмон билан ер йўқ бўлиб кетса ҳам, менинг сўзларим пучга чиқмайди. 32  У кун ва у соат ҳақида осмондаги фаришталар ҳам, Ўғил ҳам билмайди. Фақатгина самовий Отам билади. 33  Шундай экан кўз-қулоқ бўлиб, ҳушёр туринглар, чунки аниқ кунни ҳам, соатни ҳам билмайсизлар. 34  Бу, узоқ сафарга жўнаб кетаётган одамга ўхшайди. У уй-жойини хизматкорларига қолдириб, ҳар бирига вазифа бериб, дарвозабонга эса ҳушёр бўлиб туришни буюриб кетади. 35  Хуллас, ҳушёр туринглар, чунки уйнинг эгаси қайси маҳалда — кечқурунми*, ярим тундами*, хўроз қичқиргандами* ёки тонг саҳардами* — келишини билмайсизлар. 36  Тағин у кутилмаганда келиб қолиб, сизларни ухлаб ётган ҳолда топмасин. 37  Сизларга айтаётганимни барчага айтаман: ҳушёр туринглар».

Изоҳлар

Сўзма-сўз «тўрт шамолидан».
Сўзма-сўз «туннинг биринчи қоровуллигидами».
Сўзма-сўз «туннинг иккинчи қоровуллигидами».
Сўзма-сўз «туннинг учинчи қоровуллигидами».
Сўзма-сўз «туннинг тўртинчи қоровуллигидами».