Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 15:1-32

15  Барча солиқчилар ва гуноҳкорлар Исони тинглаш учун унинг ёнига келишаётган эди.  Шу сабабдан фарзийлар ва уламолар жавраб: «Бу киши гуноҳкорларни қабул қилиб, улар билан овқат еяпти»,— дейишарди.  Ўшанда Исо уларга қуйидаги масални айтиб берди:  «Сизлардан кимнингдир юзта қўйи бўлса-да, улардан биттасини йўқотиб қўйса, тўқсон тўққизтасини чўлда қолдириб, йўқолганини топмагунча ахтармайдими?  Уни топгач эса, елкасига кўтариб, роса севинади.  Ўша киши уйга келади-да, дўстларию қўшниларини чақириб: “Келинглар, бирга қувонамиз, чунки мен йўқотган қўйимни топдим”,— дейди.  Сизларга айтиб қўяй, худди шундай, тавбага муҳтож бўлмаган тўқсон тўққизта одил кишидан кўра, тавба қилган битта гуноҳкор учун ҳам осмонда катта хурсандчилик бўлади.  Ёки қайси бир аёлнинг ўнта кумуш тангаси* бўлса-да, улардан биттасини йўқотиб қўйса, чироқ ёқиб уни топмагунча уйини супуриб, яхшилаб қидирмайдими?  Уни топгач эса, дугоналарию қўшниларини чақириб: “Келинглар, бирга қувонамиз, чунки мен йўқотган кумуш тангамни топдим”,— дейди. 10  Сизларга айтиб қўяй, худди шундай, тавба қилган битта гуноҳкор учун ҳам Аллоҳнинг фаришталари роса хурсанд бўлишади». 11  Кейин Исо қуйидагиларни айтди: «Бир кишининг иккита ўғли бор экан. 12  Кенжа ўғли отасининг олдига келиб: “Отажон, мол-мулкингиздан менга тегишли қисмини беринг”,— дебди. Шунда ота бойлигини иккала ўғлига бўлиб берибди. 13  Орадан кўп вақт ўтмай, кенжа ўғил ҳамма нарсасини тўплаб, узоқ юртга кетибди. У ерда кайф-сафо қилиб, бор-будини совуриб юборибди. 14  Ҳамма пулини ишлатиб бўлганда, ўша юртда очарчилик бошланибди ва у қийналиб қолибди. 15  Сўнг йигит ўша юрт фуқароларидан бирининг олдига бориб, уни ишга олсин дея ялинибди. Шунда у киши, чўчқаларни боқиш учун уни далага юборибди. 16  У ҳатто чўчқалар ейдиган пўчоқлар билан қорнини тўйғазишни истабди-ю, аммо шуни ҳам унга беришмабди. 17  Охири йигит эс-ҳушини йиғиб, шундай дебди: “Отамнинг кўпгина ёлланган ишчилари тўйиб нон ейишади, мен эса бу ерда очликдан ўлай деб юрибман! 18  Энди ўрнимдан туриб, отамнинг ёнига бораман-да, унга айтаман: “Отажон, мен Худога* ва сизга қарши гуноҳ қилдим. 19  Бундан буён ўғлингиз деб аталишга ҳам арзимайман. Рухсат этинг, ёлланган ишчиларингиздан биридек бўлай”. 20  Шундай қилиб, йигит отасининг олдига борибди. У ҳали узоқда келаётганида, отаси уни кўриб, роса раҳми келибди. У ўғлининг ёнига югуриб бориб, бағрига босганча уни ўпибди. 21  Йигит отасига айтибди: “Отажон, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Бундан буён ўғлингиз деб аталишга ҳам арзимайман. Рухсат этинг, ёлланган ишчиларингиздан биридек бўлай”. 22  Отаси бўлса хизматкорларига шундай буйруқ берибди: “Тез бўлинглар, энг зўр кийим келтиринглар, бармоғига узук тақиб, оёқларига чориқ кийгизинглар. 23  Бўрдоқини олиб чиқиб, сўйинглар, еб-ичиб хурсандчилик қилайлик. 24  Ахир ўғлим ўлган эди, тирилди, йўқолган эди, топилди”. Шу йўсинда, улар хурсандчилик қила бошлашибди. 25  Бу вақтда катта ўғил далада экан. У қайтиб келаётиб, уйга яқинлашганда, мусиқа ва ўйин-кулги садоларини эшитибди. 26  Шунда у хизматкорлардан бирини чақириб, нима бўлаётганини суриштирибди. 27  Хизматкор унга: “Укангиз соғ-саломат қайтиб келгани учун отангиз бўрдоқини сўйди”,— деб айтибди. 28  Ўғил эса аччиқланиб, ичкарига киргиси келмабди. Шунда отаси ташқарига чиқиб, унга ёлворибди. 29  Ўғил отасига жавобан: “Мен шунча йилдан бери сизга хизмат қилиб, гапингизга қулоқ солганман. Сиз эса дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун бирорта улоқчани ҳам бермагансиз. 30  Лекин фоҳишалар билан юриб, мол-мулкингизни совурган анави ўғлингиз келиши биланоқ, унга бўрдоқини сўйиб бердингиз”,— дебди. 31  Отаси бўлса унга айтибди: “Ўғлим, сен ҳамиша ёнимдасан ва бор нарсам сеникидир. 32  Ахир уканг ўлган эди, тирилди, йўқолган эди, топилди. Ана шунинг учун биз ҳозир хурсанд бўлиб, яйраяпмиз”».

Изоҳлар

Сўзма-сўз «драхма». Бир драхма — бир кунлик иш ҳақининг тўртдан уч қисмига тенг. Илованинг 13- мавзусига қ.
Сўзма-сўз «осмонга».