Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Колосаликларга 2:1–23

2  Сизлар, Лаодикиядагилар ҳамда мени юзма-юз кўрмаганлар учун қандай кучли кураш олиб бораётганимни тушунишингизни истайман.  Сабаби, ҳаммаларингизнинг юрагингиз таскин топиб, севги ришталари билан ўзаро бирлашинглар. Шу йўсин, сизлар бойликка, айнан аниқ ва ишончли тушунчага — Худонинг муқаддас сири — Масиҳ ҳақида аниқ билимга эга бўласизлар.  Зеро Масиҳда донолик ва билимнинг барча хазиналари яширилган.  Бу сўзларни айтаётганимнинг боиси, ҳеч ким сизларни ишонарли далиллар билан йўлдан оздирмасин.  Гарчи шахсан сизлар билан бўлмасам-да, фикр-хаёлим сизларда. Мен тартиб-интизомингизни ва Масиҳга бўлган ишончингиз қатъий эканини кўриб, севиняпман.  Ҳазратимиз Исо Масиҳни қабул қилган экансиз, бундан буён ҳам у билан бирликда юринг.  Олган таълимингизга биноан, унда томир ёйиб, мустаҳкамланинг ва имонда барқарор бўлинг. Аллоҳга шукроналар айтганда, имонингиз тўлиб-тошсин.  Эҳтиёт бўлинг, ҳеч ким сизни файласуфлик ва қуруқ гаплар билан тузоққа илинтирмасин. Бу нарсалар инсоний урф-одатларга ва бу дунёнинг қоидаларига асосланган бўлиб, Масиҳнинг таълимотларига зиддир.  Чунки Худонинг фазилатлари айнан Масиҳда тўла-тўкис мавжуддир. 10  Ҳар қандай ҳукуматнинг ва ҳокимиятнинг боши бўлган Масиҳ орқали сизлар ҳам тўкисликка эгасизлар. 11  У билан бўлган муносабатингиз туфайли сизлар суннат қилиндингизлар. Бу суннат инсон қўли билан қилинмайди, балки гуноҳкор тана кесиб ташланади. Масиҳнинг хизматчилари шу тариқа суннат қилинадилар. 12  Сизлар у билан кўмилган эдингизлар, яъни Масиҳ каби сувга чўмгансизлар. У билан бўлган муносабатингиз ва уни тирилтирган Худонинг қудратига ишонганингиз туфайли у билан бирга бўлиш учун тирилгансизлар. 13  Бундан ташқари, айбларингиз дастидан ўлик бўлган ва танангиз суннат қилинмаган сизларни, Тангри Масиҳ билан бирга бўлишингиз учун тирилтирди. У барча айбларимизни мурувват билан кечирди 14  ва бизга қарши ёзилган фармонлардан иборат қонунни ўчириб ташлади. Аллоҳ бу қонунни азоб устунига* михлаб, бартараф этди. 15  У ҳукумат ва ҳокимиятлар устидан ғалаба қозониб, уларни азоб устуни туфайли мағлуб бўлганлар сифатида тантанали юришда барчага кўз-кўз қилди. 16  Шундай экан, еб-ичиш, бирор байрамни нишонлаш, янги ой чиқишини ёки Шаббат кунини қутлаш борасида сизларни ҳеч ким ҳукм этмасин. 17  Чунки буларнинг барчаси — келажакнинг сояси, асли эса Масиҳдадир. 18  Сохта камтаринликдан ва фаришталарга сиғинишдан завқ оладиган ҳеч бир инсон сизларни мукофотдан айирмасин. Бундай кишилар кўрган нарсаларида туриб олишади ва инсоний ақли билан сабабсиз мағрурланиб, 19  бошнинг раҳбарлигига эргашмаяптилар. Айнан шу бошдан бутун бадан, бўғин ва пайлар орқали ўзаро уланиб, қўллаб-қувватланади ва Худо берадиган ўсиш билан ўсиб бораверади. 20  Агар сизлар дунёнинг қоидалари учун Масиҳ билан бирга ўлган бўлсангиз, унда нега худди бу дунёга тегишлидек яшаб, 21  «олма, ема, тегма», деган буйруқларга бўйсунишда давом этяпсизлар? 22  Ахир булар, инсоний амрлар ва таълимотларга асосланган бўлиб, истеъмол қилинганда йўқ бўладиган нарсалардир. 23  Ҳақиқатан ҳам, бу буйруқларда, яъни ўзбошимча сиғиниш, сохта камтарлик ва баданга озор беришда бир ҳикмат бордай кўринади. Аслида эса булар тана хоҳишлари билан курашишда фойдасиздир.

Изоҳлар

Илованинг 10- мавзусига қ.