Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Галатияликларга 3:1-29

3  Эй ақлсиз галатияликлар, ким сизларга бундай ёмон таъсир қилди? Ахир сизлар Исо Масиҳнинг устунга михланганини гўё ўз кўзларингиз билан кўргандай бўлгансиз-ку.  Фақат бир нарсани сизлардан билиб олмоқчиман: сизлар муқаддас руҳни Таврот қонунига риоя қилиш орқали олдингизми ёки эшитганингизга ишонч ҳосил қилганингиз орқалими?  Сизлар шунчалик бефаҳммисизлар? Муқаддас руҳга мувофиқ тарзда яшашдан бошлаб, танага мувофиқ тарзда яшаш билан якунламоқчимисизлар?  Бекорга шунча азобларни чекканмисизлар? Бекорга деб ўйламайман.  Сизларга муқаддас руҳни берувчи ва ораларингизда қудратли ишларни кўрсатувчи, буни Таврот қонунига риоя этиш туфайли қиладими ёки эшитганига ишонч ҳосил қилгани туфайлими?  Мана, Иброҳим ҳам «Яҳовага ишонди ва шунинг учун одил деб тан олинди».  Албатта сизларга маълумки, имонини маҳкам тутганлар — Иброҳим ўғилларидир.  Муқаддас Ёзувларда, Аллоҳ барча миллатлардан бўлган инсонларни имонлари туфайли одил, деб эълон қилишини олдиндан кўра билиб, Иброҳимга: «Сен орқали барча халқлар барака топади»,— деб хабар қилинган.  Шу сабабли, имонини маҳкам тутганлар ҳам Иброҳим билан бирга барака топишмоқда. 10  Таврот қонуни талаб қилган ишларга таянганларнинг барчаси лаънат остидадирлар. Зеро Муқаддас Ёзувларга биноан: «Кимки Қонун китобида ёзилганларнинг барига доимо риоя қилмаса, лаънати бўлсин». 11  Ҳеч ким Таврот қонуни орқали Тангрининг назарида одил деб эълон қилинмайди, чунки «одил киши имони туфайли яшайди». 12  Таврот қонуни эса имон билан боғлиқ эмас, аммо «амрларга риоя қилган киши улар туфайли яшайди». 13  Масиҳ тўлов бериб, Таврот қонунининг лаънатидан бизни озод қилди ва ўзи бизнинг ўрнимизга лаънати бўлди. Чунки Муқаддас Ёзувларга кўра: «Ёғочга осилган ҳар қандай киши лаънатидир». 14  Буларнинг бари, Иброҳимга ваъда қилинган баракалар Исо Масиҳ орқали бошқа халқларга ҳам ёйилиб, имонимиз туфайли ваъда этилган муқаддас руҳни олишимиз учун содир бўлди. 15  Биродарлар, инсонлар ҳаётидан бир мисол келтирай: аҳд инсонлар томонидан қилинса-да, уни ҳеч ким бекор этолмайди ва унга қўшимча ҳам киритолмайди. 16  Иброҳимга ва унинг зурриётига ваъдалар берилганди. «Зурриётларига» дея, кўпчилик ҳақида айтилмаган, аксинча, «сенинг зурриётингга бераман» деб, битта киши, яъни Масиҳ кўзда тутилган. 17  Шуни айтмоқчиманки, илгари Худо томонидан тасдиқланган аҳд, ундан тўрт юз ўттиз йил кейин пайдо бўлган Таврот қонуни томонидан бекор қилинмади ва берилган ваъдани йўққа чиқармади. 18  Агар мерос қонун бўйича берилса, унда у ваъда бўйича берилган бўлмайди. Аммо Худо меросни Иброҳимга ваъда орқали берган. 19  Унда Таврот қонуни нима учун берилган? Ваъдани олган зурриёт келмагунча, жиноятларни ошкор этиш учун, фаришталар орқали, воситачининг қўли билан берилган. 20  Фақат битта тараф бўлганда, воситачининг кераги бўлмайди. Аллоҳ эса танҳодир. 21  Ундай бўлса, Таврот қонуни Худонинг ваъдаларига қаршими? Асло! Борди-ю ҳаёт ато этадиган қонун берилганида эди, унда одиллик аслида қонунга риоя қилиш орқали эришиларди. 22  Исо Масиҳга бўлган ишончга асосланган ваъда, имони борларга берилиши учун, Муқаддас Ёзувлар ҳамма нарсани гуноҳга банди қилди. 23  Бироқ имон пайдо бўлишидан аввал, бизлар Таврот қонунининг бандиси эдик ва бу имон очилишини кутардик. 24  Шу йўсин Таврот қонуни, имон орқали одил деб эълон қилинишимиз учун, Масиҳга етаклайдиган тарбиячимиз бўлган. 25  Энди эса имон пайдо бўлганидан сўнг, биз тарбиячининг назорати остида эмасмиз. 26  Исо Масиҳга бўлган ишонч орқали, ҳаммаларингиз Худонинг ўғилларисиз. 27  Сувга чўмиб Масиҳ билан бирликда бўлган ҳаммаларингиз, Масиҳ сингари бўлдингизлар*. 28  Энди на яҳудий, на юнон, на қул, на озод, на эркак ва на аёл бор. Чунки ҳаммаларингиз Исо Масиҳ билан бирликдасизлар. 29  Агар Масиҳга тегишли бўлсангизлар, унда сизлар чинакамига Иброҳимнинг зурриёти, ваъдага кўра меросхўрсизлар.

Изоҳлар

Ёки «Масиҳга буркандингизлар».