Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 24:1-53

24  Ҳафтанинг биринчи кунида* тонг саҳарда аёллар тайёрлаб қўйилган хушбўй ўтларни қабр олдига олиб келишди.  Лекин улар қабр оғзидан тош ағдарилганини кўришди.  Ичкарига киргач, Ҳазратимиз Исонинг жасадини топа олишмади.  Улар бундан довдираб туришганда, қўққисдан олдиларида ялтироқ кийимли иккита эркак пайдо бўлди.  Аёллар қўрқиб, бошларини ерга эгишди, аммо бу кишилар уларга қуйидагиларни айтишди: «Нимага сизлар ўликлар орасида тирик зотни ахтаряпсизлар?  [У бу ерда йўқ. У тирилди.]* Жалилада бўлганда, унинг нима деганини эсланглар. У сизларга:  “Инсон Ўғли гуноҳкор одамларнинг қўлига топширилиб, устунда қатл қилинади, учинчи куни эса тирилади”,— деб айтган».  Шунда улар Исонинг гапини эслашди.  Аёллар қабрдан қайтишганда, буларни ўн битта ҳаворийга ва қолган шогирдларга айтиб беришди. 10  Бу ҳақда ҳаворийларга хабар берган аёллар — магдалалик Марям, Йўанна, Ёқубнинг онаси Марям ва улар билан бирга бўлган бошқа аёллар эди. 11  Лекин шогирдлар аёлларнинг гапига ишонишмади. Улар буни қуруқ гапдек қабул қилишди.  12  [Бутрус эса ўрнидан шартта турди-да, қабр ёнига югуриб борди, энгашиб қараса, фақат кафан бор экан. Бўлган воқеалардан ҳайрон қолиб, у ердан кетди.]* 13  Ўша куни икки шогирд Эммаус деган қишлоққа кетишаётганди. Бу қишлоқ Қуддусдан тахминан ўн бир километр нарида эди. 14  Йўл-йўлакай улар бир-бири билан бўлиб ўтганларни муҳокама қилиб кетишарди. 15  Улар гаплашиб боришар экан, Исонинг ўзи ёнларига келиб, уларга ҳамроҳ бўлди. 16  Улар уни ўз кўзлари билан кўришди-ю, аммо танишмади. 17  Шунда Исо улардан сўради: «Йўл-йўлакай қандай воқеаларни муҳокама қилиб кетяпсизлар?» Улар тўхташди. Юзлари ғамгин эди. 18  Шогирдлардан Клеопа дегани унга жавоб берди: «Сиз Қуддусда яшаб туриб, ҳеч ким билан мулоқот қилмайдиган мусофирсиз шекилли-а? Ушбу кунларда шаҳарда нима содир бўлганидан бехабармисиз?» 19  Исо улардан: «Нима бўлган экан ўзи?» — деб сўради. Улар унга шундай деб айтишди: «Носиралик Исони нима қилишганини билмайсизми? У, Худо ҳамда бутун халқ олдида амалда ҳам, сўзда ҳам қудратли пайғамбар бўлган. 20  Аммо бош руҳонийларимиз ва бошлиқларимиз уни ўлимга маҳкум этиш учун тутиб бериб, устунга михлатишди. 21  Биз эса у киши Исроилни озод қилади, дея умид қилгандик. Бундан ташқари, бу воқеалар содир бўлганига уч кун бўляпти. 22  Аёллар ҳам тонг саҳарда у қўйилган қабрдан келиб, бизни саросимага солишди. 23  Улар ўша жойга боришганда, унинг жасадини топа олишмабди. Шунингдек, уларга фаришталар аён бўлиб, у тирик эканини айтишибди. 24  Шунда орамиздан айримлар қабр ёнига боришса, аёллар айтганидек бўлиб чиқибди, аммо Исони у ерда кўришмабди». 25  Шунда Исо уларга деди: «Эҳ, фаросатсизлар! Пайғамбарлар айтган гапларга ишончи суст одамлар! 26  Ахир Масиҳ улуғворликка эришиш учун бу азобларни бошдан кечириши керак эди-ку!» 27  Кейин у давом этиб, Мусонинг ва Пайғамбарларнинг китобларида ўзи ҳақида нима ёзилганини уларга талқин қилиб берди. 28  Охири улар ўша қишлоққа яқинлашишганда, Исо ўзини йўлида давом этадиган қилиб кўрсатди. 29  Лекин шогирдлар туриб олиб: «Биз билан қолинг, ахир кеч киряпти»,— деб айтишди. Исо ўша жойга бориб, улар билан бирга қолди. 30  Дастурхон атрофида ёнбошлашганда, Исо нонни олиб, шукрона дуосини айтди. Кейин уни синдириб шогирдларига берди. 31  Шу заҳоти шогирдларнинг кўзлари очилди ва улар Исони таниб қолишди. Аммо шу онда Исо кўзларидан ғойиб бўлди. 32  Улар бир-бирига: «Йўл-йўлакай биз билан гаплашиб, Муқаддас Ёзувларни талқин қилганда, юракларимиз ўртаниб кетмаганмиди?» — дейишарди. 33  Сўнг шогирдлар дарҳол ўринларидан туриб, Қуддусга йўл олишди. Ўша ерда улар ўн битта ҳаворийни ва бошқа шогирдларни топишди. 34  У ердагилар: «Ҳақиқатан ҳам Ҳазратимиз тирилиб, Симунга зоҳир бўлди!» — деб айтишди. 35  Кейин иккала шогирд ҳам йўлда нима содир бўлганини ҳамда Исони нон синдириб берганидан таниб қолишганини гапириб беришди. 36  Улар гаплашиб турган пайтда ўрталарида Исо пайдо бўлди [ва уларга: «Ассалому алайкум!» — деди.]* 37  Лекин улар даҳшатга тушиб, қўрқиб кетишди. Улар бир руҳни кўриб қолдик, деб ўйлашди. 38  Шунда Исо қуйидагича деди: «Нима учун қўрқяпсизлар ва нега қалбингизда шубҳалар туғилди? 39  Оёқ қўлларимга қаранглар, бу менман. Мени ушлаб кўринглар. Ахир менда бўлган эт ва суяк руҳларда бўлмайди-ку». 40  [Буларни айтиб бўлгач, Исо уларга оёқ-қўлларини кўрсатди.]* 41  Шогирдлар суюнишганидан, донг қотиб унга ҳали ишонмай турганларида, Исо улардан: «Ейишга бирон-бир нарсангиз борми?» — деб сўради. 42  Улар дарров унга қовурилган балиқдан тортиқ этишди. 43  Исо уни олиб, уларнинг кўз олдида еди. 44  Бундан кейин Исо уларга шундай деди: «Эсингиздами, сизлар билан бирга бўлганимда, Тавротда, Пайғамбарлар китобларида ва Забурда мен ҳақимда ёзилганлар бажо бўлиши керак, деб айтгандим?» 45  Сўнг Исо Муқаддас Ёзувларни тушунишлари учун шогирдларнинг зеҳнини очиб, 46  шуларни айтди: «Муқаддас Ёзувларга биноан, Масиҳ азоб чекиб, учинчи куни эса тирилиши керак. 47  Шунингдек, унинг исмига асосланиб, барча халқларга тавба қилиш ҳақидаги хабар ваъз қилинади. Қуддусдан бошлаб, 48  сизлар буларнинг шоҳиди бўласизлар. 49  Отам ваъда қилганни мен сизларга юбораман. Осмондан қудрат олмагунингизча, шаҳарда қолинглар». 50  Сўнгра Исо уларни Байтаниягача кузатиб борди-да, қўлларини кўтариб дуо қилди. 51  Шогирдларини дуо қилаётиб, улардан узоқлашганча осмонга кўтарила бошлади. 52  Улар эса унга таъзим қилишди-да, хурсандчилик билан Қуддусга қайтишди. 53  Шогирдлар ҳамиша маъбадда бўлиб, Аллоҳни шарафлашарди.

Изоҳлар

Мт 28:1 изоҳига қ.
Лқ 23:34 изоҳига қ.
Лқ 23:34 изоҳига қ.
Лқ 23:34 изоҳига қ.
Лқ 23:34 изоҳига қ.