Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Галатияликларга 5:1-26

5  Айнан шундай эркинлик учун Масиҳ сизларни озод қилди. Шу сабабли маҳкам туринглар ва яна қуллик бўйинтуруғи остида бўлиб қолманглар.  Мана мен, Павлус, сизларга гапиряпман: агар сизлар суннат қилинсангизлар, Масиҳдан сизларга фойда бўлмайди.  Бундан ташқари, суннат қилинган ҳар бир кишига мен тағин эслатяпманки, у Таврот қонунини бутунлайин бажариши шарт.  Таврот қонуни орқали одил деб эълон қилинишга интилаётган сизлар ким бўлишингиздан қатъи назар, Масиҳдан айрилиб унинг иноятидан маҳрум бўлдингизлар.  Биз эса Тангрининг назарида одил бўлишимизни сабрсизлик билан кутяпмиз ва бунга фақат муқаддас руҳ ва имонимиз орқали етишиш мумкин.  Исо Масиҳ билан бирликда бўлганлар учун суннат ҳам, суннатсизлик ҳам ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, фақат муҳаббат орқали амал қилаётган ишончнинг аҳамияти бор.  Сизлар яхши югураётган эдингиз-ку. Бундан буён ҳам ҳақиқатга итоат қилишингизга сизларга ким халал берди?  Бундай эътиқодлар, сизларни даъват этган Худодан эмас.  Озгина хамиртуруш бутун хамирни ачитади. 10  Мен аминманки, Ҳазратимиз билан бирликда бўлган сизлар бошқача фикр юритмайсизлар, аммо сизларга қийинчилик туғдираётган, ким бўлишидан қатъи назар, ҳукмга мубтало бўлади. 11  Менга келсак, биродарлар, агар мен илгаригидек суннат қилиш кераклигини хабарлаганимда, унда қувғин қилинган бўлармидим? Ахир ўшанда азоб устуни* улар учун тўсиқ бўлмасди-ку. 12  Сизларни қулатмоқчи бўлганлар эса, менга деса, ўзларини бичишмайдими?! 13  Сиз биродарлар озодликка даъват этилгансизлар. Лекин бу озодликдан тана истакларини қондириш имконидек фойдаланманглар. Аксинча, бир-бирингизга севги билан хизмат қилинглар. 14  Бутун Таврот қонуни ушбу сўзларда ифодаланган: «Яқинингни ўзинг каби севгин». 15  Аммо сизлар бир-бирингизни тишлаб, ғажисангизлар, эҳтиёт бўлинглар, тағин бир-бирингизни еб битирманглар. 16  Сизларга айтяпман: муқаддас руҳга мувофиқ йўл тутинглар, шунда тана истакларини қондирмайсизлар. 17  Чунки тана ўз истаклари билан муқаддас руҳга, ушбу руҳ эса танага қаршидир. Улар бир-бирига қарама-қарши экан, сизлар истамаганингизни қиласизлар. 18  Агар муқаддас руҳга мувофиқ йўл тутсангизлар, унда Таврот қонунининг ҳукми остида эмассизлар. 19  Тана ишлари аниқ-равшандир: зино, ифлослик, ахлоқсиз хулқ, 20  бутпарастлик, сеҳр-жоду*, адоват, жанжалкашлик, рашк-ҳасад, дарғазаб бўлиш, талаш-тортиш, бўлинишлар, мазҳаблар, 21  ҳасад, ичкиликбозлик, айш-ишрат ва шуларга ўхшаган ишлар. Илгари огоҳлантирганимдай, яна огоҳлантиряпман: бундай ишларни қилувчилар Худонинг Шоҳлигида мерос олишмайди. 22  Муқаддас руҳнинг самараси эса — севги, севинч, тинчлик, узоқ сабрлилик, меҳрибонлик, ҳиммат, имон, 23  мулойимлик ва ўзини тута билишдир. Бу хислатларга қарши бирор қонун йўқ. 24  Бундан ташқари, Исо Масиҳга тегишли бўлганлар ўз танасини унинг эҳтиросу истаклари билан устунга михлашган. 25  Агар муқаддас руҳга яраша умр кечираётган бўлсак, унда келинг, шу руҳга кўра йўл тутайлик. 26  Манманлик қилмайлик, бир-биримизни рақобатга ундамайлик ва ҳасад қилмайлик.

Изоҳлар

Илованинг 10- мавзусига қ.
Луғатга қ.