Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ёқуб 3:1-18

3  Биродарларим, Аллоҳ бошқалардан кўра бизни кўпроқ жавобгарликка тортишини биласизлар, шу боис ҳаммангиз ҳам муаллим бўлаверманглар.  Барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз*. Борди-ю, кимдир сўзида хато қилмаса, у бутун танасини жиловлай оладиган мукаммал инсондир.  Агар ўзимизга бўйсундириш учун отларнинг оғзига сувлуқ солсак, унинг бутун танасини бошқара оламиз.  Кемани оладиган бўлсак, у қанчалик катта бўлишига ва уни кучли шамол ҳайдаб туришига қарамай, кемачи кичик бир чамбарак билан уни истаган томонига йўналтира олади.  Худди шундай тил ҳам тананинг кичик аъзоси бўлса-да, ҳаддан ортиқ мақтанади. Қаранг, кичик бир учқун, катта ўрмонни ёндиришга қодир-а!  Ҳа, тил гўё оловдир. Тана аъзоларимиз ичида тил адолатсизликка тўла. Зеро у бутун танани булғайди ва жаҳаннамдан* алангаланиб, инсоннинг ҳаётини куйдириб йўқ қилади.  Ҳар турли ёввойи ҳайвонлар, қушлар, судралиб юрувчилару денгиз жониворлари одамзод томонидан бўйсундирилган ва бўйсундирилмоқда.  Аммо тилни ҳеч бир инсон тия олмайди. Ўлим заҳрини сочадиган бу тил, тўхтатиб бўлмайдиган ёвузликдир.  Тилимиз билан Отамиз Яҳовани улуғлаймиз, худди шу тилимиз билан «Худонинг суратига кўра» яратилган одамларни қарғаймиз. 10  Битта оғиздан ҳам улуғлаш, ҳам қарғиш чиқяпти-я. Азизларим, шу тариқа давом этиши яхши эмас. 11  Ахир битта булоқдан ҳам ширин, ҳам аччиқ сув оқиб чиқадими? 12  Биродарларим, анжир дарахти зайтун, ток новдаси эса анжир берадими? Шу сингари шўр сув, ширин сувга айлана олмайди-ку. 13  Орангизда доно ва идрокли киши ким? Буни, намунали хулқ-атворию доноликка хос мулойимлик ила қилган ишлари билан кўрсатсин. 14  Мабодо қалбингизда рашк-ҳасад ва жанжалкашлик бор бўлса, унда ўз донолигингиз билан мақтанманглар. Акс ҳолда, ёлғончи бўлиб қоласизлар. 15  Чунки бу юқоридан тушган донолик эмас, балки бу дунёга, инсонларга, жинларга хос доноликдир. 16  Негаки, қаерда ҳасадгўйлик ва жанжалкашлик бўлса, ўша ерда тартибсизлик ва ҳар қандай қабиҳлик бўлади. 17  Юқоридан тушган донолик эса биринчидан пок, иккинчидан тинчликпарвар, мулоҳазакор*, бўйсунувчан, раҳм-шафқатли ва яхши самараларга бой, беғараз ҳамда риёсиздир. 18  Адолат ҳосилини берадиган уруғ тинчликпарварлар орасида, яъни тинчлик бор жойда сепилади.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «қоқиниб турамиз».
Қуддус деворлари ташқарисидаги ахлат ёндириладиган жой. Илованинг 6- мавзусига қ.
Сўзма-сўз «ён берадиган».