Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Марк 11:1-33

11  Улар Қуддусга, Зайтун тоғида жойлашган Байтфагия ва Байтанияга яқинлашиб қолишганида, Исо ўзидан олдин икки шогирдини жўнатиб,  уларга шундай деди: «Рўпарангиздаги қишлоққа боринглар. У ерга киришингиз биланоқ, ҳали ҳеч ким минмаган хўтикни боғланган ҳолда топасизлар. Уни ечиб олиб келинглар.  Мабодо, кимдир сизлардан: “Нима қиляпсизлар?” — деб сўраб қолса, унга: “Бу хўтик Ҳазратимизга керак, уни дарҳол қайтариб беради”,— деб айтинглар».  Шогирдлар боришди ва кўчада эшик олдида боғланган хўтикни топиб, уни ечишди.  Ўша ерда турган баъзи одамлар эса: «Нимага хўтикни ечяпсизлар?» — деб сўрашди.  Шогирдлар худди Исо айтганидай жавоб беришди ва одамлар уларга рухсат беришди.  Улар хўтикни олиб келиб, устига ўз кийимларини ёзишди ва Исо хўтикка минди.  Шунингдек, кўпчилик ўз кийимларини, бошқалар эса йўл бўйидаги дарахтларнинг новдаларини кесиб, унинг йўлига пойандоз қилишарди.  Исонинг олди ва орқасида келаётганлар тинмай шундай дея хитоб қилишарди: «Ёлворамиз, уни қутқар! Яҳованинг номидан келаётган муборакдир! 10  Отамиз Довуднинг келаётган шоҳлиги муборак бўлсин! Арши аълода ўтирганга ёлворамиз, унга нажот берсин!» 11  Исо Қуддусдаги маъбадга кириб, атрофдаги барча нарсага назар ташлади. Вақт кеч бўлиб қолгани учун, у ўн икки шогирди билан бирга Байтанияга борди. 12  Эртасига, Байтаниядан қайтишаётганда, Исонинг қорни очди. 13  У узоқдан барглари чиққан анжир дарахтини кўриб, бирорта меваси бормикин, дея ёнига борди. Аммо барглардан бошқа ҳеч нарса топа олмади, чунки ҳали анжир териш вақти эмасди. 14  Шунинг учун Исо: «Бундан буён сенда ҳеч қачон мева бўлмасин»,— деди. Шогирдлари эса буни эшитиб туришган эди. 15  Сўнг улар Қуддусга келишди. У ерда Исо маъбадга кириб, олди-сотди қилаётганларнинг ҳаммасини қувиб чиқарди. Пул алмаштирувчиларнинг пештахталарини ва каптар сотувчиларнинг курсиларини ағдариб юборди. 16  Ҳатто маъбад ичидан бирор нарса кўтариб ўтишга ҳам рухсат бермади. 17  У таълим бериб, шундай дерди: «Муқаддас Ёзувларда: “Менинг уйимни барча халқларнинг ибодат уйи дейишади”,— деб айтилган. Сизлар бўлса уни қароқчилар уясига айлантириб юбордингизлар». 18  Бош руҳонийлар билан уламолар эса буни эшитиб, Исони ўлдириш пайига тушишди. Улар Исодан қўрқишарди, чунки ҳамма унинг таълимотидан лол қолганди. 19  Кеч кирганда, улар шаҳардан чиқиб кетишди. 20  Эрта тонгда улар яна анжир дарахти ёнидан ўтиб кетаётиб қарашса, у томиригача қуриб қолибди. 21  Шунда Бутрус кечаги воқеани эслаб: «Устоз қаранг, сиз лаънатлаган анжир дарахти қуриб қолибди!» — деди. 22  Исо жавобан уларга қуйидагиларни айтди: «Аллоҳга эътиқод қилинглар. 23  Ишонаверинг: агар кимдир бу тоққа: “Кўтарил-да, денгизга отил”,— деса ва қалбида шубҳа қилмай, айтгани бажо бўлишига ишонса, ўша нарса бўлади. 24  Шунинг учун сизларга айтяпман: ибодатда нимаики сўрасангизлар, уни олишингизга аниқ ишонинглар ва ўша нарсага эга бўласизлар. 25  Ибодат қилиб турганингизда, бировдан норози бўлсангиз, уни кечиринглар. Шунда осмондаги Отангиз ҳам сизларнинг айбларингизни кечиради». 26  * —— 27  Кейин улар яна Қуддусга келишди. Исо маъбадда юрганида, бош руҳонийлар, уламолар ва оқсоқоллар унинг ёнига келиб: 28  «Бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қиляпсан? Бу ҳуқуқни сенга ким берди?» — дея сўрашди. 29  Исо уларга жавобан деди: «Мен ҳам сизларга бир савол берай. Агар жавоб берсангизлар, мен ҳам қандай ҳуқуқ билан қилаётганимни сизларга айтаман. 30  Қани айтинглар-чи: Яҳё одамларни сувга чўмдириш ҳуқуқини осмондан олганми ё одамларданми?» 31  Улар эса ўзаро шундай фикр юрита бошлашди: «“Осмондан”,— десак, у бизга: “Бўлмаса нега унга ишонмадингизлар?” — дейди. 32  Балки: “Одамлардан”,— дермиз?..» Бироқ, улар халойиқдан қўрқишарди, чунки ҳаммаси Яҳёни ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлган, деб ҳисоблашарди. 33  Охири улар Исога жавоб бериб: «Билмаймиз»,— дейишди. Исо эса уларга: «Унда мен ҳам бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қилаётганимни сизларга айтмайман»,— деди.

Изоҳлар

Мт 17:21 изоҳига қ.