Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 2:1–52

2  Ўша кунларда подшоҳ* Август бутун дунё аҳолисини рўйхатдан ўтказиш ҳақида фармон чиқарди.  (Бу, Сурия устидан Квириний ҳокимлик қилган пайтдаги биринчи аҳоли рўйхати эди.)  Шунда рўйхатдан ўтиш учун ҳар ким ўз шаҳрига жўнади.  Юсуф ҳам Жалиладаги Носира шаҳридан чиқиб, Яҳудияга — Довуд пайғамбарнинг шаҳри Байтлаҳмга йўл олди. Чунки у Довуднинг авлоди ва хонадонидан эди.  Юсуф бу пайтда ўзига унаштирилган қиз Марямга уйланган бўлиб, улар биргаликда рўйхатдан ўтишга жўнашди. Марямнинг эса ой-куни яқин эди.  Ўша ерда бўлганларида Марямнинг ой-куни тўлиб,  ўзининг тўнғич ўғлини туғди. Уни йўргаклаб, охурга қўйди, чунки меҳмонхонада уларга жой йўқ эди.  Ана шу юртда чўпонлар бор эди. Улар кечалари сурувларини пойлаб, далада кун кечиришарди.  Тўсатдан олдиларида Яҳованинг фариштаси пайдо бўлиб, Яҳованинг улуғворлигидан уларнинг атрофини ярқиратиб юборди. Чўпонлар бундан даҳшатга тушишди. 10  Аммо фаришта уларга шундай деди: «Қўрқманглар! Мен сизларга бутун инсонларга чексиз қувонч бахш этадиган хабар келтирдим. 11  Бугун Довуд пайғамбарнинг шаҳрида сизлар учун бир нажоткор — Ҳазратингиз Масиҳ туғилди. 12  Чақалоқни — йўргакланган, охурда ётган ҳолда топасизлар. Бу сизлар учун белги бўлади». 13  Бирдан фариштанинг ёнида сон-саноқсиз самовий қўшин пайдо бўлди. Улар Худога ҳамду сано айтишарди: 14  «Самодаги Худога шон-шарафлар ёғилсин! Ер юзида эса, Унинг илтифотига эга бўлганлар орасида тинчлик бўлсин!» 15  Фаришталар осмонга кўтарилиб кетгандан сўнг, чўпонлар бир-бирига: «Юринглар, тезроқ Байтлаҳмга борайлик. У ерда Яҳова бизга билдирган хабар бўйича, нималар бўлганини кўрайлик»,— дейишди. 16  Улар дарҳол йўлга чиқишди ва у ерга келиб, Марям билан Юсуфни ва охурда ётган чақалоқни топишди. 17  Чақалоқни кўрибоқ, чўпонлар у ҳақида эшитганларини айтиб беришди. 18  Буни эшитганлар эса уларнинг гапидан ҳайрон қолишди. 19  Марям бўлса бу сўзларни дилига тугиб, уларнинг маъноси ҳақида ўйлаб юрди. 20  Сўнгра, чўпонлар, эшитиб кўрганлари айнан уларга айтилганидай бўлиб чиққани учун, Тангрига ҳамду сано айтиб, қайтиб кетишди. 21  Саккизинчи куни болани суннат қилиш вақти келганда, унинг исмини Исо қўйишди. Марям ҳомиладор бўлишидан аввал, фаришта унга шундай исм беришни айтган эди. 22  Таврот қонунига биноан, чақалоқнинг покланиш кунлари тугаганда, улар болани Қуддусга, Яҳованинг ҳузурига олиб келишди. 23  Чунки Яҳованинг қонунида: «Туғилган ҳар бир тўнғич ўғил Яҳовага бағишлансин»,— деб ёзилган эди. 24  Шунингдек улар, Яҳованинг қонунидаги: «Иккита мусича ёки бир жуфт каптар палапонини тақдим этишсин»,— дейилган сўзларга биноан қурбонлик келтиришди. 25  Қуддусда эса Шимўн исмли одил, худотарс киши бор эди. У, Аллоҳнинг Исроил халқига ёрдам бериш вақтини кутганди ва уни муқаддас руҳ бошқараётганди. 26  Бундан ташқари, у муқаддас руҳ орқали, Яҳова юборган Масиҳни кўрмагунча, ҳаётдан кўз юммаслиги ҳақида ваҳий олган эди. 27  Муқаддас руҳ бошқаруви билан Шимўн маъбадга келди. Шу куни қонуннинг талабини бажариш учун, ота-онаси Исони у ерга олиб келишган эди. 28  Шимўн чақалоқни қўлига олиб, шундай сўзлар билан Худони олқишлади: 29  «Эй Эгам Раббий, айтган сўзингга мувофиқ, энди қулингнинг тинчгина ҳаётдан кўз юмишига изн берасан. 30  Зеро менинг кўзларим нажот келтирувчи зотни, 31  барча халқлар олдида тайёрлаган нажотингни кўрди. 32  У — халқларни қоплаб турган зулматни йўқ қилувчи нур ва Исроил халқининг улуғворлигидир». 33  Ота-онаси Исо ҳақида айтилган бу сўзлардан ҳайратда қолишди. 34  Шимўн уларни дуо қилиб, боланинг онаси Марямга шундай деди: «Бу бола Исроилда кўпларнинг қулашига ва кўпларнинг юксалишига сабабчи бўлади. Аллоҳ уни аломат сифатида юборган бўлса-да, кўпчилик ундан нафратланади. 35  Натижада кўп одамларнинг кўнглидаги фикр-хаёли ошкор бўлади. Марям, сенинг юрагингга* эса қилич санчилгандай бўлади». 36  Ўша ерда Ошер қабиласидан бўлган Фануилнинг қизи Анна исмли пайғамбар аёл бор эди. (Кексайиб қолган бу аёл, қизлигида турмуш қуриб, эри билан атиги етти йил яшагандан сўнг 37  бева қолган эди. Унинг ёши саксон тўртда эди.) Анна маъбадни ҳеч тарк этмай, рўза тутиб ва тоат-ибодатлар қилиб, туну кун муқаддас хизматни адо этарди. 38  Шу пайт у ҳам Юсуф билан Марямнинг ёнига келди-да, Худога шукроналар айтиб, Қуддуснинг қутқарилишини кутиб юрганларнинг барчасига бола ҳақида айта бошлади. 39  Яҳованинг қонунидаги талабларни бажариб бўлгандан кейин, улар Жалилага, ўзларининг Носира шаҳрига қайтиб боришди. 40  Бола улғайган сайин кучга ва ҳикматга тўларди. Аллоҳ эса унга марҳамат кўрсатарди. 41  Исонинг ота-онаси ҳар йили Қуддусга Фисиҳ байрамига боришарди. 42  Исо ўн икки ёшга тўлганда, улар яна одатдагидай, байрамга бориб, 43  тугагунча ўша ерда қолишди. Кейин улар йўлга чиқишди, Исо бўлса Қуддусда қолиб кетди. Аммо ота-онаси буни пайқамади. 44  Улар Исони бошқалар билан келяпти, деб ўйлашди. Бироқ бир кун йўл юргандан сўнг, уни қариндошларию танишлари орасидан излай бошлашди. 45  Уни тополмагач, қайта Қуддусга бориб, у ерда ҳам роса қидиришди. 46  Ниҳоят уч кундан кейин уни маъбаддан топишди. Исо дин муаллимлари орасида, уларни тинглаб, саволлар бериб ўтирарди. 47  Тинглаётганларнинг ҳаммаси Исонинг фаҳм-идрокига ва бераётган жавобларига лол қолишганди. 48  Ота-онаси уни кўриб ҳайрон бўлди. Онаси ундан: «Ўғлим, бу нима қилганинг? Ахир отанг икковимиз сени излаб, роса хавотир олдик-ку»,— деди. 49  Исо бўлса: «Нега мени изладиларинг? Ёки Отамнинг уйида бўлишим кераклигини билмас эдингизларми?» — деб айтди. 50  Аммо улар унинг сўзларининг мағзини чақишмади. 51  Сўнг, Исо улар билан Носирага қайтиб кетди. У бундан буён ота-онасига бўйсуниб юрди. Онаси эса бу гапларнинг ҳаммасини дилига тугиб қўярди. 52  Исо ўсиб-улғаяр ва борган сайин донолиги ошарди. Тангрининг ва одамларнинг назарида илтифотга сазовор бўларди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «Қайсар». Юнонча Кесарос, баъзи Рим императорларининг унвони.
Сўзма-сўз «жонингга».