Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 7:1-50

7  Исо одамларга айтмоқчи бўлган гапларини тугатганидан сўнг, Кафарнаҳум шаҳрига кирди.  У ерда бир юзбошининг хизматкори касал бўлиб, ўлим тўшагида ётган эди. Бу хизматкор хўжайинига жуда азиз эди.  Юзбоши Исо келганини эшитиб, яҳудий оқсоқолларини унинг олдига юборди-да, хизматкорини даволашини илтимос қилди.  Улар Исонинг ёнига келиб, шундай дея ёлворишди: «У сендан ёрдам олишга муносибдир.  Сабаби, у халқимизни севади, бизлар учун ибодатхона қуриб берди».  Шунда Исо улар билан бирга отланди. Аммо юзбошининг уйига яқинлашганда, юзбоши дўстларини юбориб, қуйидагиларни айтишни буюрди: «Тақсир, овора бўлманг. Уйимга киришингизга нолойиқман.  Ана шунинг учун олдингизга келишни ўзимга эп кўрмадим. Лекин бир оғиз сўз айтсангиз бас, хизматкорим соғайиб кетади.  Чунки мен ҳам ҳокимиятга тобе инсонман ва менинг ҳам қўл остимда аскарларим бор. Улардан бирига: “Кет!” — десам, кетади. Бошқасига: “Кел!” — десам, келади ва бирон хизматкоримга: “Шуни қил!” — десам, қилади».  Бу сўзларни эшитгач, Исо ҳайратда қолиб, орқасидан эргашиб келаётганларга шундай деди: «Сизларга айтиб қўяй, бунчалик кучли имонни Исроил юртида ҳам кўрмаганман». 10  Кейин юборилган кишилар уйга қайтишганда, хизматкор соғайиб кетганини кўришди. 11  Бу воқеадан сўнг, Исо Наин шаҳрига йўл олди. У билан бирга шогирдлари ва тўда-тўда одамлар кетишди. 12  Шаҳар дарвозасига яқинлашиб қолганда, Исо ўлик одамни чиқаришаётганини кўрди. Бу, бева аёлнинг яккаю ягона ўғли эди. У билан бирга шаҳардан кўп одам ҳам чиқаётганди. 13  Уни кўрибоқ, Ҳазратимизнинг аёлга раҳми келди ва унга: «Йиғламанг»,— деб айтди. 14  Сўнг Исо тобутга қўлини теккизди. Шу пайт уни олиб кетаётганлар тўхташди, у ўликка: «Ҳой йигитча, сенга айтяпман: ўрнингдан тур!» — деди. 15  Йигит ўрнидан туриб, тилга кирди ва Исо уни онасига топширди. 16  Шунда барчани қўрқув босди ва улар шундай дея Аллоҳни шарафлай бошлашди: «Орамизда улуғ пайғамбар пайдо бўлди» ва «Худо Ўз халқини ёдга олди». 17  Исо ҳақидаги хабар бутун Яҳудия ва атрофдаги ўлкалар бўйлаб тарқалиб кетди. 18  Халқни сувга чўмдириб юрган Яҳёнинг шогирдлари ҳам устозларига ҳамма нарсани айтиб беришди. 19  Сўнгра у икки шогирдини чақиртириб: «Келиши керак бўлган зот сизми ёки бошқасини кутайликми?» — дея сўраш учун Ҳазратимизнинг олдига жўнатди. 20  Исонинг ёнига келиб, улар: «Яҳё* бизни олдингизга юбориб: “Келиши керак бўлган зот сизми ёки бошқасини кутайликми?” — дея сўрашимизни илтимос қилди». 21  Айнан шу дамда Исо кўп одамларни касалликлардан, оғир дардлардан ва жинлардан халос этиб, анчагина кўрларнинг кўзини очган эди. 22  Исо бу икки шогирдга жавобан: «Кўрган, эшитган нарсаларингизни Яҳёга бориб айтинглар: кўрлар кўряпти, чўлоқлар юряпти, моховлар пок бўляпти, карлар эшитяпти, ўликлар тириляпти ва камбағалларга хушхабар эълон қилиняпти. 23  Мендан шубҳаланмаган* киши бахтлидир»,— деди. 24  Яҳёнинг хабарчилари кетишганидан кейин, Исо халойиққа Яҳё тўғрисида қуйидагиларни айта бошлади: «Сизлар саҳрога нима кўргани бордингизлар? Шамолда ҳилпираётган қамишними? 25  Хўш, нима кўргани бордингизлар? Нафис устки кийим кийган одамними? Ахир қимматбаҳо кийим кийган ва дабдабали яшайдиган кишилар шоҳ саройларида туришади-ку. 26  Унда нима сабабдан у ерга бордингизлар? Пайғамбарни кўрганими? Ҳа, шуни билингки, сиз кўрган киши пайғамбардан ҳам улуғдир. 27  Айнан шу инсон ҳақида: “Мана, Мен сендан аввал Ўз хабарчимни юборяпман, у сенга йўл ҳозирлайди!” — деб ёзилган. 28  Сизларга айтиб қўяй, аёл зотидан туғилганлар орасида Яҳёдан улуғроғи келиб чиқмаган. Аммо Худо Шоҳлигида энг кичик мартабага эга бўлган ҳам ундан буюкроқдир». 29  (Буларни эшитгач, бутун халқ ва солиқчилар Тангрининг адолатли эканини тан олишди. Чунки улар Яҳё томонидан сувга чўмдирилган эдилар. 30  Аммо фарзийлар ва Таврот тафсирчилари Аллоҳнинг уларга берган насиҳатини рад этиб, сувга чўмиш учун Яҳёнинг ёнига боришмади.) 31  Бундан кейин Исо шундай деди: «Хуллас, бу насл одамларини ким билан солиштирай, уларни кимга ўхшатай? 32  Улар бозор майдонида ўтириб, бир-бирига: “Биз сизларга най чалдик, сизлар бўлса ўйнамадиларинг. Биз дод-фарёд қилдик, сизлар эса йиғламадиларинг”,— деб бақирган болаларга ўхшайди. 33  Шу сингари, Яҳё* келиб, нон емади, шароб ичмади, сизлар: “Уни жин урибди”,— дейсизлар. 34  Инсон Ўғли келиб еди ҳам, ичди ҳам, сизлар бўлса: “Ана, очофат, майхўр, солиқчилару гуноҳкорларнинг дўсти”,— деб айтяпсизлар. 35  Нима десангиз денг, аммо одамнинг донолиги одил ишларидан кўринади». 36  Бир фарзий киши Исони ўзиникига меҳмонга чақирди. Исо фарзийнинг уйига келиб, дастурхон атрофига ёнбошлади. 37  Исонинг у ерда дастурхон атрофида ёнбошлаб, овқат ейишаётганидан хабар топиб, шаҳарда гуноҳкор деб танилган бир аёл ганч идишда хушбўй мой олиб келди. 38  Аёл Исонинг орқа томонида, оёқлари ёнида турганича йиғлаб, кўз ёшлари билан унинг оёқларини ҳўллади. Сўнг сочлари билан артди-да, аста-аста ўпиб хушбўй мой суртди. 39  Буларни кўргач, Исони таклиф қилган фарзий: «Агар у пайғамбар бўлганида, оёқларини ушлаётган аёлнинг кимлигини биларди, ахир у гуноҳкор-ку»,— деб кўнглидан ўтказди. 40  Лекин Исо унга: «Симун, сенга айтадиган гапим бор»,— деди. У эса: «Қулоғим сизда, Устоз!»,— деб айтди. 41  Исо унга қуйидагини айтиб берди: «Бир кишининг иккита қарздори бор экан. Биттасининг 500, бошқасининг эса эллик динор* қарзи бўлган экан. 42  Қарзларини бера олишмагани учун ўша киши иккаласининг ҳам қарзидан ўтибди. Хўш, улардан қайси бири уни кўпроқ севади?» 43  Симун унга жавобан деди: «Менимча, кўпроқ қарзи кечирилган киши бўлса керак». Исо: «Тўппа-тўғри!» — деди. 44  Шундан кейин Исо аёлга ўгирилиб, Симунга: «Бу аёлни кўряпсанми? Сенинг уйингга келганимда, оёқларимни ювишга* сув тортиқ этмадинг. Бу аёл эса оёқларимга кўз ёш тўкиб, сочлари билан артиб қўйди. 45  Сен мени ўпич билан қарши олмадинг, бу аёл эса келганимдан бери оёқларимни ўпишдан тинмаяпти. 46  Сен бошимга мой суртмадинг, бу аёл эса оёқларимга хушбўй мой суртди. 47  Шунинг учун сенга айтиб қўяй, унинг гуноҳлари кўп бўлишига қарамай, кечирилди. Ана шу сабабдан у кўпроқ севди. Кимнинг оз гуноҳи кечирилса, камроқ севади». 48  Кейин Исо аёлга: «Гуноҳларингиз кечирилди»,— деди. 49  Шу пайт Исо билан бирга дастурхон атрофида ёнбошлаганлар кўнгилларида: «Бу одам ким эканки, ҳатто гуноҳларни кечиряпти?» — дея фикр қилишарди. 50  Аммо Исо аёлга қараб: «Имонингиз туфайли қутқарилдингиз. Эсон-омон бораверинг»,— деди.

Изоҳлар

Мт 11:12 изоҳига қ.
Сўзма-сўз «мен туфайли қоқинмаган».
Мт 11:12 изоҳига қ.
Луғатга қ.
Луғатга қ.