Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ёқуб 1:1-27

1  Аллоҳнинг ҳамда Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг қули бўлмиш мен, Ёқубдан: Ҳар ёққа тарқаб кетган ўн икки қабилага салом!  Биродарларим, бошингизга тушаётган турли синовларни қувонч билан қабул қилинглар.  Билингларки, синалган имонингиз сабр-бардошни ҳосил қилади.  Ҳар томонлама етук, бекаму кўст ва бенуқсон бўлишингиз учун эса, сабр-бардош тўла самарасини кўрсатсин.  Агар орангиздаги бирор кишига донолик етишмаётган бўлса, ҳаммага саховат билан, таъна қилмасдан берадиган Худодан сўрасин. Шунда унга берилади.  Аммо у ишонч билан, асло шубҳаланмай сўрасин, боиси, шубҳаланаётган киши шамолда тебраниб, чайқалаётган денгиз тўлқинига ўхшайди.  Бундай киши Яҳовадан бирор нарса оламан, деб ўйламасин.  Чунки у барча тутган йўлида беқарор ва иккиланадиган одамдир.  Камбағал биродар юксалтирилганидан қувонсин. 10  Бой биродар эса пасайтирилганидан севинсин. Сабаби, бойлар даладаги гул каби сўлиб йўқ бўлади. 11  Қуёш чиқиб, жазирама бўлганида, ўсимлик қуриб, гули тўкилади-да, гўзаллиги йўқолади. Худди шундай бойнинг ҳаёт йўли ҳам хазон бўлади. 12  Синовларни сабр-тоқат билан бошдан кечираётган инсон бахтлидир. Зеро у Яҳованинг марҳаматига эга бўлиб, Уни севганларга ваъда қилган ҳаёт тожини олади. 13  Синовга дучор бўлганда, ҳеч ким: «Мени Худо синаяпти»,— деб айтмасин. Чунки Аллоҳни ҳеч ким ёмонлик билан синай олмайди, Ўзи ҳам ҳеч кимни ёмонлик билан синамайди. 14  Аксинча, ҳар ким ўз эҳтиросига берилиб, алданиб синовга дучор бўлади. 15  Сўнгра эҳтирос ҳомиладор бўлиб, гуноҳни туғади. Гуноҳ эса охир-оқибат ўлимга олиб келади. 16  Адашманглар, азиз биродарларим. 17  Яхши ва мукаммал ҳадяларнинг барчаси юқоридан келади. Боиси, улар самовий ёриткичларнинг Отаси, ўзгарувчан кўланка сингари ўзгармайдиган Тангридан келиб чиқади. 18  Унинг ижодлари ичида гўё биринчи ҳосилдек бўлишимиз учун, У Ўз иродаси бўйича, ҳақиқат каломи орқали бизларни танлади. 19  Эй азиз биродарларим, шуни билингларки, ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга ва ғазабланишга эса шошилмасин. 20  Чунки ғазабга бериладиган одам, Аллоҳ талаб этган адолатга мувофиқ йўл тута олмайди. 21  Шундай экан, ҳар қандай ифлосликдан покланиб, ортиқча нарсадан — ёмонликдан фориғ бўлинглар ва жонларингизни қутқара оладиган каломнинг ичингизга экилишини мулойимлик билан қабул қилинглар. 22  Ҳақиқатга зид фикрлар билан ўзингизни алдаманглар. Худо каломининг тингловчиларигина эмас, балки бажарувчилари ҳам бўлинглар. 23  Агар бирор киши каломни тинглаб, бажармаса, у кўзгуда юзининг асл ҳолини кўрган одамга ўхшайди: 24  у ўзига қарайди-ю, лекин кетиши биланоқ ўзининг қандай эканини унутиб қўяди. 25  Аммо ким эркинлик бахш этувчи мукаммал қонунга диққат билан қараб, унга қаттиқ амал қилса, у унутувчан тингловчи эмас, бажарувчи бўлиб, қилган ишидан бахтиёр бўлади. 26  Агар бирор ким Аллоҳга тўғри топиняпман деб ўйласа-ю, аммо тилини тиймаса, у ўзини ўзи* алдаган бўлади ва унинг топиниши бефойдадир. 27  Отамиз Худонинг назарида тоза ва бенуқсон топиниш, қайғу чекаётган етим-есирларга ғамхўрлик қилишдан ҳамда дунёда ўзини пок сақлашдан иборатдир.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «ўз қалбини».