Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ёқуб 5:1-20

5  Энди бўлса, сиз бойлар, қулоқ солинглар: бошингизга тушадиган қайғудан йиғлаб, фарёд қилинглар.  Сизларнинг бойлигингиз чириб, устки кийимларингизни куя еб кетди.  Олтину кумушингизни занг босди ва бу занг сизларга қарши гувоҳлик бериб, танангизни еб битиради. Аслида сизлар, охирзамонда олов бўладиган нарсаларни тўплагансизлар.  Мана, далаларингизда ҳосил йиққанларнинг тўланмаётган ҳақи фарёд қилмоқда. Ёрдам сўраётган ўроқчиларнинг фиғони самовий қўшинларнинг сарвари Яҳованинг қулоғига етиб борди.  Сизлар ер юзида дабдабали яшаб, айш-ишрат қилдингизлар. Юракларингиз ёғ босгунча семириб, сўйилиш кунига тайёр бўлдингизлар.  Одил инсонни ҳукм қилиб, ўлдирдиларинг. У сизларга қарши чиқмайди, деб ўйлаяпсизларми?  Биродарлар, Ҳазратимизнинг ҳозир бўлишига қадар чидаб туринглар. Ахир деҳқон ҳам ердан яхши ҳосил олиш учун, кузги ва баҳорги ёмғирни сабр-тоқат билан кутади-ку.  Шу сингари сизлар ҳам сабр-тоқат қилиб, қалбларингизни мустаҳкамланглар, чунки Ҳазратимизнинг ҳозир бўлиш куни яқинлашиб қолди.  Ҳукмга дучор бўлмаслик учун, биродарлар, бир-бирингиздан нолиманглар. Мана, Ҳукм қилувчи эшик олдида турибди. 10  Биродарлар, Яҳованинг номидан гапирган пайғамбарлардан ўрнак олинглар. Улар қийинчиликларни бошдан кечириб, сабр-тоқатли бўлишган. 11  Биз сабр-бардош қилганларни бахтиёр деб атаймиз. Сизлар Аюб пайғамбарнинг бардоши ҳақида эшитиб, оқибатда Яҳова уни қандай муборак қилганини кўргансизлар. Зеро Яҳова — меҳр-шафқатли, раҳмдил Худодир. 12  Аввало биродарлар, на осмон, на ер ва на бошқа нарса ҳаққи қасам ичинглар. Ҳукмга дучор бўлмаслик учун, «ҳа» деган сўзингиз «ҳа» бўлсин, «йўқ» деган сўзингиз «йўқ» бўлсин. 13  Орангизда кимдир қийинчиликларга дуч келяптими? Ибодат қилсин. Кимдир аъло кайфиятдами? Ҳамду сано куйласин. 14  Орангизда кимдир касалми*? Унда жамоат оқсоқолларини чақирсин. Улар эса Яҳованинг номидан бошига мой суртиб*, у учун ибодат қилишсин. 15  Ишонч билан қилинган ибодат касалга шифо беради ва Яҳова уни оёққа турғизади. Агарда гуноҳ қилган бўлса, гуноҳи кечирилади. 16  Шундай экан, соғайиб кетиш учун бир-бирингиз олдида гуноҳларингизни очиқ тан олиб, бир-бирингиз учун ибодат қилинглар. Одил кишининг илтижоси кучли таъсирга эга. 17  Илёс пайғамбар ҳам биз каби инсон эди. Аммо у ёмғир ёғмасин дея ибодат қилганида, ўша юртга уч йилу олти ой ёмғир ёғмаган. 18  У яна ибодат қилганида, осмондан ёмғир ёғиб, ер ҳосилини берган эди. 19  Биродарларим, орангиздан бирон кимни йўлдан оздиришса, бошқаси эса уни ҳақ йўлга қайтарса, 20  билингларки, гуноҳкорни хато йўлдан қайтарган киши унинг жонини асраб, кўп гуноҳларини қоплаган бўлади.

Изоҳлар

Яъни маънан касал.
Бу ерда Худонинг Каломини қўллаш назарда тутилган.