Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ёқуб 2:1-26

2  Биродарларим, сизлар улуғвор Ҳазратимиз Исо Масиҳга ишониб туриб ҳам юзхотирчилик қиласизларми?  Зеро йиғилишингизга тилла узуклар таққан, башанг кийинган одам ҳамда кир кийимли камбағал одам келса,  сизлар башанг кийинган кишини яхши қаршилаб, унга: «Марҳамат қилиб, тўрга ўтиринг»,— десангиз, камбағал кишига эса: «Сен тикка туриб тур» ёки «Оёқларим остига* ўтир»,— деб айтсангиз,  одамларни тоифага ажратадиган, адолатсиз ҳакамларга ўхшаб қолмайсизларми?  Азиз биродарларим, қулоқ солинглар: ахир Аллоҳ бу дунёда камбағал ҳисобланганларни танлаб, имонда бойитмадими? Ўзини севганларга ваъда қилганидек, уларни шоҳликнинг меросхўрлари қилмадими?  Сизлар бўлса, камбағалга ҳурматсизлик кўрсатяпсизлар. Сизларга жабр-зулм ўтказаётган ва маҳкамаларга судраб бораётган бойлар эмасми?  Шунингдек, сизларга берилган улуғ номни ҳақоратлаётган улар эмасми?  Агар Муқаддас Ёзувлардаги: «Яқинингни ўзингни севгандай сев»,— деган шоҳнинг қонунига амал қилаётган бўлсангиз, жуда соз.  Бироқ юзхотирчилик қилишда давом этсангиз, гуноҳ қилган бўласизлар ва шу қонун сизларнинг жиноятчи эканингизни ошкор этади. 10  Биров Таврот қонунига тўлиқ амал қилса-ю, атиги битта талабини бузса, у бутун қонунни бузганликда айбдор ҳисобланади. 11  Негаки: «Зино қилма»,— деган Худо: «Қотиллик қилма»,— деб ҳам айтган. Демак, агар сен зино қилмасанг-у, қотиллик қилсанг, қонунни бузган бўласан. 12  Сизлар эркин халқнинг қонуни бўйича ҳукм қилинар экансиз, айтган гапингиз билан қилган ишингиз шунга мувофиқ бўлсин. 13  Кимки раҳм-шафқат кўрсатмаса, раҳм-шафқатсиз ҳукмга дучор бўлади. Чунки раҳм-шафқат ҳукмдан устун келади. 14  Эй биродарларим, агар биров имонли эканини айтса-ю, буни амалда кўрсатмаса, нима фойдаси бор? Бундай имон уни қутқара оладими? 15  Бирон-бир имондошингизнинг кийишга кийими, ейишга овқати бўлмаса-ю, 16  сизлардан кимдир унга: «Эсон-омон бориб, исининг ва қорнингизни тўйғазинг»,— деб, унга яшаш учун зарур бўлган нарсаларни бермаса, нима фойдаси бор? 17  Шундай қилиб, ишларсиз имон ўлик ҳисобланади. 18  Кимдир шундай дейиши мумкин: «Сенинг имонинг бор, менинг ишларим бор. Сен менга ишларсиз имонингни кўрсат, мен эса сенга ўз имонимни амалда кўрсатаман». 19  Сен ягона Аллоҳ борлигига ишонасанми? Жуда соз. Аммо бунга жинлар ҳам ишониб, даҳшатдан титраб туришади. 20  Эй ақлсиз инсон, ишларсиз имон бефойда эканини билиб қўйишни хоҳлайсанми? 21  Ахир бобокалонимиз Иброҳим, ўғли Исҳоқни қурбонгоҳ устига қўйганида, қилган иши учун одил деб тан олинган эмасмиди? 22  Кўриб турганингдек, унинг имони ишларига ҳамоҳанг эди ва ишлари орқали имони камол топган. 23  Шу тариқа, Муқаддас Ёзувлардаги: «Иброҳим Яҳовага ишонди ва шунинг учун одил деб тан олинди»,— деган сўзлар амалга ошиб, у «Яҳованинг дўсти*», деб аталди. 24  Кўриб турганингиздек, инсон одил деб тан олиниши учун имоннинг ўзи етарли эмас, ишлар ҳам керакдир. 25  Шу сингари, фоҳиша Раҳоба ҳам, айғоқчиларни* меҳмондўстлик билан қабул қилиб, сўнг уларни бошқа йўл билан кузатиб, ишлари туфайли одил деб тан олинган эмасмиди? 26  Чиндан ҳам, руҳсиз* тана ўлик бўлганидек, ишларсиз имон ҳам ўликдир.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «оёқ қўядиган курсим ёнига».
Ёки «Халилуллоҳ».
Сўзма-сўз «хабарчиларни».
Ёки «нафассиз». Юнонча пневма. Маъноси: ҳаётни таъминловчи куч.