Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Луқо 10:1-42

10  Ўшандан кейин Ҳазратимиз яна етмишта шогирдни тайинлаб, уларни ўзи борадиган ҳар бир шаҳар ва ҳар бир жойга иккитадан жўнатди.  Сўнг Исо уларга қуйидагича деди: «Ҳосил чиндан ҳам мўл, фақат ишчилар оз. Шунинг учун ишчиларни юборсин деб, ҳосил Эгасидан сўранглар.  Энди боринглар. Мен сизларни юборяпман, аммо сизлар худди бўрилар орасидаги қўзилардай бўласизлар.  Ўзларингиз билан ҳамён ҳам, егулик солинган халта ҳам, қўшимча чориқ ҳам олманглар. Йўлда ҳар бир киши билан саломлашишга кўп вақт сарфламанглар.  Бирон-бир уйга кирганларингизда: “Ассалому алайкум*”,— деб айтинглар.  Агар у ерда тинчликсевар киши бўлса, саломингиз* у билан қолади. Борди-ю, бўлмаса, саломингиз ўзингизга қайтиб келади.  Ўша уйда қолиб, сизларга тақдим этилган нарсаларни еб-ичинглар, чунки ишчи ўз меҳнатига ярашасини олишга сазовор. Уйдан уйга кўчиб юрманглар*.  Хуллас, қайси бир уй ёки шаҳарга кирсангизлар ва у ерда сизларни қабул қилишса, олдингизга қўйилган нарсаларни енглар.  Шунингдек, ўша ердаги касалларни даволаб, уларга: “Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди”,— дея айтиб юринглар. 10  Бироқ сизлар кирган шаҳар сизларни қабул қилмаса, унда катта кўчаларга чиқиб, шундай денглар: 11  “Мана, ҳатто шаҳрингизнинг чангини ҳам оёқларимиздан қоқиб, ўзларингизга қолдиряпмиз. Аммо шуни билиб қўйингларки, Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди”. 12  Сизларга айтиб қўяй, Ҳукм кунида бу шаҳардан кўра Садўмнинг жазоси енгилроқ бўлади. 13  Ҳолингга вой, эй Ҳоразин! Ҳолингга вой, эй Байтсайда! Чунки сизларда кўрсатилган қудратли ишлар Тир билан Сидўнда кўрсатилганида эди, улар жулга ўраниб, кулга ўтириб, аллақачон тавба қилган бўлишарди. 14  Шу сабабли, Ҳукм кунида сизлардан кўра Тир билан Сидўннинг жазоси енгилроқ бўлади. 15  Сен эса, эй Кафарнаҳум, наҳотки осмонгача юксала олсанг?! Йўқ, сен мозорга* тушасан! 16  Сизларни тинглаган, мени тинглаган бўлади. Сизларни инкор этган, мени ҳам инкор этган бўлади. Мени инкор этган эса мени Юборганни инкор этган бўлади». 17  Сўнгра ўша етмишта шогирди хурсанд бўлиб қайтишди ва унга: «Ҳазрат, сизнинг исмингизни тилга олганимизда, ҳатто жинлар ҳам бизга бўйсунишяпти»,— деб айтишди. 18  Исо эса уларга шундай деди: «Мен, Шайтоннинг осмондан чақмоқдай тушганини кўрдим. 19  Мана, мен сизларга илонлару чаёнларни эзиб ташлаш ҳамда душманнинг бутун кучи устидан бўлган ҳокимиятни берганман. Ҳеч нарса сизларга зарар етказмайди. 20  Лекин жинлар сизларга бўйсунишганига эмас, балки исмларингиз осмонда ёзилганига хурсанд бўлинглар». 21  Шу заҳоти Исо қувончга ва муқаддас руҳга тўлиб, шуларни айтди: «Эй Ота, еру осмоннинг Рабби, ҳамманинг олдида Сени улуғлайман. Чунки Сен буларни доною зукколардан яшириб, гўдакларга очиб бердинг. Ҳа, Отажон, чунки Сен буни маъқул кўрдинг. 22  Отам менга барча нарсани ишониб топширди. Ўғилни Отадан ташқари ҳеч ким билмайди, Отани ҳам Ўғилдан ва Ўғил кимга очиб беришни хоҳласа, ўша кишидан бўлак ҳеч ким билмайди». 23  Кейин Исо шогирдларига ўгирилиб, шундай деди: «Сизлар кўраётган нарсаларни кўрганлар бахтлидир. 24  Сизларга айтиб қўяй, кўп пайғамбарлару шоҳлар сизлар кўраётган нарсаларни кўрмоқчи бўлишган, лекин кўришмаган. Сизлар эшитаётган нарсаларни эшитмоқчи бўлишган аммо эшитишмаган». 25  Шундан сўнг, бир Таврот тафсирчиси ўрнидан туриб: «Устоз, абадий ҳаётга эришиш учун нима қилишим керак?» — деб сўради. 26  Исо унга жавобан: «Тавротда нима ёзилган? Ўқиганларингдан нимани тушундинг?» — деди. 27  Ўша киши Исога жавоб бериб деди: «“Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг, бутун қувватинг ва бутун онгинг билан сев” ҳамда “яқинингни ўзингни севгандай сев”». 28  Шунда Исо: «Тўғри жавоб бердинг. Шундай йўл тутсанг, абадий ҳаётга эга бўласан»,— деб айтди. 29  Лекин бу киши ўзини оқлаш ниятда Исодан: «Хўп, менинг яқиним ким?» — дея сўради. 30  Унга жавоб бериб, Исо қуйидагиларни айтиб берди: «Бир одам Қуддусдан Ерихога кетаётиб, йўлда қароқчиларга дучор бўлибди. Улар унинг кийимини ечиб, ўзини роса уриб, чала ўлик қилиб кетишибди. 31  Ўша йўлдан бир руҳоний ҳам бораётган экан. Бу кишини кўрибди-ю, аммо йўлнинг нариги томонига ўтиб кетаверибди. 32  Шунга ўхшаб бир леви ҳам ана шу ерга етганда, ўша кишини кўриб, уни четлаб ўтибди. 33  Битта самариялик эса саёҳат қилаётиб, ўша ерга етиб келибди. Уни кўриб, раҳми келибди. 34  Унинг ёнига келиб, яраларига мой ва шароб қуйиб, боғлабди. Кейин уни эшагига миндирибди-да, меҳмонхонага олиб келиб, унга ғамхўрлик қилибди. 35  Эртаси куни эса икки динор* чиқариб, меҳмонхонанинг эгасига берибди-да: “Унга яхши қаранг, агар кўпроқ сарф-харажат қилсангиз, келганимда тўлайман”,— деб айтибди. 36  Нима деб ўйлайсан, бу учовидан қароқчиларнинг қўлига тушган кишининг яқини ким ҳисобланади?» 37  Шунда у жавоб бериб: «Унга раҳм-шафқат кўрсатган киши-да!» — деди. Кейин Исо унга: «Бор, ўзинг ҳам шундай йўл тутгин»,— деб айтди. 38  Улар йўлда кетишаётганда, Исо битта қишлоққа кирди. У ерда Марта исмли бир аёл уни меҳмонга таклиф қилди. 39  Унинг Марям деган синглиси ҳам бор эди. Ўша синглиси Исонинг оёқлари олдига ўтириб, уни тинглаётганди. 40  Марта эса тайёргарчилик билан жуда овора эди. Шунда у Исонинг ёнига келиб: «Ҳазрат, синглим ҳамма ишни менга ташлаб қўйганига наҳотки парво қилмасангиз? Унга айтинг менга ёрдам берсин»,— деди. 41  Исо унга жавобан деди: «Эҳ Марта, Марта, шунча оворагарчиликка не ҳожат? 42  Ўзи кўп нарса керак эмас, битта нарса ҳам етади. Марям эса энг яхшисини танлади ва бу ундан тортиб олинмайди».

Изоҳлар

Сўзма-сўз «Уйингизга тинчлик бўлсин».
Сўзма-сўз «тинчлигингиз».
Яъни улар ўзлари учун қулайроқ турар жой қидириб юрмасликлари керак эди.
Юнонча ҳадес. Илованинг 5- мавзусига қ.
Луғатга қ.