Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 19:1-48

19  Кейин Исо Ерихо шаҳрига кириб, унинг ичидан ўтиб кетаётганди.  Ўша ерда Заккай исмли киши бор эди. У солиқчиларнинг бошлиғи бўлиб, бой одам эди.  Ўша Исо қанақа одам экан деб, уни кўришни жуда ҳам истарди. Аммо у пакана бўлгани учун ва халойиқ кўплигидан уни кўролмади.  Шунда у Исони кўриш учун халойиқ олдига югуриб борди-да, ёввойи анжир дарахтига чиқиб олди. Сабаби, Исо айнан шу йўлдан ўтиб кетиши керак эди.  Исо ўша жойга яқинлашиб қолганда, Заккайни кўриб, унга шундай деди: «Ҳой Заккай, тезроқ пастга тушинг. Чунки мен бугун уйингизда қолишим керак».  Заккай тезда дарахтдан тушиб, уни қувонч билан кутиб олди.  Лекин буни кўрган ҳамма: «У гуноҳкор одамникида қолди»,— деб жаврашарди.  Заккай бўлса ўрнидан туриб, Ҳазратимизга қуйидагича деди: «Ҳазратим, энди мол-мулкимнинг ярмини камбағалларга тарқатаман. Кимдан сохта гувоҳлик билан тортиб олган бўлсам, уларга тўрт баробар қайтариб бераман».  Бунга жавобан Исо деди: «Бугун шу уйга нажот келди. Зеро бу одам ҳам Иброҳимнинг ўғли. 10  Ахир Инсон Ўғли адашганларни излаб топиб, қутқариш учун келган». 11  Бу гапларни шогирдлар тинглаб туришарди. Шунда Исо уларга бир масални айтиб берди. Боиси, Исо Қуддусга яқин бўлгани учун, улар Худонинг Шоҳлиги ўша заҳоти аён бўлиши керак деб ўйлашган. 12  Исо уларга шуни ҳикоя қилиб берди: «Асилзода бир одам шоҳликни қўлга киритиш учун узоқ мамлакатга кетибди. 13  У ёнига ўнта хизматкорини чақиртириб, 1 000 кумуш танга* берибди. Кейин уларга: “Мен келгунча, бу пул даромад келтириши учун уни ишга солинглар”,— дебди. 14  Лекин асилзоданинг ҳамшаҳарлари уни ёмон кўришгани учун унинг орқасидан элчилар жўнатиб: “Бу одам устимиздан шоҳ бўлишини хоҳламаймиз”,— деб айтишибди. 15  Охири ўша киши шоҳликни қўлга киритиб қайтгач, кумуш тангаларни берган ҳалиги ўнта хизматкорни чақиртириб, улар тангаларни ишга солиб, бундан қанча даромад топганини билишни истабди. 16  Биринчи хизматкор келиб: “Хўжайин, юз кумуш тангангиздан ўн баробар орттирдим”,— дебди. 17  Унга жавобан хўжайин: “Баракалла! Яхши хизматкор экансан. Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун сен ўнта шаҳарга ҳокимлик қиласан”,—дея айтибди. 18  Кейин иккинчи хизматкор келиб: “Хўжайин, юз кумуш тангангиздан беш баробар орттирдим”,— дебди. 19  Хўжайин эса жавоб бериб: “Сен ҳам бешта шаҳарга ҳокимлик қиласан”,— дебди. 20  Бундан сўнг бошқаси келиб: “Хўжайин, мана сизнинг юз кумуш тангангиз. Мен уларни рўмолчага ўраб, сақлаб қўйгандим. 21  Мен сиздан қўрқардим, сабаби сиз қаттиққўл одамсиз. Бермасдан оласиз, экмасдан ўрасиз”,— деб айтибди. 22  Лекин хўжайин унга: “Ҳой ярамас хизматкор! Мен сени оғзингдан чиққан гапларинг билан ҳукм қиламан. Демак, сен қаттиққўллигимни, бермасдан олишимни, экмасдан ўришимни билган экансан-да? 23  Унда нимага тангаларимни ишга солмадинг? Мен қайтиб келганимда уларни фоизи билан олардим”,— дебди. 24  Ўшанда хўжайин ёнида турганларга айтибди: “Ундан пулимни олиб қўйинглар-да, 1 000 кумуш тангаси бўлганга беринглар”. 25  Бироқ улар: “Хўжайин, ахир унда 1 000 танга бор-ку!” — дейишибди. 26  Шунда у: “Сизларга айтиб қўяй, кимда бор бўлса, унга кўпроқ берилади. Кимда йўқ бўлса, қўлида бори ҳам тортиб олинади. 27  Шоҳ бўлишимни истамаган душманларимни эса бу ерга келтириб, кўз олдимда ўлдиринглар”,— дебди». 28  Буларни айтиб бўлгач, Исо Қуддусга йўл олди. 29  Зайтун тоғида жойлашган Байтфагия ва Байтанияга яқинлашиб қолганда, Исо ўзидан олдин икки шогирдини жўнатиб, 30  шундай деди: «Рўпарангиздаги қишлоққа боринглар. У ерга кирганингизда, ҳали ҳеч ким минмаган хўтикни боғланган ҳолда топасизлар. Уни ечиб олиб келинглар. 31  Мабодо, кимдир сизлардан: “Уни нимага ечяпсизлар?” — деб сўраб қолса, унга: “У Ҳазратимизга керак”,— деб айтинглар». 32  Шогирдлар бориб, Исо уларга нима айтган бўлса, шуни топдилар. 33  Улар хўтикни ечишаётганида, унинг эгалари: «Нимага хўтикни ечяпсизлар?» — деб сўрашди. 34  Улар бўлса: «Бу, Ҳазратимизга керак»,— дейишди. 35  Кейин уни Исонинг ёнига олиб келишди. Хўтикнинг устига кийимларини ташлаб, унга Исони миндиришди. 36  Исо хўтикни миниб кетаётганда, одамлар йўлига кийимларини пойандоз қилишарди. 37  Исо Зайтун тоғига яқинлашиб қолганда, унинг кўпгина шогирдлари роса қувонишди. Шунда улар, ўз кўзлари билан кўрган барча улуғвор ишлар учун Аллоҳни олқишлаб, баланд овозда шундай дейишди: 38  «Яҳованинг номидан келаётган Шоҳ муборак! Осмонда тинчлик, арши аълода ўтирган Зотга эса шарафлар бўлсин!» 39  Бироқ халойиқ ичидан баъзи фарзийлар Исога: «Устоз, шогирдларингизни тийиб олинг»,— деб айтишди. 40  Исо уларга жавоб бериб: «Улар жим бўлиб қолишса, мана шу тошлар бақиради»,— деди. 41  Қуддусга яқинлашиб қолганда, Исо шаҳарга қаради-да, йиғлаб, 42  шуларни айтди: «Кошки сени тинчликка нималар олиб келишини билганингда эди! Лекин ҳозир бу кўзларингдан яширилган. 43  Ахир шундай кунлар келадики, душманларинг атрофингни ўткирланган ходалар билан қуршаб, сени ҳар тарафдан сиқувга олишади. 44  Улар сени ҳам болаларингни ҳам ер билан яксон қилишади. Худо сени ҳукм қилиш учун келганига парво қилмаганинг учун, бу ерда тош устида тош қолмайди». 45  Исо маъбадга кирди ва олди-сотди қилаётганларни қувиб чиқараётиб, 46  шундай деди: «Муқаддас Ёзувларда: “Менинг уйим ибодат уйи бўлади”,— деб айтилган. Сизлар бўлса уни қароқчилар уясига айлантириб юбордингизлар». 47  Исо ҳар куни маъбадда таълим берарди. Бош руҳонийлар, уламолар ва халқ ичидаги нуфузли кишилар уни ўлдириш фурсатини излашарди. 48  Аммо буни қандай уддалаш мумкинлигини билишмасди. Боиси, бутун халқ Исонинг гапларини тинглаб, олдидан кетмасди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «ўн мина». Бир мина уч ойлик иш ҳақига тенг эди. Илованинг 13- мавзусига қ.