Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 13:1-35

13  Ўша пайтда у ердагилар Исога, Пилат ўлдирган жалилаликлар ҳақида айтиб беришди. Пилат уларнинг қонини ўзлари келтирган қурбонликлар қонига аралаштириб юборган эди.  Исо уларга жавобан шуларни айтди: «Бу жалилаликлар шунча азоб чекишган экан, демак бошқа жалилаликлардан кўра кўпроқ гуноҳкор бўлишган, деб ўйлайсизларми?  Асло, лекин сизларга айтиб қўяй, агар сизлар тавба қилмасангизлар, уларга ўхшаб ҳалок бўласизлар.  Ёки Силоамда ўн саккиз кишининг устига минора қулаб тушганди. Хўш, улар Қуддусда яшовчилардан кўра кўпроқ гуноҳкор бўлишган, деб ўйлайсизларми?  Йўқ, аммо сизларга айтиб қўяй, агар сизлар тавба қилмасангизлар, уларга ўхшаб нобуд бўласизлар».  Кейин Исо уларга бир масал айтиб берди: «Битта кишининг узумзорида анжир ўтқазилган экан. Бир куни у келиб, ундан мева излай бошлабди. Лекин ҳеч нарса тополмабди.  Кейин у боғбонга: “Мана уч йилдирки, бу анжир дарахтидан мева излаб келаман-у, лекин тополмайман. Уни чопиб ташла! Бекордан-бекор ерни банд қилиб турмасин! — деб айтибди”.  Боғбон унга жавоб бериб дебди: “Хўжайин, келинг уни яна бир йилга қолдирайлик. Мен унинг тагини юмшатиб, гўнг солиб кўрай-чи?!  Борди-ю, янаги йил мева бермаса, майли уни чопиб ташлайверинг”». 10  Шаббат кунларининг бирида Исо ибодатхонада таълим бераётганди. 11  У ерда ўн саккиз йилдан бери ёвуз руҳ таъсиридан дардга чалинган бир аёл бор эди. У икки букилган бўлиб, ҳечам қаддини ростлай олмасди. 12  Исо шу аёлни кўриб, унга: «Дардингиздан халос бўлдингиз»,— деди ва 13  қўлини аёлнинг устига қўйди. Шу заҳоти аёл ростланиб, Аллоҳни шарафлай кетди. 14  Исо буни Шаббат кунида қилгани учун ибодатхона бошлиғи аччиқланиб, халққа шундай деди: «Ишни қилиш мумкин бўлган олти кун бор. Шифо олишга ана шу кунларда келинглар, Шаббат куни эмас». 15  Бироқ, Исо бунга жавобан деди: «Эй иккиюзламачилар, ахир Шаббат кунида молхонадаги ҳўкиз ёки эшагингизни ечиб, сув ичиргани олиб чиқмайсизларми? 16  Мана, ўн саккиз йилдан бери Шайтон кишанлаб қўйган, Иброҳим қизи ҳисобланган бу аёлни Шаббат кунида озод қилиш ўринли эмасмиди?» 17  Исо бу сўзларни ҳаммага айтиб бўлганда, унга қарши чиққанлар уятга қолишди. Бутун халқ эса унинг яратган улуғвор ишларидан хурсанд бўлди. 18  Шундан кейин Исо қуйидагиларни айтди: «Худонинг Шоҳлиги нимага ўхшайди? Уни нима билан солиштирай? 19  У, бир одам ўз боғига эккан хантал уруғига* ўхшайди. Уруғ униб чиқиб, дарахтга айланади ва унинг шохларида қушлар ин қуришади». 20  Исо сўзида давом этиб, деди: «Худонинг Шоҳлигини яна нима билан солиштирай? 21  У, бир аёл бутун хамирни ошириш учун ўн кило унга аралаштирган хамиртурушга ўхшайди». 22  Қуддусга йўл олиб, Исо шаҳарлару қишлоқлар бўйлаб таълим берар эди. 23  Сўнг бир киши ундан сўради: «Ҳазрат, наҳотки нажот топадиганлар оз бўлса?» Исо шундай деди: 24  «Тор эшикдан кириш учун жон куйдиринглар. Зеро кўплар ундан киришга интилишади-ю, лекин кира олишмайди. 25  Ахир уй эгаси туриб, эшикни ёпиб олганда, сизлар эса ташқарида турганча, эшикни тақиллатиб: “Ҳазрат, эшикни очинг”,— деганингизда, у бўлса: “Мен сизларни билмайман”,— дейди. 26  Ўшанда сизлар: “Ахир биз сиз билан бирга еб-ичгандик ва сиз бизга катта кўчаларда таълим бергандингиз-ку”,— деб айтасизлар. 27  Бироқ у сизларга: “Мен сизларни билмайман. Йўқолинглар кўзимдан, эй қонунбузарлар!” — дейди. 28  Бобокалонимиз Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб ва барча пайғамбарлар Худонинг Шоҳлигида эканини кўриб, ўзларингиз эса ташқарига ҳайдалганингизда, йиғлаб, тишларингизни ғижирлатасизлар. 29  Бундан ташқари одамлар шарқу ғарбдан, шимолу жанубдан келиб, Худонинг Шоҳлигида дастурхон атрофида ёнбошлашади. 30  Биринчилардан кўпи охирги, охиргилар эса биринчи бўлишади». 31  Шу пайтда Исонинг олдига баъзи фарзийлар келиб: «Бу ердан кетинг, чунки Ҳирод* сизни ўлдириш пайига тушди»,— дейишди. 32  Исо бўлса уларга шундай деди: «Бориб ўша тулкига айтиб қўйинглар: “Бугун ва эртага мен жинларни қувиб чиқариб, одамларга шифо бераман. Учинчи куни эса бу ишларни тугатаман”. 33  Лекин бугун, эртага ва индинга мен йўлда давом этишим керак. Сабаби, пайғамбар Қуддусдан ташқарида ўлдирилиши мумкин эмас. 34  Оҳ Қуддус, Қуддус! Пайғамбарларни ўлдириб, олдингга юборилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар! Товуқ жўжаларини қанотлари остига тўплаганидай, мен ҳам болаларингни неча марта тўпламоқчи бўлган эдим-у, аммо сизлар хоҳламадингиз! 35  Мана шу сабабли бу маъбад* ҳувиллаб қолади. Сизларга айтиб қўяй: “Яҳованинг номидан келаётган муборак!” — деб айтмагунингизча, мени кўрмайсизлар».

Изоҳлар

Мт 13:31 изоҳига қ.
Яъни Ҳирод Антипа, Буюк Ҳироднинг ўғли.
Сўзма-сўз «уйингиз».