Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 11:1-54

11  Кунларнинг бирида Исо бир жойга ибодат қилгани борди. Ибодатини тугатгач, шогирдларидан бири: «Ҳазрат, Яҳё ўз шогирдларига ўргатганидай, сиз ҳам бизга ибодат қилишни ўргатинг»,— дея илтимос қилди.  Шунда Исо шогирдларига деди: «Ибодат қилаётганингизда шундай деб айтинглар: “Эй Отамиз, исминг муқаддас бўлсин. Шоҳлигинг келсин.  Бугунги ризқ-рўзимизни* бер.  Гуноҳларимизни кечир, чунки биз ҳам ўзимизга қарши гуноҳ қилганларни* кечиряпмиз. Васвасага тушиб қолишимизга йўл қўйма”».  Сўнгра уларга қуйидагиларни айтди: «Орангиздан бирор кишининг дўсти бор, деб фараз қилайлик. У ярим кечада ўша дўстиникига бориб: “Оғайни, учта нон бериб тур.  Чунки бир дўстим йўлдан ўтиб кетаётиб, меникига кирибди. Олдига қўядиган ҳеч нарсам йўқ”,— дебди.  Оғайниси эса ичкаридан: “Мени безовта қилма. Эшик қулф, болаларим ҳам ёнимда ётишибди. Энди ўрнимдан туриб, сенга ҳеч нарса бера олмайман”,— дея жавоб берибди.  Сизларга айтиб қўяй, ўз дўсти бўлгани учун ўрнидан туриб, бирор нарса бермаса-да, унинг қайта-қайта сўрайвергани туфайли ўрнидан туриб, унга керак бўлган ҳамма нарсани беради.  Бундан хулоса шуки, сўраб туринглар ва сизларга берилади, излаб туринглар ва топасизлар, тақиллатиб туринглар ва сизларга эшик очилади. 10  Чунки сўраганга берилади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади. 11  Орангиздаги қайси бир ота, ўғли ундан балиқ сўраса, унинг ўрнига илон беради? 12  Ёки тухум сўраса, унга чаён беради? 13  Шундай экан, агар сизлар гуноҳкор бўлатуриб, болаларингизга яхши ҳадяларни беришни билар экансиз, самовий Отангиз ҳам Ундан сўраганларга муқаддас руҳни бериши муқаррар!» 14  Кейинроқ Исо бир кишидан, уни соқов қилган ёвуз руҳни қувиб чиқарди. Шундан сўнг, соқов одам сўзлай бошлади. Бундан оломон ҳайратда қолди. 15  Аммо баъзилар: «У жинлар ҳукмдори Баалзабулнинг* ёрдами билан жинларни қувиб чиқаряпти»,— дейишди. 16  Бошқалар эса Исони синаш ниятида, осмондан аломат кўрсатишини талаб қилишди. 17  Уларнинг ўй-фикрини билган Исо шундай деди: «Ичидан бўлинган ҳар қандай шоҳлик вайрон бўлади. Ичидан бўлинган ҳар бир уй ҳам харобага айланади. 18  Шу сингари, Шайтон ўзаро бўлинган бўлса, унинг шоҳлиги қандай тура олади? Сизлар бўлса мени, жинларни Баалзабулнинг ёрдами билан қувиб чиқаряпсан, деяпсизлар. 19  Борди-ю, мен жинларни Баалзабулнинг ёрдами билан қувиб чиқараётган бўлсам, унда сизларнинг шогирдларингиз кимнинг кучи билан қувиб чиқаришяпти? Шу сабаб, улар сизларни ҳукм қилишади. 20  Агар мен Аллоҳнинг қудрати* билан жинларни қувиб чиқараётган бўлсам, Худонинг Шоҳлиги сизларга етиб келгани аниқ. 21  Бақувват киши ўз уйини яхши қуролланиб ҳимояласа, мол-мулки бехатар бўлади. 22  Аммо ундан кучлироғи ҳужум қилиб, уни енгса, у таянган барча қурол-яроғини тортиб олади-да, ўлжасини бошқалар билан бўлишади. 23  Ким мен тарафда бўлмаса, менга қаршидир. Мен билан бирга йиғмаган, сочади. 24  Ёвуз руҳ одамнинг ичидан чиққач, ўзига маскан излаб сувсиз ерларни айланади-ю, аммо паноҳ тополмай, ўзига: “Тарк этган маконимга қайтиб борай”,— дейди. 25  Қайтиб келганда эса у жойни супуриб-сидирилган, безатилган ҳолда топади. 26  Шунда у бориб ўзидан ҳам ёвузроқ еттита бошқа руҳни олиб келади-да, ўша маконига кириб яшай бошлашади. Бундай инсоннинг ҳозирги аҳволи аввалгисидан баттарроқ бўлади». 27  Исо бу сўзларни айтаётганда, халойиқ орасидан бир аёл овозини баланд қилиб: «Сени туққан ва эмизган аёл бахтлидир!» — деди. 28  Лекин Исо: «Аниқроғи, Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирганлар бахтлидир!» — деб айтди. 29  Унинг атрофига кўпдан-кўп халойиқ тўплангач, Исо сўз бошлади: «Бу ёвуз насл аломат излаяпти. Бироқ унга Юнус пайғамбарникидан бошқа аломат кўрсатилмайди. 30  Юнус пайғамбар найнаволиклар учун бир аломат бўлганидек, Инсон Ўғли ҳам бу насл учун аломат бўлади. 31  Жануб маликаси ҳам Ҳукм кунида шу насл билан бирга тирилиб, уни ҳукм этади. Зеро у Сулаймоннинг ҳикматли сўзларини тинглаш учун дунёнинг нариги четидан келган эди. Лекин қаршингизда турган киши Сулаймондан ҳам донороқдир. 32  Найнаволиклар Ҳукм кунида шу насл билан бирга тирилиб, уни ҳукм қилишади. Чунки улар Юнус пайғамбарнинг ваъзини эшитиб, тавба қилишган эди. Лекин қаршингизда турган киши Юнусдан ҳам буюкроқдир. 33  Ҳеч ким мойчироқни ёқиб, уни кўринмас ерга ёки саватнинг* тагига қўймайди. Аксинча, кирганлар ёруғликни кўрсин, дея уни чироқпояга қўяди. 34  Кўз — тананинг чироғидир. Агар кўзингиз фақат бир нарсага қаратилган бўлса*, бутун танангиз ёруғ бўлади. Борди-ю, кўзингиз ёмонликка қаратилган бўлса*, унда бутун танангиз зим-зиё бўлади. 35  Шунинг учун эҳтиёт бўлинг, тағин танага ёруғлик келтирадиган кўзингиз қоронғи бўлмасин. 36  Агар танангизнинг ҳеч бир қисми қоронғиликда эмас, ёруғликда бўлса, гўё мойчироқнинг нури тушаётганидай, бутун танангиз ёруғ бўлади». 37  Исо сўзини тугатгач, бир фарзий уни тушликка таклиф қилди. Исо уникига бориб, дастурхон атрофига ёнбошлади. 38  Бироқ фарзий Исонинг овқатланишдан олдин қўлини ювмаганини* кўриб ҳайрон қолди. 39  Шунда Ҳазратимиз унга шундай деди: «Сиз фарзийлар, пиёлаю товоқнинг сиртини тозалайсизлар, лекин ичингиз талончилик ва ёвузликка тўла. 40  Эй ақлсизлар! Ахир сиртни яратган, ични ҳам яратган эмасми? 41  Шундай экан, кўнглингиздан чиқариб хайр-садақа беринглар. Ўшанда бутунлай тоза бўласизлар. 42  Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Зеро сизлар ялпиз, заъфарон ва ҳар хил ўсимликлардан ушр берасизлар-у, адолат билан Аллоҳга бўлган севгига эса аҳамият бермай қўйгансизлар. Уларни бажариш керак бўлганидай, бошқаларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик лозим. 43  Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Чунки сизлар ибодатхоналарда тўрда ўтиришни ва бозор майдонларида алик олишни яхши кўрасизлар. 44  Ҳолингизга вой! Негаки сизлар одамлар билмай босиб ўтиб кетадиган қабрларга ўхшайсизлар». 45  Бундан сўнг бир Таврот тафсирчиси: «Устоз, бу сўзларингиз билан бизни хафа қиляпсиз-ку»,— деди. 46  Исо бўлса шундай деди: «Эй Таврот тафсирчилари, ҳолингизга вой! Чунки сизлар кўтариб бўлмайдиган юкларни одамларга ташлаб қўясизлар-у, ўзларингиз эса бу юкларга ҳатто бармоғингизни теккизмайсизлар. 47  Ҳолингизга вой! Зеро сизлар ота-боболарингиз ўлдирган пайғамбарларга мақбаралар қурасизлар. 48  Сизлар ота-боболарингизнинг ишларини биласизлар-у, аммо уларни маъқуллаяпсизлар. Улар пайғамбарларни ўлдиришган эди, сизлар эса пайғамбарларга мақбара қуриб юрибсизлар. 49  Шу сабабли, Худо донолик билан шундай деган: “Мен уларга пайғамбарлару ҳаворийларни юбораман. Улардан айримларини ўлдирадилар, баъзиларини эса қувғин қиладилар. 50  Шунинг учун дунёга асос солинганидан бери* тўкилган барча пайғамбарларнинг қони, 51  Ҳобилнинг қонидан тортиб, маъбад билан қурбонгоҳ ўртасида ўлдирилган Закариёнинг қонигача шу наслдан талаб қилинади”. Ҳа, билиб қўйинглар, уларнинг қони шу наслдан талаб қилинади. 52  Эй Таврот тафсирчилари, ҳолингизга вой! Зеро сизлар билимнинг калитини олиб, ўзларингиз ҳам кирмадингиз, кирмоқчи бўлганларга ҳам тўсқинлик қилдингизлар». 53  Исо у ердан чиқиб кетаётганда, уламою фарзийлар уни қаттиқ сиқувга олиб, яна бошқа саволлар ёғдира бошладилар. 54  Бу билан улар Исони сўзидан тузоққа илинтирмоқчи эдилар.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «нонимизни».
Сўзма-сўз «қарздор бўлганларни».
Шайтоннинг яна бир номи. Луғатга қ.
Сўзма-сўз «бармоғи».
Дон-дунлар ўлчанадиган идиш.
Сўзма-сўз «кўзингиз оддий бўлса».
Сўзма-сўз «кўзингиз ёвуз бўлса».
Мт 15:2 изоҳига қ.
Мт 25:34 изоҳига қ.