Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 6:1-49

6  Шаббат кунларидан бирида Исо экинзорни оралаб ўтиб кетаётганида, ёнидаги шогирдлари буғдой бошоқларини узиб, кафти билан уқалаб ейишаётганди.  Шунинг учун фарзийлардан айримлари ундан: «Нега Шаббат куни қонун бўйича тақиқланган ишни қиляпсизлар?» — дея сўрашди.  Исо бўлса уларга жавобан шундай деди: «Довуд ва у билан бўлган одамлар оч қолишганида нима қилишгани тўғрисида ўқимаганмисизлар?  У Худонинг уйига кириб, ёнидаги одамлари билан бирга бахшида қилинган нонларни ейишганидан бехабармисизлар? Ахир бу нонларни руҳонийлардан бошқа ҳеч ким ейиши мумкин бўлмаган-ку».  Кейин Исо уларга: «Шаббат кунида нима қилиш-қилмаслик кераклигини мен айтаман»,— деди.  Яна бошқа бир Шаббат кунида Исо ибодатхонага кириб, таълим бера бошлади. У ерда ўнг қўли қуриб қолган бир киши бор эди.  Уламолар билан фарзийлар Исони айблашга баҳона излаб, у Шаббат кунида ҳам одамни даволармикин, дея кузатиб туришарди.  Аммо Исо уларнинг фикрини билган ҳолда, қўли қуриб қолган кишига: «Ўрнингиздан туриб, ўртага чиқинг»,— деди. У ростланиб, ўртага турди.  Кейин Исо уларга деди: «Мен сизларга бир савол берай: Шаббат кунида нима қилиш қонунга мувофиқ — яхшиликми ёки ёмонликми? Жонни асрашми ёки ҳалок этишми?» 10  Атрофидаги одамларга назар ташлаб, Исо ўша кишига: «Қўлингизни узатинг»,— деди. У узатиши биланоқ, қўли соғайиб кетди. 11  У ерда турганлар бўлса ниҳоятда ғазабланиб, Исони нима қилсак экан, дея ўзаро муҳокама қила бошлашди. 12  Ўша кунларда Исо ибодат қилиш учун тоққа бориб, кечаси билан Аллоҳга ибодат қилиб чиқди. 13  Кун ёришгач эса, шогирдларини ёнига чақириб, ораларидан ўн иккитасини танлади. «Ҳаворийлар*» деб аталганлар шулардир: 14  Бутрус деб номлаган Симун ва унинг укаси Идрис, Ёқуб ва Юҳанно, Филип ва Бартолмей, 15  Матто ва Тўма, Алфейнинг ўғли Ёқуб, «ғайратли» деб аталган Симун, 16  Ёқубнинг ўғли Яҳудо ва хоинга айланган Яҳудо Ишқариёт. 17  Исо улар билан бирга тоғдан тушиб, бир текисликка ўрнашди. Унинг ёнига кўпгина шогирдлари ҳамда бутун Яҳудия ва Қуддусдан, денгиз соҳилидаги Тир ва Сидўн ерларидан тўда-тўда одамлар келишди. Улар Исони тинглаб, дардларидан фориғ бўлиш учун келишган эди. 18  Ҳатто жинга чалинган одамлар ҳам шифо топишарди. 19  Бутун халойиқ Исога қўл теккизишга интиларди, чунки ундан чиққан кучдан ҳаммаси соғайиб кетарди. 20  Исо шогирдларига қараб, қуйидагиларни айтди: «Сиз — камбағаллар бахтлисизлар, боиси Худонинг Шоҳлиги сизларникидир. 21  Сиз — ҳозир оч бўлганлар бахтлисизлар, зеро тўясизлар. Сиз — ҳозир йиғлаётганлар бахтлисизлар, чунки куласизлар. 22  Одамлар сизлардан нафратланиб, Инсон Ўғли туфайли қувғин қилишса ва ҳақоратлаб бадном этишса, бахтлисизлар. 23  Ўша куни шод-хуррам бўлинглар, негаки осмондаги мукофотингиз буюкдир! Ахир уларнинг ота-боболари ҳам пайғамбарларга шундай муомала қилишган. 24  Аммо сиз — бойларнинг ҳолига вой, боиси оладиганингизни олиб бўлдингизлар. 25  Сиз — ҳозир тўқ бўлганларнинг ҳолига вой, зеро оч қоласизлар. Сиз — ҳозир кулаётганларнинг ҳолига вой, чунки қайғу чекиб йиғлайсизлар. 26  Ҳамма одамлар сиз ҳақингизда яхши гапирса, ҳолингизга вой! Негаки уларнинг ота-боболари ҳам сохта пайғамбарларга шундай муомала қилишган. 27  Лекин мени тинглаётган сизларга шуни айтиб қўяй: душманларингизни севишдан ҳамда сизлардан нафратланаётган кишиларга яхшилик қилишдан, 28  сизларни лаънатлаётган одамларни дуо қилишдан ва сизларни ҳақоратлаётганлар учун ибодат қилишдан бош тортманглар. 29  Бир ёноғингизга тарсаки туширган кишига иккинчисини ҳам ўгиринг. Устки кийимингизни тортиб олган кишига, ички кийимингизни ҳам аямай беринг. 30  Сиздан сўраганга беринг ва берган нарсангизни қайтиб сўраманг. 31  Хуллас, одамлар сизга қандай муомала қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга шундай муомала қилинг. 32  Агар фақат сизларни севган кишиларни севсангиз, қанақа мақтовга лойиқ иш қилган бўласизлар? Ҳатто гуноҳкорлар ҳам ўзларини севган кишиларни севишади-ку. 33  Агар фақат сизларга яхшилик қиладиганларга яхшилик қилсангиз, қандай фазилатли иш қилган бўласизлар? Ахир гуноҳкорлар ҳам шундай қилишади-ку. 34  Борди-ю, сиз қайтариб олиш умидида бировга қарз берсангиз, қандай таҳсинга сазовор иш қилган бўласизлар? Ҳатто гуноҳкорлар ҳам қайтариб олиш умидида бир-бирига қарз бериб туришади-ку. 35  Сизлар эса душманларингизни севиб, яхшилик қилаверинглар ва қарз бериб, қайтариб олишга умид қилманглар. Ўшанда катта мукофотга эга бўлиб, Тангри Таолонинг ўғиллари бўласизлар, чунки У ҳатто ношукур ва ёвуз бандаларига нисбатан ҳам меҳрибондир. 36  Самовий Отангизга ўхшаб, сизлар ҳам доим раҳмдил бўлинглар. 37  Бундан буён ҳеч кимни ҳукм қилманглар, шунда ўзингиз ҳам асло ҳукмга дучор бўлмайсизлар. Бундан буён ҳеч кимни айбламанглар, шунда ўзингиз ҳам сира айбловга дуч келмайсизлар. Кечиримли бўлинглар, шунда сизларнинг ҳам гуноҳларингиз кечирилади. 38  Бошқаларга бериб туринглар, шунда улар ҳам сизларга беришади: яхшилаб босилган, силкитилган, тўлиб-тошган ўлчов билан қўйнингизга солиб қўйишади. Чунки сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангиз, улар ҳам сизларга шундай ўлчов билан ўлчаб беришади». 39  Кейин Исо уларга бир масал ҳам айтиб берди: «Кўр кўрни етаклаб юра оладими? Ахир иккови ҳам чуқурга тушиб кетмайдими? 40  Шогирд устозидан устун бўла олмайди, аммо яхшилаб ўрганиб олгандан кейин, устозидай бўлади. 41  Сен нега биродарингнинг кўзидаги чўпга қарайсан-у, ўз кўзингдаги ходани кўрмайсан? 42  Ўз кўзингда хода бўлатуриб, қандай қилиб биродарингга: “Кел, кўзингдаги чўпни чиқариб олай”,— дейсан? Эй иккиюзламачи! Аввал ўз кўзингдаги ходани чиқариб ташла, ўшандагина биродарингнинг кўзидаги чўпни қандай чиқариш кераклигини кўра оласан. 43  Яхши дарахт ёмон мева бера олмаганидек, ёмон дарахт ҳам яхши мева бера олмайди. 44  Ҳар бир дарахт ўз мевасидан маълум бўлади. Масалан, одамлар тиканакдан анжир теришмайди ва бутазордан узум узишмайди. 45  Яхши инсон ўзининг қалб хазинасидан яхши нарсалар чиқаради, ёмон инсон эса ўзининг қалб хазинасидан ёмон нарсалар чиқаради. Ахир одамнинг дилида нима бўлса, тили шуни гапиради-ку. 46  Нега сизлар мени: “Ҳазрат, Ҳазрат”,— дейсизлар-у, айтганимни қилмайсизлар? 47  Менинг сўзларимни тинглаб, уларга риоя этган кишини кимга ўхшатишимни сизларга айтай: 48  бу киши уй қураётганида ерни чуқурроқ ковлаб, пойдеворини қоятош устига ўрнатган одамга ўхшайди. Шунда сел ёғиб, дарё тошиб, уйни қоплаганда ҳам, у пухта қурилгани учун ҳеч зарар кўрмабди. 49  Менинг сўзларимни тинглаб, уларга риоя этмаган киши эса, уйини тупроқ устига пойдеворсиз қурган одамга ўхшайди. Дарё тошиб, шу уйни ҳам қоплаган экан, у бутунлай қулаб тушибди».

Изоҳлар

Луғатга қ.