Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Марк 10:1-52

10  Исо у ердан кетиб, Иорданнинг нариги томонидаги Яҳудия чегараларига келди. Унинг олдига яна тумонат одам йиғилди ва у одатдагидай уларга таълим бера бошлади.  Шунда фарзийлар келиб, Исони синаш ниятида, эркак киши ўз хотинидан ажралиши Тавротга тўғри келиш-келмаслигини сўрашди.  Исо бўлса улардан: «Мусо пайғамбар сизларга нимани буюрган?» — дея сўради.  Улар унга: «Мусо пайғамбаримиз, талоқ хатини ёзиб, ажралишига рухсат этганлар»,— дейишди.  Исо уларга шундай деди: «Бағритош бўлганингиз учун, Мусо пайғамбар ушбу амрни ёзиб берганлар.  Бироқ, Парвардигор бошданоқ одамларни эркак ва аёл қилиб яратган.  Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб,  иккови бир тан бўлади. Демак, энди улар икки эмас, балки бир тан ҳисобланади.  Шундай экан, Аллоҳ бирга қўшганини* бандаси ажратмасин». 10  Улар яна уйда бўлганларида, шогирдлари бу ҳақда Исодан сўрадилар. 11  Исо уларга шуларни айтди: «Ким хотинидан ажралиб, бошқасига уйланса, биринчи хотинига бевафолик қилган бўлади. 12  Эридан ажралиб, бошқасига турмушга чиққан аёл ҳам бевафолик қилган бўлади». 13  Исо қўлини теккизсин деб, одамлар унинг олдига болаларини олиб кела бошлашди. Лекин шогирдлар уларни койиб беришди. 14  Буни кўрган Исо аччиқланиб деди: «Болажонларга тўсқинлик қилманглар, олдимга келаверишсин. Ахир Худонинг Шоҳлиги шундайларга тегишлидир. 15  Ишонаверинг: ким Худонинг Шоҳлигини шу жажжи болакайдек қабул қилмаса, унга асло кира олмайди». 16  Кейин Исо болаларни қучоқлаб, устиларига қўлини қўйиб дуо қилди. 17  Исо йўлга чиқмоқчи бўлиб турганида, бир киши унинг олдига югуриб келиб, тиз чўкканча: «Валинеъмат Устозим, абадий ҳаётга эришиш учун нима қилишим керак?» — деб сўради. 18  Исо унга жавобан деди: «Нега мени валинеъмат деяпсиз? Аллоҳдан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас. 19  Ахир: “Қотиллик қилма, зино қилма, ўғрилик қилма, сохта гувоҳлик берма, ёлғон гапирма, ота-онангни ҳурмат қил”,— деган амрларни биласиз-ку». 20  У киши эса: «Устоз, мен болалигимдан буларга амал қилиб келяпман»,— деди. 21  Шунда Исо унга меҳр билан қаради-да, шундай деди: «Бажаришингиз керак бўлган яна бир нарса бор: бориб бор-йўғингизни сотинг-да, камбағалларга тарқатинг. Сўнг келиб, менинг издошим бўлинг». 22  Бу сўзларни эшитгач, у хафа бўлиб, қайғу ичида у ердан кетди, чунки унинг мол-мулки жуда кўп эди. 23  Исо атрофга қараб, шогирдларига: «Пулдор одамнинг Худо Шоҳлигига кириши нақадар қийин!» — деди. 24  Аммо шогирдлар бу сўзлардан ажабланишди. Исо бўлса яна такроран шундай деди: «Болалар, Худо Шоҳлигига кириш нақадар қийин! 25  Бой кишининг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир». 26  Улар баттар ажабланиб: «Унда ким нажот топа олади?» — деб сўрашди. 27  Исо уларга қараб: «Бу одамлар учун имконсиздир, аммо Аллоҳ учун эмас. Чунки Аллоҳга ҳамма нарсанинг имкони бор»,— деди. 28  Шунда Бутрус: «Мана, биз бор-йўғимизни қолдириб, орқангиздан эргашиб келдик»,— деб айтди. 29  Исо бўлса шундай деди: «Ишонаверинг: мени ва хушхабарни деб уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, бола-чақа ва еру мулкини қолдирган ҳар ким 30  ҳозирнинг ўзида, шу вақтда, қувғинлар билан бирга, юз баробар ортиқ уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, бола-чақа ҳамда еру мулкка, келажак замонада эса абадий ҳаётга эришади. 31  Аммо биринчилардан кўпи охирги, охиргилар эса биринчи бўлишади». 32  Улар Қуддус томон йўл олишди. Исо эса олдинда кетаётган эди. Шогирдлар ҳайрон бўлиб, орқадагилар бўлса қўрқиб боришарди. Исо яна ўн икки шогирдини четга чиқариб, уларга ўзи билан нималар содир бўлиши ҳақда айтиб бера бошлади: 33  «Мана, биз Қуддусга боряпмиз. У ерда Инсон Ўғлини бош руҳонийлар ва уламолар қўлига тутиб беришади. Улар бўлса уни ўлимга маҳкум этиб, ўзга халқларнинг қўлига топширишади. 34  Улар унинг устидан кулишади, юзига тупуришади, қамчилашади ва ўлдиришади. Лекин уч кундан кейин у тирилади». 35  Забадийнинг ўғиллари Ёқуб билан Юҳанно Исонинг олдига келиб: «Устоз, бизнинг бир илтимосимиз бор. Уни бажо келтиришингизни истар эдик»,— дейишди. 36  Исо: «Нима қилишимни истайсизлар?» — деб сўради. 37  Улар унга: «Улуғворликка эришганингизда, биримиз ўнг томонингизга, иккинчимиз чап томонингизга ўтиришимизга ижозат беринг»,— деб айтишди. 38  «Сизлар нима сўраётганингизни билмайсизлар. Мен ичаётган косадан* ича оласизларми? Мен бошдан кечираётган нарсани* сизлар ҳам бошдан кечира оласизларми?» — дея сўради. 39  Улар бўлса: «Албатта»,— дейишди. Шунда Исо уларга қуйидагиларни айтди: «Мен ичадиган косадан ичиб, мен бошдан кечираётган нарсани бошдан кечирасизларку-я. 40  Аммо ўнг ёки чап томонимда ким ўтиришини мен ҳал қилмайман. Бу ўринлар ким учун тайёрлаб қўйилган бўлса, ўшаларники бўлади». 41  Қолган ўнта шогирд буни эшитиб, Ёқуб билан Юҳаннога аччиқлана кетишди. 42  Бироқ Исо уларни ёнига чақириб, шундай деди: «Ҳукмдор дея аталганлар халқлар устидан бошқаришини ва буюк одамлар халқларга ҳокимлик қилишини биласизлар-ку. 43  Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Орангизда ким буюк бўлишни истаса, сизларга хизматкор бўлсин. 44  Орангизда ким биринчи бўлишни хоҳласа, сизларга қул бўлсин. 45  Чунки Инсон Ўғли ҳам ўзига хизмат қилдиришга эмас, аксинча хизмат қилгани ва кўплар учун жонини тўлов сифатида бергани келган». 46  Шундай қилиб улар Ерихога келишди. Исо, шогирдлар ва бир тўда одамлар Ериходан чиқиб кетишаётганда, йўл чеккасида Бартимей (Тимей ўғли) деган бир кўр садақа сўраб ўтирарди. 47  Носиралик Исонинг ўтиб кетаётганини эшитиб, у: «Эй, Довуднинг Ўғли Исо, менга раҳм-шафқат қилинг!» — деб бақира бошлади. 48  Одамлар унга жим бўлишни айтишса ҳам, у янада баландроқ овозда: «Эй, Довуднинг Ўғли Исо, менга раҳм-шафқат қилинг!» — дея қичқирарди. 49  Охири Исо тўхтаб: «Уни чақиринглар»,— деди. Кўр кишини чақиргани борганлар: «Дадил бўлиб, ўрнингдан тур. У сени чақиряпти»,— дейишди. 50  У устки кийимини ечиб ташлади-да, шартта ўрнидан туриб, Исонинг ёнига келди. 51  Исо ундан сўради: «Мендан нима истайсиз?» Кўр киши эса: «Устоз*, кўзларим очилсин»,— деди. 52  Исо унга: «Бораверинг, ишончингиз туфайли соғайиб кетдингиз»,— деб айтди. Шу заҳотиёқ унинг кўзлари очилиб кетди ва у Исонинг орқасидан эргашиб йўл юрди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «битта бўйинтуруққа қўшганини».
Мт 20:22 изоҳига қ.
Сўзма-сўз «чўмдирилишни».
Сўзма-сўз «Раббуний».