Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 9:1-62

9  Бундан сўнг Исо ўн икки шогирдини ёнига чақириб, уларга барча жинларни ҳукм қилиш ҳамда касалликларни даволаш учун қудрат ва ваколат берди.  Кейин эса уларни Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ваъз этиш ва хасталарга шифо бериш учун юборди.  Исо уларга шундай деди: «Ўзингиз билан йўлга ҳеч нарса олманглар. Ҳасса ҳам, егулик солинган тўрва ҳам, нон ҳам, кумуш пул ҳам, қўшимча* ички кийим ҳам олманглар.  Қайси уйга кирсангиз, то жўнагунингизча ўша ерда қолинглар.  Қаерда сизларни қабул қилишмаса, ўша ердан чиқиб кетаётиб, уларга шаҳодат бўлиши учун, оёқларингиздаги чангни қоқиб ташланглар».  Шу йўсинда улар йўлга чиқиб, ўша ҳудуддаги қишлоқлар бўйлаб ҳар ерда хушхабарни ваъз этар ва касалларни соғайтиришарди.  Вилоят ҳокими Ҳирод* булар ҳақида эшитиб, саросимага тушди. Сабаби, айримлар Яҳё тирилиб келибди деса,  бошқалар Илёс пайғамбар пайдо бўлибди дерди. Баъзи одамлар эса қадимги пайғамбарлардан бири тирилибди, деб айтишарди.  Шунда Ҳирод: «Мен Яҳёни бошидан жудо қилдирган эдим. Қизиқ, халқ гапириб юрган одам ким бўлибди?» — деб айтди. Шу боис уни кўрмоқчи эди. 10  Ҳаворийлар қайтиб келиб, қилган ишларини Исога айтиб беришди. Кейин Исо ҳаворийларини Байтсайда шаҳридаги хилват жойга олиб кетди. 11  Халойиқ бундан хабар топиб, орқаларидан борди. Исо бўлса уларни очиқ чеҳра билан қарши олиб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисида айтиб берди ва шифога муҳтож бўлганларни даволади. 12  Қуёш ботаётган эди. Ўн икки шогирд Исонинг ёнига келиб, шундай дейишди: «Халққа рухсат беринг, атрофдаги овул ва қишлоқларга бориб, бирор нарса еб тунашсин, чунки бу ер хилват жой». 13  Аммо Исо: «Уларга егуликни сизлар беринглар»,— деди. Улар бўлса: «Бизда бешта нон ва иккита балиқдан бошқа нарса йўқ. Ёки бориб, шунча одамга егулик сотиб оламизми?» — дея сўрашди. 14  Ўша ерда 5 000 га яқин эркак киши бор эди. Исо шогирдларига: «Одамларга айтинглар, элликта-элликтага бўлиниб, овқат тановул қилаётгандай ёнбошлашсин»,— деди. 15  Шогирдлар Исо айтганидай қилишди ва ҳамма ёнбошлади. 16  Исо бешта нонни ва иккита балиқни олди-да, осмонга қараб шукрона дуосини айтди. Кейин нонларни синдириб, халққа тарқатишлари учун шогирдларига берди. 17  Ҳамма еб тўйди ва ортиб қолган бурдаларни йиғишганида, нақ ўн икки сават чиқди. 18  Орадан вақт ўтиб, Исо ёлғиз ибодат қилаётганида, ёнига шогирдлари келишди. Исо улардан: «Халқ мени ким деб ҳисоблайди?» — дея сўради. 19  Улар шундай жавоб беришди: «Кимдир халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё, кимдир Илёс пайғамбар, яна кимдир қадимги пайғамбарлардан бири тирилиб келибди, деб ҳисоблайди». 20  Шунда Исо: «Сизлар-чи, мени ким деб ўйлайсизлар?» — дея сўради. Бутрус жавоб бериб: «Сиз Тангри юборган Масиҳсиз»,— деди. 21  Кейин Исо шогирдларига, буни ҳеч кимга айтмасликни қатъий буюриб, 22  қуйидагиларни айтди: «Инсон Ўғли кўп азоб чекиб, оқсоқоллару бош руҳонийлар ва уламолар томонидан рад этилиб, ўлдирилиши, учинчи куни эса тирилиши керак». 23  Сўнг Исо сўзида давом этиб, шуларни айтди: «Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин ва ўзининг азоб устунини* кўтариб, ҳамиша менга эргашиб юрсин. 24  Агар кимдир ўз жонини сақламоқчи бўлса, ундан маҳрум бўлади. Аммо мени деб, жонидан маҳрум бўлса, уни сақлаб қолади. 25  Чиндан ҳам, инсон бутун дунёга эгалик қилса-ю, ўз жонини йўқотса ёки бирон зарар кўрса, бундан унга не фойда? 26  Ким мендан ва сўзларимдан уялса, Инсон Ўғли ҳам ўзининг, самовий Отасининг ҳамда муқаддас фаришталарнинг улуғворлиги билан келганда, ўша кишидан уялади. 27  Ишонаверинг: бу ерда турганлардан баъзилари, Худонинг Шоҳлигини кўрмагунча ўлмайдилар». 28  Исо бу гапларни айтгандан кейин саккиз кун ўтиб, ўзи билан бирга Бутрус, Юҳанно ва Ёқубни олди ва ибодат қилиш учун тоққа чиқди. 29  Исо ибодат қилаётганида, унинг қиёфаси ўзгариб, юзи қуёш каби ярқиради, устки кийимидан эса нур тарала бошлади. 30  Тўсатдан, икки киши пайдо бўлиб, Исо билан суҳбатлаша бошлади. Бу — Мусо ва Илёс пайғамбарлар эди. 31  Улар улуғворлик билан келиб, Исонинг дунёни тарк этиши муносабати билан Қуддусда нималар юз бериши тўғрисида гапиришарди. 32  Бу пайтда Бутрус билан ёнидагиларни қаттиқ уйқу босган эди. Уйғониб кетишганида эса, улар Исонинг улуғворлигини ва олдида турган икки кишини кўришди. 33  Бу кишилар Исонинг олдидан кетишаётганида, Бутрус нима деяётганини ўзи тушунмай: «Устоз, бу ерга келганимиз жуда яхши бўлди. Келинг, учта чодир қуриб берайлик. Бири сиз учун, бири Мусо ва яна бири Илёс пайғамбар учун бўлади»,— деди. 34  Бутрус ҳали гапини тугатмасидан, уларни булут қоплади. Шогирдлар бундан даҳшатга тушишди. 35  Шунда осмондан: «Бу Менинг Ўғлимдир, уни Ўзим танлаганман. Унга қулоқ солинглар»,— деган овоз янгради. 36  Ушбу овоз янграганда, Исо якка ўзи қолган эди. Шогирдлари эса, ўша кунларда кўрганлари тўғрисида ҳеч кимга айтмай, жим юришди. 37  Эртасига, тоғдан тушишганда, Исони катта халойиқ кутиб олди. 38  Омма ичидан бир киши фарёд этиб, Исога шундай деди: «Устоз, ўтинаман, ўғлимни кўриб қўйинг. Бу менинг яккаю ягона боламдир. 39  Унга ёвуз руҳ ташланганида, у бирданига бақириб, оғзидан кўпик чиққунча томири тортишиб қолади. Ёвуз руҳ уни роса қийнаганидан кейин, зўрға қўйиб юборади. 40  Шогирдларингизга, ёвуз руҳни қувиб чиқаришсин, деб илтимос қилган эдим, лекин улар эплай олишмади». 41  Бунга жавобан Исо: «Эй, имонсиз ва бузуқ насл, қачонгача сизлар билан бўлишим керак? Яна қанча сизларга чидашим керак? Болангизни олдимга олиб келинг»,— деди. 42  Бола Исога яқинлашиб келаётганида, жин уни ерга уриб, шиддат билан титратиб юборди. Исо бўлса ёвуз руҳга дўқ уриб, болани соғайтирди ва отасига топширди. 43  Шунда ҳамма қойил қолиб, Аллоҳнинг қудратига тан берди. Ўша ерда турган барча Исонинг қилаётган ишларини ҳайрат билан томоша қилаётганида, Исо шогирдларига қуйидагиларни айтди: 44  «Ушбу гапларимни қулоғингизга қуйиб олинг: Инсон Ўғли душманларининг қўлига тутиб берилиши муқаррар». 45  Аммо улар бу гапларнинг мағзини чақишмади. Аслини олганда, бунинг маъноси улардан яширилган эди ва шогирдлари бу ҳақда ундан сўрашга қўрқишарди. 46  Сўнгра Исонинг шогирдлари орасида ким энг буюк бўлиши керак, деган баҳс кўтарилди. 47  Исо уларнинг кўнглидан нима кечаётганини билиб, бир ёш болани олди-да, ёнига турғизди. 48  Кейин уларга қуйидагича деди: «Ким шу жажжи болакайни менинг номимдан қабул қилса, мени ҳам қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса, мени Юборганни ҳам қабул қилган бўлади. Чунки орангизда ким ўзини паст олиб юрса, ўша буюк бўлади». 49  Шунда Юҳанно Исога деди: «Устоз, сизнинг номингиз билан жинларни қувиб чиқараётган бир одамни кўрдик. Биз билан бирга юрмагани учун, унга тўсқинлик қилмоқчи бўлдик». 50  Лекин Исо: «Унга тўсқинлик қилманглар, ахир ким сизларга қарши бўлмаса, у сизлар томонда»,— деди. 51  Исонинг осмонга кетиш вақти яқинлашаётгани учун, у Қуддусга боришга қатъий қарор қилди. 52  У ўзидан олдин хабарчиларни юборди. Улар йўлга чиқиб, Исо учун тайёргарлик кўриш мақсадида самарияликларнинг бир қишлоғига киришди. 53  Аммо Исо Қуддусга боришга қатъий қарор қилгани сабабли, ўша ер аҳолиси уни қабул қилмади. 54  Кейин, шогирдлар Ёқуб ва Юҳанно ундан сўрашди: «Ҳазрат, истайсизми, ҳозир осмондан олов тушиб, уларни гумдон қилсин деймиз?» 55  Бироқ Исо ўгирилиб, уларга танбеҳ берди. 56  Шундай қилиб, улар бошқа қишлоққа кетишди. 57  Улар йўлда кетишаётганида, бир киши Исога: «Сиз қаерга борсангиз, мен ҳам ўша ерга бораман»,— деди. 58  Исо бўлса унга шуларни айтди: «Тулкиларнинг уяси, қушларнинг ини бор, Инсон Ўғлининг эса турар жойи ҳам йўқ». 59  Сўнг Исо бошқа бир кишига: «Менинг издошим бўл»,— деди. У эса: «Аввалига бориб, отамни кўмиб келишимга ижозат беринг»,— деб айтди. 60  Шунда Исо унга: «Ўликлар ўз ўликларини кўмсин, сен эса бориб, ҳамма ёқда Худонинг Шоҳлиги ҳақида эълон қил»,— деб жавоб берди. 61  Яна бошқа бир киши Исога шундай дея мурожаат қилди: «Ҳазрат, мен сизга эргашиб юраман, лекин рухсат беринг, аввал бориб уйимдагилар билан хайрлашиб келай». 62  Исо эса унга: «Қўлини омочда тутиб, ортда қолган нарсаларга қарайдиган одам Худонинг Шоҳлигига киришга лойиқ эмас»,— деб айтди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «иккита».
Лқ 2:1 изоҳига қ.
Илованинг 10- мавзусига қ.