Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 5:1–39

5  Бир куни Исо Генисарет кўли* ёқасида Худонинг каломини айтиб бераётганида, халойиқ уни қиса бошлади.  Шу пайт Исо соҳилда турган иккита қайиқни кўриб қолди. Балиқчилар бўлса қайиқдан тушиб, тўрларини юваётган эдилар.  Исо Симунга тегишли бўлган қайиққа тушиб, соҳилдан бироз нарироққа сузиб боришни ундан илтимос қилди. Сўнг унга ўтириб, халойиққа таълим беришга киришди.  Сўзлашни тугатгандан кейин, у Симунга: «Чуқурроқ жойга сузиб бориб, тўрларингизни ташланглар»,— деди.  Симун бўлса жавобан: «Устоз, биз кечаси билан ҳаракат қилиб, ҳеч нарса тута олмадик. Майли, сиз айтганингиз учун, тўр ташлайман»,— деб айтди.  Улар тўр ташлаб, шунчалик кўп балиқ овлашдики, тўрлари йиртила бошлади.  Шунда улар бошқа қайиқдаги шерикларига ишора қилиб, ёрдам сўрашди. Улар келиб, иккита қайиқни балиққа тўлдиришганда, қайиқлар чўка бошлади.  Буни кўргач, Симун Бутрус Исонинг олдида тиз чўкканча: «Ҳазратим, мен ёнингизда бўлишга арзимайман. Чунки мен гуноҳкор одамман»,— деди.  Сабаби, шунча кўп балиқ тутишганидан ўзини ҳам, ёнидагиларни ҳам ваҳима босган эди. 10  Симуннинг шериклари бўлган Забадий ўғиллари Ёқуб билан Юҳанно ҳам шундай ҳолатда эдилар. Аммо Исо Симунга: «Қўрқма, бундан буён инсонларни овлайсан»,— деб айтди. 11  Шунда улар қайиқларини соҳилга чиқаришди-да, ҳамма нарсаларини қолдириб, Исонинг орқасидан эргашишди. 12  Исо бир шаҳарда бўлганида, бутун танаси мохов бўлган киши келиб қолди. У Исони кўрди-да, юз тубан йиқилиб, шундай дея ёлворди: «Ҳазратим, сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас». 13  Шунда Исо қўлини унга теккизиб: «Албатта истайман. Пок бўлинг»,— деди. Мохов киши шу заҳотиёқ дардидан фориғ бўлди. 14  Сўнг, Исо унга бу ҳақда ҳеч кимга айтмасликни буюриб: «Фақат бориб, Мусо пайғамбар амр этгани бўйича қурбонлик келтиринг ҳамда ўзингизни руҳонийга кўрсатиб, соғайганингизни тасдиқлатинг»,— деди. 15  Аммо Исо ҳақида гап-сўз янада кўпроқ тарқалиб кетди. Унинг сўзларини тинглаш ва хасталикларидан фориғ бўлиш учун, одамлар Исонинг олдига тўда-тўда бўлиб келишарди. 16  Исо бўлса хилват жойларда қолиб, ибодат қилиб турарди. 17  Исо бир куни таълим бераётганида, уни Жалила билан Яҳудия ўлкаларидаги қишлоқлардан ва Қуддусдан келган фарзийлар билан қонун муаллимлари тинглаб ўтиришганди. Яҳова Исога одамларни соғайтириш учун қудрат ато этган эди. 18  Бир пайт Исонинг олдига бир шол одамни тўшаги билан кўтариб келиб, унинг олдига олиб киришга ҳаракат қилишди. 19  Бироқ халойиқнинг кўплигидан ичкарига кира олишмагани учун томга чиқишди-да, томни бузиб, касал одамни тўшаги билан Исонинг олдига, унинг ёнидагилар ўртасига туширишди. 20  Уларнинг имонини кўриб, Исо хаста одамга: «Гуноҳларингиз кечирилди»,— деди. 21  Фарзийлар билан уламолар ўзларича: «Куфрлик қилаётган бу одам ким бўлибди? Гуноҳларни Худодан ташқари ким кечира олади?» — деб норозилик билдиришди. 22  Уларнинг ўй-фикрини билган Исо шундай деб сўради: «Кўнглингиздан нималарни ўтказяпсизлар? 23  Ахир қайси бири осонроқ: “Гуноҳларингиз кечирилди”,— деб айтишми ёки “Ўрнингиздан туриб юринг”,— дейишми? 24  Бироқ билиб қўйингларки, Инсон Ўғли ер юзида гуноҳларни кечириш ваколатига ҳам эга». Сўнг Исо шол одамга: «Сизга айтяпман: ўрнингиздан туриб, тўшагингизни олинг-да, уйингизга кетаверинг»,— деди. 25  Ўша одам дарҳол ҳамманинг олдида ўрнидан туриб, тўшагини олди-да, Тангрини улуғлаб, уйига жўнади. 26  Ҳамма ҳаяжонга тўлиб, Худони шарафлай кетди. Қўрқув ичида улар: «Биз ҳеч қачон бундай нарсаларни кўрмаган эдик!» — дейишарди. 27  Исо йўлида давом этиб, солиқ идорасида ўтирган Леви исмли бир солиқчини кўрди-да, унга: «Менинг издошим бўл»,— деди. 28  У ҳамма нарсасини қолдирди-да, ўрнидан туриб, Исонинг орқасидан эргашди. 29  Леви ўз уйида Исо учун катта зиёфат уюштирди. У ерда кўпгина солиқчилар ва бошқа одамлар дастурхон атрофида ёнбошлаб ўтиришарди. 30  Шунда фарзийлар билан уларнинг орасидан чиққан уламолар Исонинг шогирдларидан нолиб: «Нега сизлар солиқчилар ва гуноҳкорлар билан еб-ичиб ўтирибсизлар?» — дейишди. 31  Исо уларга жавобан шундай деди: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож. 32  Мен одил кишиларни эмас, гуноҳкорларни тавба қилишга даъват этгани келганман». 33  Улар бўлса Исога: «Яҳёнинг ҳамда фарзийларнинг шогирдлари тез-тез рўза тутиб, ибодат қилиб туришади. Сенинг шогирдларинг эса еб-ичиб юришибди»,— деб айтишди. 34  Исо уларга шундай деди: «Куёв жўралари билан бўлган пайтда, жўраларини рўза тутишга мажбур қилиб бўлармикин? 35  Аммо куёв улардан айриладиган кунлар келади. Ўшандагина улар рўза тутишади». 36  Сўнгра Исо уларга қуйидаги мисолни келтирди: «Ҳеч ким янги устки кийимдан йиртиб олиб, эскирган устки кийимга ямоқ тикмайди. Акс ҳолда янги ямоқ узилиб тушади. Янги кийимдан олинган ямоқ эски кийимга тўғри келмайди. 37  Ҳеч кимса янги шаробни эски мешларга қуймайди. Сабаби мешлар йиртилиб, шароб тўкилиб кетади ва мешлар яроқсиз бўлиб қолади. 38  Аксинча, янги шаробни янги мешларга қуйиш керак. 39  Эски шаробни ичган киши, янгисини ичгиси келмай: “Эскиси яхшироқ”,— дейди».

Изоҳлар

Жалила денгизининг бошқача номланиши.