Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Марк 1:1-45

1  Исо Масиҳ тўғрисидаги хушхабарнинг бошланиши.  Ишаё пайғамбарнинг китобида ёзилганидек: «(Мана, Мен сендан аввал Ўз хабарчимни юборяпман, у сенга йўл ҳозирлайди!)  Тингланг! Саҳрода биров шундай дея ҳайқиряпти: “Яҳовага йўл ҳозирланглар! Унинг йўлларини равон қилинглар”».  Саҳрода Яҳё* пайдо бўлиб, одамларга гуноҳлари кечирилиши учун тавба қилиб сувга чўмиш кераклигини ваъз эта бошлади.  Шунда Яҳудия ва Қуддусда яшовчиларнинг барчаси келиб, гуноҳларида иқрор бўлишди. Кейин Яҳё уларни Иордан дарёсида сувга чўмдирди.  Яҳё туя жунидан кийим кийиб, белига чармдан камар тақиб юрарди. Унинг егулиги чигиртка ва ёввойи асал эди.  Яҳё шундай дея ваъз қиларди: «Ортимдан мендан кучлироқ зот келяпти. Мен энгашиб, унинг чориғи ипларини ечишга ҳам муносиб эмасман.  Мен сизларни сувга чўмдиряпман, у бўлса сизларни муқаддас руҳга чўмдиради».  Ўша кунларда Исо Жалиладаги Носира шаҳридан Яҳёнинг олдига келди. Яҳё уни Иордан дарёсида сувга чўмдирди. 10  Исо сувдан чиқиши биланоқ, осмон очилганини ва устига муқаддас руҳ каптар шаклида тушаётганини кўрди. 11  Осмондан эса: «Сен Менинг севикли Ўғлимсан, сендан мамнунман»,— деган садо келди. 12  Шу заҳотиёқ муқаддас руҳ уни саҳрога боришга ундади. 13  Исо саҳрода қирқ кун бўлиб, ҳайвонлар орасида яшади ва Шайтон уни васвасага солди. Бундан сўнг фаришталар унга хизмат қилишди. 14  Яҳёни ҳибсга олишгандан кейин, Исо Жалилага борди-да, ўша ерда Аллоҳнинг хушхабарини ваъз қилиб, 15  деди: «Белгиланган вақт келди. Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди. Тавба қилиб, хушхабарга ишонинглар». 16  Исо Жалила денгизи* ёнидан ўтиб кетаётиб, денгизга тўр ташлаётган Симун* ва унинг укаси* Идрисни кўриб қолди. Улар балиқчи эдилар. 17  Исо уларга: «Менинг ортимдан юринглар, мен сизларни одам овчилари қиламан»,— деди. 18  Улар дарҳол тўрларини ташлаб, унинг орқасидан эргашишди. 19  Исо йўлида давом этиб, Забадий ўғиллари Ёқубни ва укаси Юҳаннони кўриб қолди. Улар қайиқда тўрларини ямаб ўтирган эдилар. 20  Исо шу онда уларни ҳам чақирди. Улар оталари Забадийни ёлланган ишчилари билан қайиқда қолдириб, Исонинг ортидан эргашишди. 21  Улар биргаликда Кафарнаҳумга йўл олишди. Шаббат куни келиши биланоқ, Исо ибодатхонага* кириб, таълим бера бошлади. 22  Халқ унинг таълим бериш тарзига қойил қоларди, чунки у уламолар каби эмас, балки буюк ваколат эгасидай гапирарди. 23  Ўша пайтда уларнинг ибодатхонасида жинга чалинган бир киши бор эди. У овози борича бақириб: 24  «Эй носиралик Исо, бизда нима ишинг бор? Сен бизни йўқ қилгани келдингми? Сен, Аллоҳ юборган муқаддас зот эканингни биламан»,— деди. 25  Лекин Исо унга дўқ уриб: «Жим бўл ва ундан чиқиб кет!» — деди. 26  Ёвуз руҳ эса ўша одамни тутқаноққа солиб, қаттиқ силкитди-да, баланд овозда қичқириб, ундан чиқиб кетди. 27  Бундан ҳаммани ваҳима босиб, ўзаро шундай фикр юритишарди: «Бу нимаси? Бу қанақа янги таълимот экан? У ҳатто ёвуз руҳларга қудрат билан буюряпти, улар эса унга бўйсунишяпти». 28  Исо ҳақидаги шов-шув бир зумда бутун Жалила юрти ва ён-атрофларига ёйилиб кетди. 29  Ибодатхонадан чиқибоқ, Исо Ёқуб ва Юҳаннони олиб, Симун билан Идриснинг уйига борди. 30  Симуннинг қайнанаси иситмалаб ётган эди. Бу ҳақда дарҳол Исога айтишди. 31  Шунда Исо унинг ёнига келди-да, қўлидан ушлаб турғизди. Аёлнинг иситмаси тушиб, уларга хизмат қила бошлади. 32  Қуёш ботиб, кеч киргач, Исонинг олдига кўп касаллар ва жинга чалинганларни олиб кела бошлашди. 33  Бутун шаҳар аҳолиси эшик олдига йиғилиб келди. 34  Исо турли хасталикларга дучор бўлганларни соғайтириб, кўпларнинг ичидан жинларни қувиб чиқарди. Аммо жинларнинг гапиришига йўл қўймади, сабаби улар унинг Масиҳ эканини билишарди. 35  Исо саҳар туриб, хилват жойга кетди ва ўша ерда ибодат қилди. 36  Симун билан унинг ёнидагилар эса уни қидиришга тушишди. 37  Исони топиб: «Сизни ҳамма қидиряпти»,— деб айтишди. 38  Лекин Исо уларга: «Юринглар, яқин атрофдаги шаҳарчаларга борайлик. Мен ўша ерларда ҳам ваъз қилишим керак, ахир шунинг учун келганман-ку»,— деди. 39  Шу тариқа Исо бутун Жалила бўйлаб уларнинг ибодатхоналарида ваъз қилиб, жинларни қувиб чиқариб юрди. 40  Кунларнинг бирида Исонинг ёнига бир мохов яқинлашиб, тиз чўкканча: «Сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас»,— дея ёлворди. 41  Исонинг раҳми келиб, унга қўлини теккизди-да: «Албатта истайман. Пок бўлинг»,— деди. 42  Мохов киши шу заҳотиёқ дардидан фориғ бўлиб, покланиб қолди. 43  Исо уни жўнатиб юборишдан аввал, жиддий огоҳлантириб, 44  шуларни айтди: «Бу ҳақда ҳеч кимга айтманг. Аммо бориб, Мусо пайғамбар буюргани бўйича қурбонлик келтиринг ҳамда ўзингизни руҳонийга кўрсатиб, соғайганингизни тасдиқлатинг». 45  Лекин бу киши кетиши биланоқ, рўй берган воқеа тўғрисида ҳамма жойда жар сола бошлади. Натижада Исо шаҳарга очиқча кира олмай қолиб, шаҳар ташқарисида, хилват жойларда юрадиган бўлди. Шунга қарамай, халойиқ унинг олдига келар эди.

Изоҳлар

Мт 11:12 изоҳига қ.
Мт 4:18 изоҳига қ.
Ҳаворий Бутруснинг бошқа исми.
Юнончада иккаласидан қайси бири катталиги аниқ кўрсатилмаган.
Луғатга қ.