Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 4:1-44

4  Исо Иордан атрофларини тарк этди. Худо унга муқаддас руҳ ато этди ва бу руҳ уни саҳрога бошлаб кетди.  У ерда Исо қирқ кун бўлиб, Иблис уни васвасага солди. Қирқ кун давомида Исо оғзига ҳеч нарса олмагани учун, охири оч қолди.  Шунда Иблис унга: «Агар сен Худонинг ўғли бўлсанг, мана бу тошларга буюр, улар нонга айлансин»,— деди.  Лекин Исо унга жавоб берди: «Муқаддас Ёзувларда: “Одам фақат нон билан яшамайди”,— деб айтилган».  Кейин Иблис уни баланд бир тоққа олиб чиқиб, бир лаҳзада дунёнинг барча шоҳликларини кўрсатди-да,  шундай деди: «Бу шоҳликларнинг устидан бутун ҳокимиятни ва уларнинг ҳашаматини сенга бераман. Зеро бу ҳокимият менга берилган ва мен уни кимга хоҳласам, шунга бераман.  Энди менга сажда қилсанг, буларнинг барчаси сеники бўлади».  Исо унга жавобан деди: «Муқаддас Ёзувларда: “Тангринг Яҳовага сажда қил ва фақат Унга муқаддас хизматни адо эт”,— дейилган».  Сўнгра, Иблис уни Қуддусга олиб келиб, маъбад атрофидаги деворнинг устига чиқарди-да, унга: «Агар сен Худонинг ўғли бўлсанг, ўзингни пастга ташла-чи. 10  Ахир, Муқаддас Ёзувларда: “У фаришталарига сени ҳимоялашни амр этади”. 11  ва “Оёғинг тошга урилиб кетмаслиги учун, улар сени қўлларида кўтариб кетишади”,— деб айтилган-ку». 12  Исо бўлса унга жавобан: «“Тангринг Яҳовани синама”,— деб ёзилган жойи ҳам бор»,— деди. 13  Шу билан Иблис васвасага солишни тўхтатиб, қулай фурсатгача Исодан узоқлашди. 14  Шундан кейин Исо муқаддас руҳга тўлиб, Жалила шаҳрига қайтди. У ҳақидаги яхши гаплар ўша жойларга тарқалиб кетди. 15  Исо уларга ибодатхоналарда* таълим берарди ва ҳамма уни мақтарди. 16  Кейин Исо ўсиб-улғайган шаҳри Носирага келди. Одатдагидек Шаббат куни ибодатхонага кириб, Муқаддас Ёзувлардан ўқиб бериш учун ўрнидан турди. 17  Шунда унинг қўлига Ишаё пайғамбарнинг ўроғлиқ битигини тутқазишди. Исо битикни очиб, қуйидаги оят ёзилган жойни топди: 18  «Яҳова менга Ўз руҳини бериб, камбағалларга хушхабарни эълон қилиш учун мени танлади. У мени асирларга озодлик, кўрларга кўзлари очилишини ваъз этиб, эзилганларни озодликка чиқариш ҳамда 19  Яҳова учун мақбул вақт тўғрисида гапириш учун юборди». 20  Бундан кейин у битикни ўраб, уни хизматчига берди-да, жойига ўтирди. Ибодатхонадаги барчанинг кўзи унга тикилди. 21  Кейин Исо уларга: «Сизлар ҳозиргина эшитган бу сўзлар бугун амалга ошди»,— деб айтди. 22  Шунда ҳамма уни мақтай бошлади. Унинг нақадар ёқимли сўзлар айтганидан ҳайрон қолиб: «Ахир бу ҳалиги Юсуфнинг ўғли эмасми?» — дея савол беришарди. 23  Бунга жавобан Исо шундай деди: «Албатта, сизлар менга: “Эй табиб, ўзингни ўзинг давола”,— деган мақолни қўллаб: “Кафарнаҳумда қилган ишларинг ҳақида эшитдик. Энди уларни бу ерда, ўз юртингда ҳам бажар”,— дейсизлар». 24  Исо яна сўзида давом этиб, деди: «Ишонаверинг: ҳеч бир пайғамбар ўз юртида қабул қилинмайди. 25  Масалан, Илёс пайғамбар даврида уч йил ва олти ой давомида ёмғир ёғмай, ўша ерда қаттиқ очарчилик бўлганида, Исроилда кўп бева аёллар бор эди. 26  Аммо Илёс пайғамбар уларнинг бирортасига юборилмади. Фақат Сидўн юртининг Зорафат шаҳридаги бева аёлга юборилди. 27  Шунингдек, Илёс пайғамбар даврида Исроил шаҳрида моховлар кўп эди, лекин биронтаси пок бўлмади. Фақат суриялик Нўмон исмли киши пок бўлди холос». 28  Буларни эшитгач, ибодатхонада бўлган барча одамлар ғазабга минишди. 29  Шунда улар ўринларидан туриб, шоша-пиша Исони шаҳардан ташқарига чиқариб, шаҳарлари жойлашган тоғнинг тепасига олиб боришди-да, уни ташлаб юбормоқчи бўлишди. 30  Бироқ Исо уларни оралаб ўтиб, йўлида давом этди. 31  Сўнгра у Жалиладаги Кафарнаҳум шаҳрига келиб, Шаббат кунида одамларга таълим бера бошлади. 32  Халқ Исонинг таълимотига қойил қоларди, чунки у буюк бир ваколат билан гапирарди. 33  Ибодатхонада жинга чалинган бир киши бор эди. У баланд овозда: 34  «Эй носиралик Исо, бизда нима ишинг бор? Сен бизни йўқ қилгани келдингми? Сен, Аллоҳ юборган муқаддас зот эканингни биламан»,— дея бақирди. 35  Лекин Исо унга дўқ уриб: «Жим бўл ва ундан чиқиб кет!» — деди. Шу заҳоти жин ҳамманинг кўзи олдида бу кишини ерга йиқитди-да, унга ҳеч қандай зарар келтирмай, чиқиб кетди. 36  Бундан ҳамма ҳайрон қолиб, бир-бирига шундай гапира кетишди: «Унинг гапларига қулоқ солинг! У жинларга ваколату қудрат билан буюряпти ва улар чиқиб кетишяпти!» 37  Исо ҳақидаги хабар бутун ўлка бўйлаб тарқалиб кетди. 38  Исо ибодатхонадан чиқиб, Симуннинг* уйига келди. Унинг қайнанаси иситмаси баланд бўлиб, қийналиб ётганди. Исодан унга ёрдам беришини илтимос қилишди. 39  Исо аёлнинг ёнига келиб, унга шифо берди ва аёлнинг иситмаси тушди. Шу ондаёқ аёл ўрнидан турди-да, уларга хизмат қилишни бошлади. 40  Қуёш ботаётган пайтда, турли касалликларга йўлиққан кишиларни Исонинг олдига олиб келишди ва у ҳар бирининг устига қўлини қўйиб, уларни даволади. 41  Шу йўсин, жинлар кўп одамлардан чиқиб: «Сен Худонинг Ўғлисан»,— дея бақиришарди. Лекин Исо уларни койиб, гапиришларига тўсқинлик қилди. Сабаби улар унинг Масиҳ эканини билишарди. 42  Кун ёришгач, Исо ўша ерни тарк этиб, хилват жойга йўл олди. Бироқ халойиқ уни излашга тушди ва Исо бўлган ерга келиб, уларни ташлаб кетмасликни ундан илтимос қилишарди. 43  Аммо Исо уларга шундай деб жавоб берди: «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни мен бошқа шаҳарларда ҳам ваъз қилишим керак. Ахир мен шунинг учун юборилганман». 44  Шундай қилиб, Исо Яҳудиядаги ибодатхоналарда ваъз қилиб юрди.

Изоҳлар

Луғатга қ.
Ҳаворий Бутруснинг бошқа исми.