Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 17:1-37

17  Сўнгра, Исо шогирдларига қуйидагиларни айтди: «Одамларни қоқинтирадиган нарсалар бўлиши муқаррар. Бироқ бунга сабабчи бўлганнинг ҳолига вой!  Бундай инсон учун, бу кичикларнинг бирини қоқинтирганидан кўра, бўйнига тегирмон тошини осиб, денгизга чўктириб юборишлари яхшироқ бўларди.  Ўзингизга диққатли бўлинг. Агар биродарингиз гуноҳ қилса, унга танбеҳ беринг. Борди-ю, тавба қилса, уни кечиринг.  Ҳатто у бир куннинг ўзида сизга қарши етти марта гуноҳ қилса-ю, етти марта қайтиб келиб: “Тавба қилдим”,— деса, уни кечиринг».  Кейин ҳаворийлар келиб, Ҳазратимизга: «Имонимизга имон қўшинг»,— деб айтишди.  Шунда Ҳазратимиз қуйидагиларни айтди: «Агар имонингиз хантал уруғидай бўлса-ю, шу қора тут дарахтига: “Илдизинг билан қўпорилиб чиқ-да, денгизга кўчиб ўт”,— десангиз, у сизга қулоқ солади.  Орангиздан қай бирингизнинг ер ҳайдовчи ёки пода боқувчи қули даладан қайтганида: “Тезда келиб, дастурхон атрофига ёнбошла”,— деб айтади?  Аксинча, унга: “Кечки овқатимни тайёрла-да, белингни боғлаб, мен еб-ичгунимча хизмат қил. Кейин ўзинг ҳам еб-ичасан”,— демайсизми?  Буюрилган ишнинг ҳаммасини бажаргани учун хўжайин қулига ташаккур айтадими? 10  Сизлар ҳам ўзингизга буюрилган ҳамма ишни бажаргандан сўнг: “Биз ҳеч нарсага арзимас қуллармиз. Зиммамиздаги ишни қилдик холос”,— деб айтинглар». 11  Исо Қуддусга кетаётиб, Самария ва Жалила бўйлаб юрди. 12  У бир қишлоққа кираётганида, ўнта мохов уни кўриб, олисда турганча, 13  овозларини баланд қилиб: «Эй Устозимиз Исо, бизга раҳм-шафқат кўрсатинг!» — дейишди. 14  Уларни кўргач, Исо: «Бориб, ўзингизни руҳонийларга кўрсатинглар»,— деб айтди. Улар ҳали йўлда экан, соғайиб кетишди. 15  Улардан бири эса покланганини кўриб, баланд овозда Худони шарафлаганча орқага қайтди. 16  У Исонинг оёқларига юзтубан йиқилиб, унга ташаккур айта бошлади. Бу киши самариялик эди. 17  Исо бўлса унга: «Покланганлар ўн киши эмасмиди? Қолган тўққизтаси қани? 18  Аллоҳни шарафлаш учун ўзга миллатдан бўлган бу кишидан бошқа ҳеч ким қайтиб келмадими?» — деди. 19  Сўнг у одамга: «Ўрнингдан туриб, боравер. Имонинг туфайли шифо топдинг»,— деб айтди. 20  Кунларнинг бирида фарзийлар Исодан Худонинг Шоҳлиги қачон келишини сўрашди. Исо уларга қуйидагича жавоб берди: «Худонинг Шоҳлиги ҳамманинг кўзига кўринадиган тарзда келмайди. 21  У ҳақда: “Мана, бу ерда!” ёки “Ана, у ерда!” — дейишмайди. Ахир Худонинг Шоҳлиги орангизда-ку». 22  Кейин Исо ўз шогирдларига деди: «Шундай кунлар келадики, Инсон Ўғлининг атиги битта кунини кўришни хоҳлайсизлар-у, лекин кўра олмайсизлар. 23  Ўшанда одамлар: “Ана, у ерда!” ёки “Мана, бу ерда!” — деб айтишади. Аммо сизлар чиқиб, уларнинг орқасидан югурманглар. 24  Зеро чақмоқ чақиб, осмоннинг бир четидан бошқа четигача ёритиб юборганидай, Инсон Ўғли ошкор бўладиган кунда ҳам худди шундай бўлади. 25  Лекин у аввалига кўп азоб чекиб, ушбу насл томонидан рад этилиши керак. 26  Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғлининг кунларида ҳам шундай бўлади. 27  Нуҳ пайғамбар кемага киргунча, одамлар еб-ичишган, уйланиб, эрга тегишган. Ўшанда тўфон келиб, барчани ҳалок қилган. 28  Лутнинг даврида ҳам айнан шундай бўлган: одамлар еб-ичишган, олди-сотди қилишган, экин-тикин ва қурилиш билан банд бўлишган. 29  Бироқ Лут Садўмдан чиққан куни осмондан олов ва олтингугурт ёғиб, ҳаммани йўқ қилган. 30  Инсон Ўғли ошкор бўладиган куни ҳам худди шундай бўлади. 31  Ўша куни томда бўлган киши нарсаларини олиш учун уйга кирмасин. Даладаги киши ҳам нарсаларини олиш учун қайтиб келмасин. 32  Лутнинг хотини эсингизда бўлсин. 33  Агар кимдир ўз жонини сақламоқчи бўлса, ундан маҳрум бўлади. Аммо мени деб, жонидан маҳрум бўлган, уни сақлаб қолади. 34  Сизларга айтиб қўяй, ўша кеча бир тўшакда ётган икки кишидан бири олинади, бири қолдирилади. 35  Тегирмон тортаётган икки аёлдан бири олинади, бири қолдирилади». 36  * —— 37  Шунда шогирдлар ундан: «Ҳазрат, булар қаерда юз беради?» — дея сўрашди. Исо уларга: «Мурда қаерда бўлса, бургутлар ҳам ўша ерда тўпланишади»,— деди.

Изоҳлар

Мт 17:21 изоҳига қ.