Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 22:1–71

22  Шу пайтда Фисиҳ деб аталмиш, хамиртурушсиз нон ёпиладиган байрами яқинлашаётган эди.  Бош руҳонийлар ва уламолар Исодан қандай қутулсак бўлар экан, деб ўйлашарди. Аммо улар халқдан қўрқишарди.  Ўшанда ўн икки шогирдидан бири бўлган Яҳудо Ишқариётнинг ичига Шайтон кириб олганди.  У бош руҳонийлар ва маъбад назоратчиларининг олдига бориб, Исони тутиб бериш йўлини улар билан келишиб олди.  Хуллас, улар хурсанд бўлиб, Яҳудога кумуш тангалар беришни ваъда қилишди.  У рози бўлиб, халқ Исонинг ёнида бўлмаган пайтда унга хиёнат қилиш фурсатини излай бошлади.  Хамиртурушсиз нон ёпиладиган ва Фисиҳ қурбонлигини келтириш куни ҳам келди.  Исо, Бутрус билан Юҳаннони жўнатиб, уларга: «Боринглар, Фисиҳ таомини ейишимиз учун тайёргарлик кўринглар»,— деди.  Улар эса ундан сўрашди: «Уни қаерда тайёрлашимизни истайсиз?» 10  Исо уларга деди: «Шаҳарга кирганингизда, сопол идишда сув олиб кетаётган кишига дучор бўласизлар. У қайси уйга кирса, унинг орқасидан бориб, 11  ўша уй эгасидан сўранглар: “Устозимиз сиздан: “Шогирдларим билан Фисиҳ таомини ейишимиз учун меҳмонларга аталган хона қайси?” — деб сўраяпти”. 12  Ўшанда у сизларга катта болохонани кўрсатади, у ерда керакли нарсалар бўлади. Ўша жойда ҳозирлик кўринглар». 13  Шогирдлари боришди ва барча нарса Исо уларга айтганидек юз берди. Улар Фисиҳ таомини тайёрлашди. 14  Ниҳоят ўша вақт келди ва Исо ҳаворийлари билан бирга хонтахта атрофида ёнбошлади. 15  Шунда Исо уларга қуйидагиларни айтди: «Бошимга тушадиган азоблардан олдин сизлар билан мана шу Фисиҳ таомини ейишни жуда орзу қилгандим. 16  Сизларга айтиб қўяй, шу таомга тааллуқли бўлган барча нарсалар Худонинг Шоҳлигида амалга ошмагунча мен уни бошқа емайман». 17  Кейин косани олди-да, Аллоҳга шукрона айтиб, шундай деди: «Уни олинглар-да, бир-бирингизга узатиб юборинглар. 18  Шуни билиб қўйингларки, Худонинг Шоҳлиги келмагунча, мен шароб ичмайман». 19  Бундан сўнг у нонни олди-да, Тангрига шукрона айтди. Нонни синдиргач, шогирдларига бериб, шундай деди: «Бу, сизлар учун фидо қилинадиган танамни билдиради. Буни, мени эслаб туриш учун қилинглар». 20  Худди шундай кечки овқатдан кейин косани олиб, шуларни айтди: «Бу коса, сизлар учун тўкиладиган қоним асосида тузиладиган янги аҳдни англатади. 21  Лекин мен билан бирга хонтахта атрофида хоин ҳам бор. 22  Ҳа, Инсон Ўғли башорат қилинган йўлдан кетяпти. Аммо унга хиёнат қиладиганнинг ҳолига вой!» 23  Шу пайт шогирдлар, бундай қилишга кимнинг ҳадди сиғар экан, дея ўзаро муҳокама қилишга тушишди. 24  Шундан кейин, ораларида ким буюк деб ҳисобланиши кераклиги тўғрисида қаттиқ баҳс-мунозара кўтарилди. 25  Бироқ Исо уларга қуйидагича деди: «Шоҳлар халқлар устидан ҳукмронлик қилишади. Халқларни бошқаришга ҳуқуқи борларни валинеъмат деб аташади. 26  Сизлар бўлса уларга ўхшаманглар. Орангизда ким буюк бўлишни истаса, ўзини паст олсин ва бошқарувчи бўлишни хоҳласа, хизматкор бўлсин. 27  Ким буюк: хонтахта атрофида ёнбошлаганми ёки хизмат қилаётганми? Ёнбошлаган эмасми? Мен эса ораларингизда хизмат қилувчидайман. 28  Бироқ сизлар, синовларга дуч келганимда мен билан охиригача қолгансизлар. 29  Шундай экан, Отам Шоҳлик қилишим учун мен билан аҳд тузганидек, мен ҳам сизлар билан аҳд тузяпман. 30  Шу йўсин, сизлар Шоҳлигимда бўлиб, дастурхон атрофида еб-ичасизлар ҳамда тахтларга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласини ҳукм қиласизлар. 31  Симун, Симун! Шайтон сизларни буғдой каби ғалвирдан ўтказишни талаб қилган. 32  Лекин мен сен учун ёлвориб, имонинг сусаймаслигини Худодан тиладим. Сен эса тавба қилганингдан кейин, биродарларингни қўллаб-қувватлагин». 33  Бутрус бўлса Исога: «Ҳазратим, сиз билан қамоқда ўтиришга ҳам, ўлишга ҳам тайёрман»,— деб айтди. 34  Аммо Исо унга шундай деди: «Сенга айтиб қўяй, Бутрус, бугун хўроз қичқирмасданоқ сен мендан уч марта тонасан». 35  Шунингдек, Исо улардан сўради: «Сизларни ҳамёнсиз, егулик солинган тўрвасиз, чориқсиз жўнатганимда, бирон-бир нарсага муҳтож бўлганмидиларинг?» Улар: «Йўқ!» — дейишди. 36  Кейин Исо уларга қуйидагиларни айтди: «Бундан буён эса кимнинг ҳамёни ва егулик солинган тўрваси бўлса, ўзи билан олсин. Шунингдек, қиличи бўлмаган киши устки кийимини сотиб, қилич олсин. 37  Сизларга айтиб қўяй, Муқаддас Ёзувлардаги: “Қонунсиз кишиларга қўшилди”,— деб айтилгани менда бажо бўлиши керак. Чунки мен ҳақимда ёзилгани амалга ошяпти». 38  Сўнг шогирдлар унга: «Ҳазрат, бу ерда иккита қилич бор»,— дейишди. Исо уларга: «Бунинг ўзи етарли»,— деди. 39  Ўша ердан чиқиб, Исо одатдагидек Зайтун тоғига йўл олди. Унинг шогирдлари ҳам орқасидан кетишди. 40  Белгиланган жойга етиб келганда, у шогирдларига: «Васвасага тушмаслик учун ибодат қилинглар»,— дея уқтирди. 41  Ўзи эса улардан бир тош отган масофа нарига ўтиб, тиз чўкиб шундай дея ибодат қила бошлади: 42  «Отажон, агар иложи бўлса бу коса* мени четлаб ўтсин. Лекин мен хоҳлаганимдек эмас, Сен хоҳлагандай бўлсин». 43  Шунда осмондан фаришта тушиб, уни қўллаб-қувватлади. 44  Исо бўлса, ич-ичидан эзилиб, ибодат қилишда давом этди. Унинг тери қонга айланиб, ерга тома бошлади. 45  Ибодат қилиб бўлгандан сўнг, Исо шогирдлари ёнига кетди. Уларни қайғудан ухлаб ётган ҳолда кўриб: 46  «Вой, ухлаяпсизларми? Туринглар энди, васвасага тушмаслик учун ибодат қилинглар»,— деди. 47  Исо бу гапларни ҳали тугатмасданоқ, ўн икки шогирдидан бири Яҳудо анча одамларни бошлаб келаётганди. У Исони ўпмоқчи бўлиб унга яқинлашди. 48  Лекин Исо унга: «Яҳудо, Инсон Ўғлига ўпич билан хиёнат қиляпсанми?» — деди. 49  Исонинг ёнида бўлганлар нима юз беришини пайқаб, шундай дейишди: «Ҳазрат, қилични ишга солайликми?» 50  Улардан биттаси эса олий руҳоний хизматкорининг ўнг қулоғини узиб юборди. 51  Аммо Исо: «Бўлди, етар»,— деди ва хизматкорнинг қулоғига қўлини теккизиб, уни соғайтирди. 52  Сўнг Исо, уни тутиб олишга келган бош руҳонийлар, маъбад назоратчилари ва оқсоқолларга деди: «Нима, мен қароқчимидимки, қиличу таёқлар кўтариб келибсизлар? 53  Ҳар куни сизлар билан бирга маъбадда бўлганимда, мени ҳибсга олмагансизлар-ку. Бироқ ҳозир сизнинг даврингиз ва зулмат ҳукм сураётган вақтдир». 54  Шунда улар Исони тутиб, олий руҳонийнинг уйига етаклаб боришди. Бутрус ҳам муайян масофада орқаларидан эргашиб кетди. 55  Одамлар ҳовли ўртасида гулхан ёқиб ўтиришганда, Бутрус улар билан бирга ўтирди. 56  Бир чўри Бутруснинг гулхан олдида ўтирганини кўрди-да, унга тикилиб: «Бу одам ҳам у билан бирга эди»,— деб айтди. 57  Лекин Бутрус инкор этиб: «Мен уни танимайман»,— деди. 58  Бир оз вақт ўтиб бошқа киши унга: «Сиз ҳам улардан бирисиз»,— деди. Аммо Бутрус унга ҳам: «Йўғ-е, ундай эмас!» — деди. 59  Тахминан бир соат ўтгач, яна кимдир: «Бу киши аниқ у билан бирга эди, ахир у жалилалик-ку!» — дея туриб олди. 60  Бироқ Бутрус унга рад жавобини бериб: «Сен нималар деб валдираяпсан»,— деб айтди. У ҳали гапини тугатмасиданоқ, хўроз қичқирди 61  ва Ҳазратимиз ўгирилиб Бутрусга қаради. Шунда Бутрус Ҳазратимизнинг: «Бугун, хўроз қичқирмасданоқ сен мендан уч марта тонасан»,— деган гапларини эслади. 62  Кейин ташқарига югуриб чиқиб, аччиқ-аччиқ йиғлади. 63  Исони қўриқлаб турган кишилар, уни масхара қилиб, ура бошлашди. 64  Унинг юзини беркитиб: «Пайғамбар бўлсанг айт-чи, сени ким урди?» — деб сўрашарди. 65  Шунингдек, унга кўп ҳақоратли сўзларни айтишарди. 66  Тонг отгач, халқ оқсоқоллари — бош руҳонийлар ва уламолар тўпланишди. Исони Олий Кенгашга етаклаб келишганда, улар унга: 67  «Масиҳ бўлсанг, бизларга очиғини айт»,— дейишди. Бироқ Исо уларга шундай деди: «Айтганим билан барибир ишонмайсизлар. 68  Сизларга савол берсам ҳам жавоб қайтармайсизлар. 69  Лекин бундан буён Инсон Ўғли Қодир Аллоҳнинг ўнг тарафида ўтиради». 70  Шунда ҳаммаси ундан сўради: «Демак, сен — Худонинг Ўғли экансан-да?» Исо жавоб бериб деди: «Ўша мен эканимни ўзларингиз айтяпсизлар». 71  Улар: «Бизга яна қандай шаҳодат керак? Ахир ўз оғзи билан айтганини эшитдик-ку»,— деб айтишди.

Изоҳлар

Мт 20:22 изоҳига қ.