Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 8:1–56

8  Орадан кўп ўтмай, Исо шаҳару қишлоқлар бўйлаб Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилиб юрди. У билан бирга ўн икки шогирди  ҳамда ёвуз руҳлар ва касалликлардан халос этилган айрим аёллар ҳам бор эди. Ичидан еттита жин чиқиб кетган магдалалик Марям ҳам улар билан эди.  Шунингдек, Ҳироднинг уй бошқарувчиси Хузанинг хотини Йўанна ва кўпгина бошқа аёллар Исонинг орқасидан эргашиб, ўз мол-мулкларини унга ва ҳаворийларига хизмат қилиш учун сарфлашарди.  Турли шаҳарлардан келганлар ҳам қўшилиб, Исонинг олдида катта халойиқ тўпланганда, у сўз бошлаб, қуйидаги масални айтиб берди:  «Уруғ сепувчи уруғ сепгани чиқибди. Уруғларни сепган экан, баъзилари йўл ёқасига тушиб, оёқ ости бўлибди ҳамда қушлар келиб, уларни чўқиб кетишибди.  Айримлари тошлоқ ерга тушибди. Уруғлар кўкариб чиқибди-ю, намлик етишмагани учун қуриб қолибди.  Бошқалари тиканлар орасига тушган экан, тиканлар уруғлар билан бирга ўсиб чиқиб, уларни бўғиб қўйибди.  Яна бошқа уруғлар эса яхши ерга тушибди. Улар униб чиқиб, юз баробар кўп ҳосил берибди». Исо буларни айтиб бўлгач, баланд овозда: «Қулоғи борлар уқиб олсин»,— деди.  Шунда шогирдлари Исодан бу масалнинг маъносини сўрашди. 10  Исо уларга шундай жавоб берди: «Худо сизларга Осмон Шоҳлигининг муқаддас сирларини очиб берди, қолганлар учун эса эшитганларининг ҳаммаси масал бўлиб қолаверади. Токи улар қараб туриб, кўришмасин, эшитиб туриб, тушунмасин. 11  Масалнинг маъноси эса шундай: уруғ Аллоҳнинг каломини англатади. 12  Йўл ёқасига тушган уруғ шундай одамларни билдиради: улар Худонинг каломини эшитишади, лекин Шайтон келиб, уларнинг ишонмаслиги ва қутқарилмаслиги учун, каломни қалбларидан олиб кетади. 13  Тошлоқ ерга тушган уруғ — хабарни эшитибоқ, уни қувонч билан қабул қилганларни билдиради. Аммо чуқур томир отишмагани сабабли, улар вақтинча ишониб юриб, синовга дучор бўлишганда имондан қайтишади. 14  Тиканлар орасига тушган уруғ шундайларни англатади: улар шоҳлик хабарини эшитишади-ю, лекин турмуш ташвишлари, бойлик ва айш-ишратга берилиб, бўғилиб қолишади-да, ҳосили пишмай қолади. 15  Яхши ерга тушган уруғ эса шундай кишиларни билдиради: улар қалби тоза, яхши инсонлар бўлиб, каломни эшитишади ва уни дилларига жо қилиб, сабр-бардош билан ҳосил келтиришади. 16  Ҳеч ким чироқни ёқиб, устини идиш билан ёпмайди ёки хонтахтанинг* тагига қўймайди. Аксинча, кирганлар ёруғликни кўрсин, дея уни чироқпояга қўяди. 17  Ахир ошкор бўлмайдиган ҳеч қандай сир йўқ, маълум ва аён бўлмайдиган яширин нарса ҳам йўқ. 18  Шундай экан, қандай тинглаётганингизга диққат қилинглар. Чунки кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, ундан бор деб ўйлаган нарсаси ҳам тортиб олинади». 19  Исонинг олдига онаси билан укалари келишди. Аммо халойиқ кўплигидан ёнига бора олишмади. 20  Шунда унга: «Онангиз билан укаларингиз сизни кўрмоқчи бўлиб, ташқарида туришибди»,— деб айтишди. 21  Исо уларга: «Менинг онам ва укаларим — Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирувчилардир»,— деб жавоб берди. 22  Бир куни Исо шогирдлари билан қайиққа ўтириб: «Кўлнинг нариги томонига сузиб ўтайлик»,— деди. Шунда улар сузиб кетишди. 23  Сузиб кетаётганларида Исо ухлаб қолди. Тўсатдан кўлда қаттиқ бўрон кўтарилиб, қайиққа сув тўла бошлаганидан, улар хавф остида қолишди. 24  Шогирдлар Исонинг ёнига бориб: «Устоз, Устоз, ҳалок бўляпмиз!» — дея уни уйғотишди. У ўрнидан туриб, шамолга ва тўлқинланаётган сувга дўқ урди. Шу ондаёқ бўрон тинчиб, жимжит бўлиб қолди. 25  Сўнг Исо шогирдларига: «Ишончингиз қани?» — деди. Аммо улар жуда қўрқиб, донг қотиб қолишди-да, шундай дейишди : «Бу қандай одамки, шамол билан сувга буйруқ бериб, уларни бўйсундиряпти-я?!» 26  Улар соҳилга, Жалиланинг қаршисидаги герасаликлар юртига сузиб келишди. 27  Исо соҳилга чиқиши билан, олдига жинларга чалинган бир одам келди. Яқин жойдаги шаҳардан бўлган бу киши кўпдан бери уйда эмас, қабрлар орасида яшаб, яланғоч юрарди. 28  Исони кўрибоқ, у бақириб юборди-да, тиз чўкканча баланд овозда: «Эй, Худойи Таолонинг Ўғли Исо, мендан нима истайсан? Ўтинаман, мени қийнама!» — деди. 29  (Сабаби, Исо жинларга бу кишининг ичидан чиқиб кетишни буюрган эди. Жинларнинг ҳукми остида юрган бу кишини кўп марта кишан-занжирлар билан боғлаб, қўриқлаган бўлишса-да, у занжирларни узиб, жинларнинг таъсирида кимсасиз жойларга қочиб кетарди.) 30  Исо ундан: «Исминг нима?» — деб сўради. У бўлса: «Тумонат*»,— деди, чунки унинг ичига кўп жинлар кириб олган эди. 31  Жинлар Исога ёлвориб, уларни тубсизлик қаърига юбормасликни сўрашди. 32  Ўша ерда тоғ ёнбағрида катта чўчқа подаси ўтлаб юрганди. Жинлар Исога ёлвориб, уларнинг ичига киришга рухсат сўрашди. У рухсат берди. 33  Шунда улар бу одамдан чиқиб, чўчқа подасига кириб олдилар. Ўшанда чўчқалар жарликдан кўлга сакраб, чўкиб ўлишди. 34  Чўчқабоқарлар буни кўриб, югуриб боришди-да, бўлган воқеани шаҳару қишлоқларда гапириб беришди. 35  Шунда халқ нима бўлганини кўриш учун Исонинг олдига йўл олди. Улар келишганда, ичидан жинлар чиққан киши кийиниб, эс-ҳушли ҳолатда, Исо билан бирга ўтирганини кўриб, қўрқиб кетишди. 36  Ўша одамнинг жинлардан қандай қутулганини кўрганлар, буни ҳаммага сўзлаб беришди. 37  Буни эшитгач, Гераса юртининг атрофларидан келганлар Исодан у ердан чиқиб кетишини сўрашди, чунки уларни ваҳима босган эди. Шунда Исо қайиққа тушиб, қайтиб кетди. 38  Жинлардан халос бўлган киши эса Исо билан бирга юришни илтимос қилди. Лекин Исо уни уйига жўнатиб: 39  «Уйингизга қайтинг ва Аллоҳ сизга нималар қилганини айтиб беринг»,— деди. У киши бориб, Исо унга нималар қилганини бутун шаҳарда эълон қила бошлади. 40  Исо Жалилага қайтиб келганида, халойиқ уни қувонч билан қаршилади, чунки ҳамма уни кутиб турган эди. 41  Шу пайт, Яир исмли ибодатхона бошлиғи келди. У Исонинг оёқлари остига юз тубан йиқилиб, унинг уйига боришини ўтиниб сўради. 42  Боиси, унинг ўн икки ёшлардаги ёлғиз қизи ўлим тўшагида ётган эди. Исо кетаётиб, халойиқнинг сиқувида қолди. 43  Ўн икки йилдан буён қон кетишидан азоб чекаётган ва ҳеч ким шифолай олмаган бир аёл 44  Исога орқа томонидан яқинлашиб, устки кийимининг попугига қўлини теккизди. Шу ондаёқ унинг қон кетиши тўхтади. 45  Шунда Исо: «Ким менга қўлини теккизди?» — деб сўради. Ҳеч ким тан олмагач, Бутрус: «Устоз, ахир халойиқ сизни ўраб, сиқиб турибди-ку»,— деди. 46  Исо бўлса: «Кимдир менга қўлини теккизди, чунки мендан бир куч чиққанини сездим»,— деб айтди. 47  Исонинг сезиб қолганини кўриб, аёл титраганча унинг олдига келди. У тиз чўкиб, нима сабабдан қўлини теккизганини ва ўша заҳоти қандай қилиб дардидан халос бўлганини ҳамманинг олдида айтиб берди. 48  Исо аёлга: «Синглим*, ишончингиз туфайли соғайиб кетдингиз. Эсон-омон бораверинг»,— деди. 49  У ҳали гапириб турганида, ибодатхона бошлиғининг уйидан бир киши келиб: «Қизингиз вафот этди. Энди Устозни овора қилмай қўяверинг»,— деб айтди. 50  Буни эшитиб, Исо Яирга: «Қўрқманг, қизингиз қутқарилади. Фақат ишонсангиз бас»,— деди. 51  Исо унинг уйига келгач, ичкарига Бутрус, Юҳанно, Ёқуб ва қизнинг ота-онасидан бошқа ҳеч кимнинг киришига рухсат бермади. 52  У ерга йиғилганлар эса кўксига уриб, қизча учун зор йиғлашарди. Аммо Исо уларга: «Йиғламанглар. Қизча ўлгани йўқ, ухлаяпти холос»,— деди. 53  Шунда улар Исонинг устидан кула бошлашди. Чунки қизчанинг ўлганини билишарди. 54  Исо бўлса унинг қўлидан ушлаб: «Қизалоқ, ўрнингдан тур!» — дея мурожаат қилди. 55  Шу ондаёқ қизча тирилиб*, ўрнидан турди. Исо унга овқат беришларини буюрди. 56  Унинг ота-онаси ҳангу манг бўлиб қолишганди. Исо эса уларга ушбу воқеа тўғрисида ҳеч кимга айтмасликни уқтирди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «каравотнинг».
Мт 26:53 изоҳига қ.
Сўзма-сўз «қизим».
Сўзма-сўз «унинг нафаси (ҳаётий кучи) қайтиб келиб».