Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ибронийларга 12:1-29

12  Атрофимизда бундай шоҳидлар оломони* бор экан, ҳар қандай оғирликни ҳамда бизни осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳни ўзимиздан ечиб ташлаб, Аллоҳ бизга белгилаган мусобақада чидам билан чопайлик.  Шунингдек, имонимизнинг Раҳбари ва уни камолотга етказувчи Исога кўз тикайлик. У олдинда кутаётган шодлик учун, шарманда бўлишига қарамай, азоб устунидаги* ўлимга чидаб, Худо тахтининг ўнг томонига ўтирди.  Чиндан ҳам у, ўзларигагина зиён келтирган гуноҳкорларнинг ҳақоратларига сабр-тоқат қилди. Сизлар бу ҳақда ўйланглар, токи чарчаб, ҳолдан тойиб қолманглар.  Сизлар эса ушбу гуноҳга қарши, ҳали қонингиз тўкилгунича курашганингиз йўқ.  Ота ўғилларига айтган мана бу сўзларни гўё бутунлай унутиб қўйдингизлар: «Ўғлим, Яҳованинг тарбиясини* рад этма, У сенга танбеҳ берганида асло хафа бўлма.  Чунки Яҳова кимни севса, ўшани тарбиялайди. Кимни ўғилдек қабул қилса, ўшанинг таъзирини беради».  Сабр-тоқат қилаётганингизнинг ўзи сизлар учун тарбиядир. Тангри сизлар билан ўғилларидек муомала қиляпти. Қайси ота ўғилларини тарбияламайди?  Борди-ю, сиз ҳамма қатори тарбия олмасангиз, унда сизлар ўғиллар эмас, балки никоҳсиз туғилган фарзандларсиз.  Жисмоний оталаримиз бизни қаттиқ тарбиялашганига қарамай, биз уларни ҳурмат қилардик. У ҳолда яшашимиз учун бизга руҳий ҳаёт ато этган Отамизга бўйсунишимиз янада муҳимроқ эмасми? 10  Улар ўзларига ёққандай, қисқа вақт давомида бизни тарбиялашган эди. Лекин Аллоҳ фойдамизни кўзлаб, У сингари муқаддас бўлишимиз мақсадида бизга тарбия беряпти. 11  Тўғри, ҳар қандай тарбия ҳозирги пайтда севинч эмас, балки қайғу бўлиб кўринади. Аммо у орқали таълим олганларга тинчлик ҳосили — одиллик келтиради. 12  Шундай экан, бўшашган қўлларингизни, мажолсизланган тиззаларингизни бақувват қилинглар. 13  Оқсаган оёқларингиз чиқиб кетмасин, аксинча соғайсин, дея оёқларингиз учун текис йўл ҳозирланглар. 14  Ҳамма одамлар билан тинчлик сақлашга ва муқаддас бўлишга интилинглар, чунки муқаддас бўлмаган киши Ҳазратимизни* кўра олмайди. 15  Ҳеч ким Худонинг иноятидан айрилиб қолмаслиги учун эҳтиёт бўлинглар. Токи бирон-бир заҳарли томир униб чиқиб, зиён етказмасин ва натижада кўплар булғанмасин. 16  Шунингдек, бирорта зинокор ҳам, битта овқатни деб ўзининг тўнғичлигини сотган Эсов каби муқаддас нарсаларни қадрламайдиган ҳам бўлмасин. 17  Ўзларингизга маълум бўлганидай, кейин Эсов дуо олишни хоҳлаганда ҳам рад этилди. У кўз ёш тўкиб отасининг қарорини ўзгартиришга интилган бўлса-да, бунга эришолмади. 18  Сизлар ловуллаб ёнаётган, қора булуту тим қоронғилик ва бўрон ичида бўлган, қўл билан тегса бўладиган тоққа яқинлашмадингиз. 19  Шунингдек, карнай овозига ҳамда гапираётган товушга ҳам яқинлашмадингиз. Чунки бу товушни эшитган одамлар У яна бирор сўз гапирмасин, деб Мусога ёлворишган эди. 20  Чунки улар: «Ҳатто ҳайвон ҳам тоққа яқинлашса, тошбўрон қилинсин»,— деган амрдан даҳшатга тушишган эди. 21  Бу манзара шу қадар даҳшатли эдики, ҳатто Мусо пайғамбар ҳам: «Мен қўрққанимдан титраяпман»,— деб айтган эди. 22  Аммо сизлар Сион тоғига, барҳаёт Худонинг шаҳри самовий Қуддусга, тумонат* фаришталарга яқинлашдингиз. 23  Сизлар бир жойда йиғилган фаришталарга, осмонда қайд этилган тўнғичларнинг жамоатига, ҳамманинг Ҳаками бўлмиш Аллоҳга ва камолотга эришган одил кишиларнинг руҳий ҳаётига ҳамда 24  янги аҳднинг воситачиси — Исога ва Ҳобилнинг қонидан ҳам яхши гапираётган пуркалган қонга яқинлашдингиз. 25  Гапираётганга қулоқ солмасликдан эҳтиёт бўлинглар. Ер юзида Аллоҳнинг огоҳлантиришларини эълон қилганга қулоқ солмаганлар жазодан қутула олишмаган экан, унда самодан туриб гапираётган Худодан юз ўгирсак, қутулолмаслигимиз янада аниқ эмасми?! 26  Ўшанда Худонинг овози ерни титратганидек, энди У яна шундай деб ваъда беряпти: «Мен яна бир бор нафақат ерни, балки осмонни ҳам ларзага соламан». 27  «Яна бир бор» деган сўзлар эса титрайдиган, яъни яратилган нарсаларнинг йўқ бўлиб кетишига ишора қилади, токи титрамайдигани қолсин. 28  Биз тебранмас шоҳликка эришар эканмиз, бундан буён ҳам иноятга эга бўлиб бораверайлик. У орқали биз муқаддас хизматимизни Тангрига маъқул тарзда, худотарслик ва титроқ билан бажарамиз. 29  Зеро Аллоҳимиз ямламай ютадиган оташ ҳамдир.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «буюк бир шоҳидлар булути».
Илованинг 10- мавзусига қ.
Асл нусхадаги ушбу сўз кенг маънога эга бўлиб, тарбия, йўл-йўриқ, таълим, тузатиш, ўгит, жазо ва насиҳат, деб таржима қилиниши мумкин.
Ёки «Раббимизни», юнонча Кириос.
Ёки «ўн мингларча».