Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

Ибронийларга 2:1–18

2  Демак, имондан узоқлашиб кетмаслик учун, эшитганларимизга айниқса диққатли бўлишимиз даркор.  Агар фаришталар орқали айтилган сўз ўзгармас бўлиб, ҳар қандай қилмиш ва итоатсизлик учун адолатли жазо белгиланган бўлса,  унда шу қадар улуғ нажотни рад этсак, қандай қилиб жазодан қутула оламиз? Ахир бошидан Ҳазратимиз орқали бу нажот ҳақида айтилган бўлиб, унинг сўзларини эшитганлар томонидан биз учун тасдиқланган.  Шунингдек, Аллоҳ ҳам аломатлар, мўъжизалар, қудратли ишлар ва муқаддас руҳни Ўз иродасига кўра хизматчиларига ёғдириш билан шоҳидлик берган.  Зеро биз айтаётган бўлажак ер юзини Худо фаришталарга тобе қилмаган.  Аксинча, бир киши қуйидагича шоҳидлик берган: «Одам ким бўлибдики, Сен уни ёдда тутасан ёки инсон ўғли кимдирки, Сен унга ғамхўрлик қиласан?  Сен уни фаришталардан бир оз паст қилдинг. Унга шон-шараф ва улуғворлик тожини кийгизиб, қўлларинг ижоди устидан унга ҳокимлик бердинг.  Борлиқни унинг оёқлари остига тобе қилдинг». Тангри барча нарсани унга тобе қилди, унга тобе қилмаган ҳеч нарса қолмади. Аммо унга ҳамма нарса тобе қилинганини биз ҳозирча кўрмаяпмиз.  Бироқ фаришталардан бир оз паст қўйилган Исо ўлимга дучор бўлгани учун, унга шон-шараф ва улуғворлик тожи кийдирилганини кўряпмиз. Аллоҳнинг инояти ҳар бир инсонга кўрсатилсин дея, у ўлимга рўбарў бўлган. 10  Ҳамма нарса Худонинг улуғворлиги учундир ва У орқали вужудга келган. У кўп ўғилларни улуғворликка эга қилиб, уларнинг нажоти Раҳбарини азоблар орқали мукаммалликка эриштиришни маъқул кўрди. 11  Муқаддас қилган ҳам, муқаддас этилганлар ҳам бир Отадандир. Шундай экан, муқаддас қилган кимса уларни «биродарларим», деб аташдан уялмайди. 12  У: «Сенинг исмингни биродарларимга эълон этаман, жамоат ичра Сенга ҳамду сано куйлайман»,— демоқда. 13  Бундан ташқари: «Унга таянаман»,— деб айтяпти. Шунингдек: «Мана, мен ва Яҳова ато этган болаларим»,— деб қўшиб қўйяпти. 14  «Болалар» қон ва танадан иборат бўлгани учун, у ҳам қон ва танадан иборат инсон бўлиб келган. У ўлимга дучор қиладиганни, яъни Иблисни йўқ қилиш 15  ҳамда ўлимдан қўрқиб, бир умр қулликда юрганларни озод этиш мақсадида келган. 16  Ахир у фаришталарга эмас, Иброҳим пайғамбарнинг зурриётига ёрдам бермоқда. 17  Ана шу боис, у ҳар томонлама «биродарларига» ўхшаб қолиши керак эди. Шундагина у халқнинг гуноҳлари учун яраштирувчи қурбонлик келтира оладиган раҳмдил ва ишончли олий руҳоний бўла оларди. 18  У синовни бошдан кечираётиб, азоб чеккани учун, синовга дуч келаётганларга ҳам ёрдам беришга қодир.

Изоҳлар