Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

Марк 12:1–44

12  Кейин Исо уларга масаллар келтира бошлади: «Бир киши узумзор ўтқазибди-да, атрофини панжара билан ўраб, ичида узум эзадиган чуқурлик қазибди. Сўнг минора қурибди-да, уни боғбонларга топшириб, ўзи эса узоқ сафарга кетибди.  Ҳосил йиғиш пайти келганда, боғбонлар меваларни териб беришсин деб, уларнинг олдига хизматкорини юборибди.  Аммо боғбонлар уни уриб, қуруқ қўл билан жўнатишибди.  Узумзор эгаси яна бир хизматкорни юборибди. Лекин улар унинг бошини ёриб, хўрлаб жўнатишибди.  Шундан кейин у яна битта хизматкорни юборибди. Бироқ уни ҳам боғбонлар ўлдиришибди. Ўша киши кўп бошқа хизматкорларини жўнатган экан, лекин улар баъзиларини калтаклаб, бошқаларини эса ўлдиришибди.  Узумзор эгасининг севикли бир ўғли бор экан. Охири у ўғлини боғбонларнинг олдига юбориб: “Ҳеч бўлмаса ўғлимни ҳурмат қилишар”,— дебди.  Боғбонлар эса бир-бирига: “Ахир бу меросхўр-ку! Келинглар, уни ўлдирамиз, шунда мерос бизники бўлади”,— дейишибди.  Хуллас, улар ўғилни ўлдириб, узумзор ташқарисига чиқариб ташлашибди.  Хўш, узумзор эгаси боғбонларни энди нима қилар экан? У келиб, боғбонларни ўлдиради-да, узумзорни бошқаларга ижарага беради. 10  Наҳот Муқаддас Ёзувлардаги: “Қурувчилар кераксиз деб ташлаган тош, иморатнинг бурчагига қўйиладиган негиз тоши бўлиб чиқди. 11  Бу Яҳованинг иши, биз учун бир мўъжизадир”,— дейилганини ўқимаган бўлсангиз?» 12  Бош руҳонийлар, уламолар ва оқсоқоллар Исо бу масални улар ҳақида айтганини пайқаб, уни шу ондаёқ қўлга туширмоқчи бўлишди-ю, бироқ халқдан қўрқишди. Шу сабабли, улар Исони қолдириб кетишди. 13  Бундан кейин улар Исони сўзидан тузоққа илинтириш учун олдига фарзийлардан баъзиларини ва Ҳироднинг тарафдорларини юборишди. 14  Улар келиб: «Устоз, сиз ростгўй эканингизни ва Аллоҳнинг йўли тўғрисида ҳақиқатни ўргатишингизни биламиз. Шунингдек, бошқаларнинг фикри сизни ташвишга солмайди, чунки сиз инсоннинг ташқи кўринишига қараб муомала қилмайсиз. Бизга айтинг-чи, подшоҳга* солиқ тўлаш керакми ёки йўқми? 15  Хўш, тўлайликми ё тўламайликми?» Исо уларнинг иккиюзламачилигини билиб: «Нега мени синаяпсизлар? Қани, менга динорни* кўрсатинглар-чи»,— деди. 16  Улар унга бир динор олиб келишди. Кейин Исо улардан сўради: «Бу ердаги сурат ва исм кимники?» Улар: «Подшоҳники»,— дейишди. 17  Шунда Исо уларга: «Унда подшоҳнинг ҳақини подшоҳга, Аллоҳнинг ҳақини Аллоҳга беринглар»,— деб жавоб берди. Улар Исонинг гапларидан донг қотиб қолишди. 18  Сўнг, тирилишга ишонмайдиган саддуқийлар Исонинг олдига келиб, шундай савол беришди: 19  «Устоз, Мусо пайғамбаримиз айтган эдиларки, агар киши фарзанд кўрмай ўтиб кетса, укаси унинг хотинига уйланиб, акасига авлод қолдириши керак. 20  Бизда еттита ака-ука бор эди. Каттаси уйланиб, ҳеч қандай наслсиз ўтиб кетди. 21  Шунда унинг хотинига иккинчиси уйланиб, ҳеч қандай наслсиз ўтиб кетди. Худди шундай вазият учинчиси билан ҳам юз берди. 22  Шундай қилиб, еттови ҳам бола кўрмай вафот этди. Охири аёл ҳам қазо қилди. 23  Хўш, ўлганлар тирилганда, бу аёл қайси бирининг хотини ҳисобланади? Ахир еттови ҳам унга уйланган-ку». 24  Исо уларга жавобан айтди: «Сизлар Муқаддас Ёзувларни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмаганингиз учун адашяпсизлар. 25  Ахир одамлар тирилганда на уйланишади, на эрга тегишади. Лекин улар фаришталар каби ҳаёт кечиришади. 26  Тирилиш борасида, Мусо пайғамбар китобида, ёнаётган бута ҳақидаги ҳикояда Аллоҳ: “Мен Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худосиман”,— деганини ўқимаганмисизлар? 27  У ўликларнинг эмас, тирикларнинг Тангрисидир. Хуллас, сизлар ёмон адашяпсизлар». 28  Шу пайтда уламолардан бири, уларнинг мунозарасини ва Исонинг уларга яхши жавоб берганини эшитиб, Исодан: «Қайси амр энг муҳим ҳисобланади?» — дея сўради. 29  Исо ўша кишига жавоб бериб деди: «Энг муҳим амр: “Тингла эй Исроил, Аллоҳимиз Яҳова — ягона Яҳовадир. 30  Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг, бутун онгинг ва бутун қувватинг билан сев”. 31  Иккинчиси эса: “Яқинингни ўзингни севгандай сев”. Бу амрлардан муҳимроқ амр йўқ». 32  Уламо унга шундай деди: «Сиз ҳақсиз Устоз. Чунки сиз ҳақиқатга мувофиқ айтдингиз: “Аллоҳ — ягонадир ва Ундан бошқаси йўқ”. 33  Тўғри, Худони бутун қалб, бутун онг* ва бор куч билан севиш керак. Шунингдек, яқинни ўзини севгандай севиш лозим. Бу ҳар қандай қурбонликлардан* афзалроқдир». 34  Шунда Исо ўша кишининг оқилона жавоб берганини кўриб: «Сиз Худонинг Шоҳлигига яқинсиз»,— деди. Шундан кейин Исога ҳеч ким савол беришга журъат эта олмади. 35  Маъбадда таълим бераётиб, Исо қуйидагиларни айтди: «Нима учун уламолар Масиҳни Довуднинг ўғли деб айтишади? 36  Ахир Довуд муқаддас руҳга тўлиб шундай деган-ку: “Яҳова Ҳазратимга деди: “Душманларингни оёғинг остига қўймагунимча Менинг ўнг томонимда ўтир”. 37  Агар Довуд уни “Ҳазратим” деб атаган бўлса, унда қандай қилиб у Довуднинг ўғли бўла олади?» Халойиқ маза қилиб Исони тингларди. 38  Исо яна шундай дея таълим берарди: «Уламолардан эҳтиёт бўлинглар. Улар узун кийимда юришни, бозор майдонларида алик олишни, 39  ибодатхоналарда юқори ўринни эгаллашни ва зиёфатларда тўрда ўтиришни яхши кўришади. 40  Шунингдек, улар беваларнинг мол-мулкини тортиб олиб, уларнинг ҳисобидан кун кечиришади ҳамда хўжакўрсинга узун-узун дуолар ўқишади. Бундайлар оғирроқ ҳукмга мубтало бўлишади». 41  Кейин Исо хайр-эҳсон идишларига пулларини солаётган кишиларни кўриш учун ўтирди-да, уларни кузата бошлади. Кўп бойваччалар анчагина пул ташлашарди. 42  Бир камбағал бева аёл эса ўша жойга келиб, икки чақа* ташлади. 43  Шунда Исо шогирдларини чақириб, уларга деди: «Ишонаверинг: бу бева аёл камбағал бўлишига қарамай, ҳаммадан кўпроқ солди. 44  Чунки ўша кишилар ўзларидан ортиб қолганини солишди, бу аёл эса ўзи муҳтож бўла туриб, қўлида борини эҳсон қилди».

Изоҳлар

Сўзма-сўз «Қайсарга». Юнонча Кесарос, баъзи Рим императорларининг унвони.
Луғатга қ.
Сўзма-сўз «тушунча».
Ёки «бутунлай куйдириладиган ва бошқа қурбонликлардан».
Сўзма-сўз «икки лепта». Бу, яҳудийларнинг энг кичик мис ёки бронза тангаси эди. Илованинг 13- мавзусига қ.