Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 14:1-35

14  Шаббат кунларининг бирида Исо фарзийларнинг бошлиқларидан бирининг уйига меҳмонга борганида, ўша ердагилар уни диққат билан кузата бошлашди.  Исонинг олдида истисқо касаллигига* чалинган бир киши бор эди.  Шунда Исо Таврот тафсирчилари ва фарзийлардан: «Шаббат куни касални даволаш Таврот қонунига мувофиқми?» — дея сўради.  Лекин улар лом-мим дейишмади. Исо эса ўша одамга қўлини теккизиб шифолади-да, жўнатиб юборди.  Сўнг уларга шундай савол берди: «Орангиздан кимнингдир ўғли ёки ҳўкизи Шаббат куни қудуққа тушиб кетса, уни дарҳол чиқариб олмайдими?»  Бунга улар ҳеч қандай жавоб бера олишмади.  Меҳмонлар тўрдан жой танлашаётганини пайқаб, Исо уларга мисол келтирди:  «Кимдир сизни никоҳ базмига таклиф қилса, тўрга чиқиб ёнбошлашга шошилманг. Эҳтимол, таклиф этилганлар орасида сиздан обрўлироқ киши бордир.  Тағин мезбон келиб: “Қани, бу жойни унга бўшатиб беринг-чи”,— демасин. Ўшанда сиз хижолат бўлиб, остонада ўтиришга мажбур бўласиз. 10  Шунинг учун меҳмонга чақирилганда, остонага ёнбошланг. Токи мезбон келиб: “Дўстим, тўрга ўтинг”,— десин. Шунда барча меҳмонларнинг олдида сизга ҳурмат кўрсатилади. 11  Зеро ким ўзини юқори тутса, пасайтирилади, кимки ўзини паст олиб юрса, юксалтирилади». 12  Бундан кейин Исо мезбонга қарата шундай деди: «Зиёфат уюштирганингизда дўст, ака-ука, қариндош-уруғ ва бой қўшниларингизни чақирманг. Чунки улар бир куни сизни ҳам чақириб, меҳмон қилиши мумкин. 13  Аксинча, зиёфат қилганингизда, камбағал, майиб, чўлоқ ва кўрларни чақиринг. 14  Шунда бахтиёр бўласиз. Боиси, улар сизни меҳмон қила олишмайди. Сиз одил инсонлар тирилган вақтда мукофот оласиз». 15  Буни эшитиб, меҳмонлардан бири: «Худонинг Шоҳлигида таом ейдиган киши бахтлидир»,— деди. 16  Исо унга қуйидагича жавоб берди: «Бир киши зиёфат уюштириб, кўп меҳмон чақирибди. 17  Зиёфат вақти келганда, у таклиф этилганларга: “Келинглар, ҳаммаси тайёр”,— деб айтиш учун хизматкорини юборибди. 18  Лекин улар худди келишиб олгандай баҳона қила бошлашибди. Биринчиси: “Мен ер сотиб олдим, уни кўриб келишим керак. Узр, боролмайман”,— дебди. 19  Бошқаси бўлса: “Мен ўнта ҳўкиз сотиб олдим, уларни синамоқчи эдим. Кечирасиз, боролмайман”,— деб айтибди. 20  Учинчиси: “Мен хотин олдим, шу сабабли боролмайман”,— дебди. 21  Хизматкор келиб, ҳаммасини хўжайинига айтиб берибди. Шунда у ғазабга тўлиб, хизматкорига шундай дебди: “Тезда шаҳарнинг катта кўчалари ва йўлакларига бориб, камбағал, майиб, кўр ва чўлоқларни бу ерга чақириб кел”. 22  Бир оздан кейин хизматкор келиб: “Хўжайин, буюрганларингизни бажардим-у, яна бўш жойлар бор”,— деб айтибди. 23  Хўжайин бўлса хизматкорига буюрибди: “Йўлларга чиқ, сўқмоқларга бор. Учраганларни бу ерга мажбурлаб олиб кел, токи уйим тўлсин. 24  Сизларга айтиб қўяй, дастлаб чақирилганлардан ҳеч бири менинг зиёфатимдан тотиб кўрмайди”». 25  Исо билан бирга катта халойиқ кетаётган эди. Шунда у ўгирилиб, уларга деди: 26  «Агар кимдир олдимга келса-ю, мендан кўра ота-онасини, хотин-болаларини, ака-укасини, опа-сингилларини ва ўз жонини кўпроқ севса*, менинг шогирдим бўла олмайди. 27  Кимки ўзининг азоб устунини* кўтариб, ортимдан юрмаса, менинг шогирдим бўла олмайди. 28  Мисол учун, орангиздан кимдир иморат қурмоқчи бўлса, уни битиришга маблағи етишини билиш учун, аввалига ўтириб, қанча харажат кетишини ҳисоблаб олмайдими? 29  Акс ҳолда, у пойдевор солиб, иморатни эса битира олмаса, барча кўрганлар унинг устидан кулиб: 30  “Бу киши қуришни бошлабди-ю, битира олмабди-я”,— дейишади. 31  Ёки қайси подшоҳ бошқа бир подшоҳга қарши жангга отланаётиб, ўзининг 10 000 аскари билан 20 000 аскарга қарши чиқишга кучи етиш-етмаслигини олдиндан ўтириб, маслаҳатлашиб олмас экан? 32  Агар кучи етмаса, бошқа подшоҳ ҳали узоқдалигида олдига элчиларини юбориб, сулҳ тузади. 33  Хуллас, билиб қўйинглар, кимки ўз мол-мулкидан воз кечмаса, менинг шогирдим бўла олмайди. 34  Туз, албатта яхши нарса. Аммо у ўз кучини йўқотса, унга қандай қилиб таъм берса бўлади? 35  Бундай туз ерга ҳам, гўнгга ҳам ярамай, ахлатга ташлаб юборилади. Қулоғи борлар уқиб олсин».

Изоҳлар

Бу касалликка чалинган одамнинг танасида суюқлик тўпланиб, шишиб кетади.
Сўзма-сўз «ёмон кўрмаса».
Илованинг 10- мавзусига қ.