Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ибронийларга 9:1-28

9  Илгариги аҳднинг муқаддас хизматга алоқадор кўрсатмалари ҳамда Аллоҳга топиниш учун ерда муқаддас жойи бор эди.  Қурилган чодирнинг «Муқаддас макон», деб аталган биринчи хонасида чироқпоя, устига нонлар қўйилган стол бор эди.  Иккинчи парданинг орқасида эса «Энг муқаддас», деб аталган хона жойлашганди.  Ўша хонада тилла билан қопланган тутатқи тутатиладиган идиш ҳамда аҳд сандиғи бор бўлиб, ичида манна солинган тилла идиш, Ҳоруннинг гуллаган таёғи ва аҳд ёзилган тош лавҳалар бўлган.  Аҳд сандиғининг тепасида улуғвор карублар ўрнатилиб, уларнинг сояси яраштирувчи қопқоқнинг* устига тушиб турарди. Лекин ҳозир бу ҳақда батафсил гапиришнинг вақти эмас.  Бу нарсалар айнан шу тарзда ўрнатилиб бўлгандан сўнг, руҳонийлар ҳар сафар чодирнинг биринчи хонасига кириб, муқаддас хизматларини адо этишарди.  Аммо иккинчи хонага йилига бир марта фақат олий руҳоний кириб, ўзининг ҳамда халқнинг билмасдан қилиб қўйган гуноҳлари учун қон олиб кирарди.  Шундай қилиб, муқаддас руҳ кўрсатиб турганидай, биринчи чодир турганда, Энг муқаддас хонага киришга ҳали йўл очилмаган эди.  Ушбу чодир белгиланган вақт — ҳозирги вақт учун рамз бўлиб хизмат қилади ва унга мувофиқ ҳадялар ва қурбонликлар келтирилади. Бироқ улар муқаддас хизматни адо қилаётган кишининг виждонини мукаммал даражада пок қила олмайди. 10  Улар фақат егулигу ичкиликка ва одамларни ҳамда нарсаларни поклашнинг турли усулларига* тааллуқли. Таврот қонунининг ушбу талаблари жисмоний нарсаларга тегишли бўлиб, нарсаларни тартибга келтириш учун белгиланган вақтгача амал қиларди. 11  Бироқ биз эга бўлган баракаларнинг олий руҳонийси Масиҳ, одам қўллари билан қурилмаган, бу оламдан бўлмаган, янада буюк ва мукаммал чодир орқали келганда, 12  Энг муқаддас хонага эчкиларнинг, ҳўкизларнинг қони билан эмас, балки ўз қони билан биратўла кириб, бизни абадий халос этди. 13  Илгари эчкилару ҳўкизларнинг қони ҳамда ғунажинларнинг кули ҳаром бўлган кишиларнинг устига пуркалганда, улар Аллоҳнинг назарида жисмонан покланиб, муқаддас бўлишарди. 14  Лекин Масиҳнинг қони улардан ҳам улуғ. Чунки Масиҳ абадий муқаддас руҳ таъсирида ўзини Худога нуқсонсиз қурбон қилиб бағишлади. Унинг қони виждонимизни ўлик ишлардан поклайди. Шу йўсин, биз барҳаёт Тангрига муқаддас хизматимизни адо этамиз. 15  Ана шу сабабли, Масиҳ янги аҳднинг воситачиси бўлди. Даъват этилганлар ваъда қилинган абадий меросни олишлари учун шундай юз берди. Буларнинг барчаси унинг ўлими туфайли рўёбга чиқди. Бу ўлим орқали улар учун тўлов берилиб, аввалги аҳд остида қилган гуноҳларидан озод этилишди. 16  Чунки қаерда аҳд бўлса, ўша ерда аҳд тузганнинг* ўлиши талаб этилади. 17  Аҳд ўлимдан кейин кучга киради, зеро аҳд тузган ҳали тирик экан, аҳд кучга кирмайди. 18  Шунинг учун аввалги аҳд қонсиз кучга кирмаган. 19  Таврот қонунининг ҳар бир амрини Мусо пайғамбар халқ олдида айтганда, сув билан ҳўкизларнинг ва эчкиларнинг қонини олиб, тўқ қизил жун ва иссоп* билан аҳд китобига ва бутун халққа пуркаб, 20  шундай деган эди: «Бу, Аллоҳ сизларга бажаришни буюрган аҳднинг қонидир». 21  Шу йўсин, у чодирга ва хизматга тааллуқли бўлган барча идишларга қон пуркади. 22  Ҳа, Таврот қонуни бўйича деярли ҳамма нарса қон билан тозаланади. Қон тўкилмагунча, Тангри одамларнинг гуноҳларини кечирмайди. 23  Айнан шунинг учун самодаги нарсаларнинг рамзлари ҳайвонларнинг қони билан покланган, самовий нарсаларнинг ўзи эса улардан яхшироқ қурбонликлар билан покланган. 24  Ахир Масиҳ аслнинг нусхаси бўлган, одам қўллари билан қилинган Энг муқаддас хонага эмас, балки бизни деб Худонинг ҳузурида туриш учун осмонга кирган. 25  Йилдан-йилга Энг муқаддас хонага ўзининг эмас ҳайвоннинг қони билан кирган руҳонийдан фарқли равишда, Масиҳ ўзини кўп марта қурбон қилиш учун у ерга кирмади. 26  Акс ҳолда у, дунёга асос солинганидан бери, кўп азоб чекишига тўғри келарди. Лекин у ўзини қурбонликка келтириб, гуноҳни йўқ қилиш учун замоналарнинг охирида ўзини биратўла ошкор этди. 27  Одамлар бир марта ўлиб, кейин ҳукм қилинганидек, 28  Масиҳ ҳам кўпларнинг гуноҳларини олиб кетиш учун ўзини бир марта қурбонликка келтирди. Иккинчи сафар у гуноҳларни йўқотиш учун эмас, балки уни сабрсизлик билан кутаётганларни қутқариш учун келади.

Изоҳлар

Луғатга қ.
Сўзма-сўз «турли хил сувга чўмишларга».
Ёки «аҳд тузилишида воситачилик қилганнинг».
Ўсимликларнинг бир тури бўлиб, қандай ўсимлик экани ноаниқ.