Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

Луқо 16:1–31

16  Кейин Исо шогирдларига қуйидагиларни айтиб берди: «Битта бойнинг уй бошқарувчиси бор экан. Ўша бошқарувчи хўжайинининг мол-мулкини сарф қилгани тўғрисидаги хабар бойнинг қулоғига етиб борибди.  Шунда у бошқарувчини чақиртириб, унга: “Сен ҳақингда ҳар хил гап-сўзлар эшитдим, бу нима қилганинг? Ишларингнинг ҳисоботини топшир, чунки сен энди уйимни бошқармайсан”,— дебди.  Сўнг уй бошқарувчи ўзича: “Вой, энди нима қиламан? Хўжайиним бошқарувчиликни мендан олиб қўйяпти. Ер чопишга кучим етмаса, тиланчилик қилишга эса уяламан.  Ҳа, топдим: бошқарувчиликдан бўшатилганимдан кейин, одамлар мени ўз уйларига қабул қилиши учун мана шундай қиламан”,— деб ўйлабди.  Хўжайинининг ҳамма қарздорларини чақиртириб, биринчисидан сўрабди: “Хўжайинимга қанча қарзинг бор?”  Ўша киши унга: “2 200 литр* зайтун мойи қарзим бор”,— дебди. Бошқарувчи унга: “Тилхатингни олиб, ўтир ва тезда 1 100 деб ёз”,— дебди.  Кейин бошқасидан: “Сенинг қанча қарзинг бор?” — деб сўрабди. У: “Юз қоп буғдой*”,— дея жавоб берибди. Бошқарувчи унга: “Тилхатингни ол-да, саксон деб ёз”,— дебди.  Бу бошқарувчи адолатсиз бўлишига қарамай, донолик билан йўл тутгани учун, хўжайини уни мақтабди. Зеро ушбу замонанинг ўғиллари ўз замондошлари билан, нур ўғилларидан кўра донороқ муомала қиладилар.   Мен ҳам сизларга айтиб қўяй: бу дунёда топган бойлигингиз* билан дўст орттиринглар. Ўшанда бойлигингиз тугаганда, дўстларингиз сизларни абадий маконларга қабул қилишади. 10  Кичик нарсада ишончли бўлган, катта нарсада ҳам ишончли бўлади. Кичик нарсада ишончсиз бўлган, катта нарсада ҳам ишончсиз бўлади. 11  Шундай экан, бу дунёда топган бойликка нисбатан ишончли бўлмаганингизда, унда ким сизга ҳақиқий бойликни ишониб топширарди? 12  Борди-ю, сиз ўзга кишининг бойлигига нисбатан ишончли бўлмаганингизда, унда сизларга атаб қўйилган меросни ким берарди? 13  Ҳеч бир қул бирданига икки хўжайинга хизмат қила олмайди. Чунки бирини севиб, унга садоқатли бўлади. Иккинчисини эса ёмон кўриб, уни назарига ҳам илмайди. Хуллас, ҳам Аллоҳнинг, ҳам бойликнинг қуллари бўла олмайсизлар». 14  Бу гапларни пулпараст фарзийлар ҳам эшитиб туришганди. Шунда улар Исонинг устидан кула бошлашди. 15  Шунинг учун Исо уларга мурожаат қилиб, деди: «Сизлар одамлар олдида ўзларингизни одил кишилар деб эълон этасизлар, лекин қалбларингиз биргина Тангрига аён. Ахир инсонлар муҳим деб билган нарсалар, Худонинг назарида — жирканчдир. 16  Таврот ва Пайғамбарлар Ёзувлари Яҳё давригача бўлган. Шу пайтдан бошлаб эса Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабар эълон қилиниб келмоқда. Турли хил инсонлар унга кириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилишяпти. 17  Лекин Тавротдаги бирор чизиқча бажарилмай қолгунча, еру осмоннинг йўқ бўлиб кетиши осонроқдир. 18  Хотинидан ажралиб, бошқасига уйланган ҳар бир эркак хиёнат қилган бўлади. Шунингдек, эридан ажралган аёлга уйланган ҳар бир эркак ҳам хиёнат қилган бўлади. 19  Бир бой киши бор экан. У қирмизи, зиғир матодан кийим кийиб, кунда кайф-сафо қилиб юраркан. 20  Ўша одамнинг дарвозаси тагига бадани йирингли яраларга тўлиб-тошган Лазар исмли қашшоқни келтириб қўйишар экан. 21  У бойнинг дастурхонидан тушган увоқларни ейишни жуда хоҳлаган экан. Унинг ёнига итлар келиб, йирингли яраларини ялашаркан. 22  Бир неча вақт ўтиб, ўша қашшоқ оламдан кўз юмибди ва фаришталар уни Иброҳимнинг бағрига* олиб кетишибди. Кўп вақт ўтмай бой киши ҳам қазо қилибди. 23  Бой гўрда* азоб чекиб ётганида, кўзларини кўтариб, узоқдан Иброҳим пайғамбарни кўриб қолибди. Бағрида эса ўша қашшоқ Лазар бўлган экан. 24  Шунда бой хитоб қилиб, дебди: “Эй Иброҳим ота, менга раҳм-шафқат айланг. Лазарни ёнимга жўнатинг, у бармоғининг учини сувга ботириб, тилимга томизсин, чунки мен бу алангали ўтда азоб чекяпман”. 25  Лекин Иброҳим пайғамбар унга дебди: “Ўғлим, эсингдами, ҳаёт бўлганингда, яхши нарсаларга эга эдинг, Лазар эса нуқул ёмон нарсаларни кўрди. Энди у бу ерда фаровон ҳаёт кечиряпти, сен эса азоб чекяпсан. 26  Бундан ташқари, сиз билан бизнинг орамизда тубсиз жарлик бор. Шундай экан, сизлардан биз томонга ва бизлардан эса сиз томонга ўтмоқчи бўлганлар ўтишолмайди”. 27  Кейин бой ундан сўрабди: “Ота, ундай бўлса, Лазарни отамнинг уйига юборинг. 28  У ерда бешта укам бор. Улар ҳам мен каби азоб чекадиган жойга тушиб қолмасликлари учун, уларга яхшилаб тушунтириб берсин”. 29  Аммо Иброҳим пайғамбар: “Уларда Мусо ва бошқа пайғамбарларнинг Ёзувлари бор. Уларга қулоқ солишсин”,— дебди. 30  Бой киши эса: “Йўқ, Иброҳим ота, агар ўлганлардан кимдир тирилиб келса, ўшанда улар тавба қилишади”,— дебди. 31  Сўнг Иброҳим пайғамбар унга: “Агар улар Мусо ва бошқа пайғамбарларга қулоқ солишмаган бўлса, унда ўлганлардан кимдир тирилиб келса ҳам ишонишмайди”,— деб айтибди».

Изоҳлар

Сўзма-сўз «юз бат». 1 бат — тахминан 22 литрга тенг. Илованинг 13- мавзусига қ.
Сўзма-сўз «юз кор». 1 кор — 170 килограммга тенг. Илованинг 13- мавзусига қ.
Сўзма-сўз «адолатсиз бойлигингиз».
Кимнингдир бағрида бўлиш, ўша кишининг илтифотига сазовор бўлишни англатарди.
Юнонча ҳадес. Илованинг 5- мавзусига қ.